"Тожикистонликлар ЎЭҲ баёнотларини жиддий қабул қилмайдилар"

Тожик Алюминий Заводи

Сурат манбаси, BBC World Service

Сурат тагсўзи, Тожик Алюминий Заводи мамлакат экспорт даромадининг 75 % етказиб беради

Дунёдаги энг йирик алюминий заводига эгалик қилувчи Тожикистоннинг ТАЛКО давлат ширкати заводнинг атроф-муҳитга зарар етказаётгани ҳақидаги Ўзбекистон Экологик Ҳаракатининг даъволарини "сиёсийлашган" дея рад этган.

Аввалроқ Ўзбекистон Экологик Ҳаракати (ЎЭҲ) ТАЛКОга қарашли алюминий заводидан кўп йиллардан буён "минтақа атроф-муҳити ва аҳоли саломатлигига етказаётган зарари учун" товон пули ундириш мақсадида халқаро маҳкамага ариза ҳозирлаётганини маълум қилганди.

ЎЭҲ чиқарган баёнотда даъво қилинишича¸ алюминий заводи икки мамлакат аҳолиси саломатлигига еткизган зиëни учун товон пули тўлаши лозим.

Бироқ, ЎЭҲ баёнотига жавоб берган ТАЛКО ширкатининг сўзчиси Игорь Сатторов маҳкамага ариза беришдан аввал ўзбек экологлари етказилган зарар миқдорини аниқлашлари зарурлигини айтган.

ЎЭҲ ўз аризаси учун БМТ Атроф-Муҳит Агентлиги ҳозирлаган сўнгги ҳисоботни асос қилиб олганини билдирганди.

ЎЭҲнинг таъкидлашича, Тожикистондаги алюминий заводи чиқараётган 22 минг тоннадан ортиқ модданинг 120 тоннаси инсон саломатлиги ва табиат кушандаси саналган фторли водород ҳисобланади. "Заҳарли чиқиндиларнинг атроф-муҳитга чиқарилишидан энг кўп 600 минг аҳоли яшаëтган Сурхондарë туманлари зиëн кўрмоқда¸" - дейилади Ўзбекистон Экологик Ҳаракати тарқатган баёнотда.

Тожик Алюминий Заводи (ТАЛКО) йилига 517 минг тонна алюминий ишлаб чиқаради.

Завод Тожикистоннинг Ўзбекистон чегарасига яқин Турсунзода шаҳрида жойлашган.

Ушбу завод Тожикистон валюта даромадининг тўртдан уч қисмини ташкил этади.

Хўш, оддий тожикистонликлар Ўзбекистон Экологик Ҳаракатининг Тожик Алюминий Заводини халқаро маҳкамага бериш ҳақидаги баёнотини қандай қарши олди?

Би-би-си ушбу савол билан тожик журналисти Зафар Сўфийга боғланди.