Ўзбекистонда маҳаллийчилик: ижтимоий иллатми ёки сиёсий қудрат воситаси?

Ўзбекистон телевидениесининг тўрт кундан буён очлик қилаётган собик журналистлари Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Амоновалар давлат телевидениесидаги маҳаллийчиликдан шикоят қилиб келишади.

Уларга кўра, маҳаллийчилик телевидениеда цензуранинг кучайиши ва коррупциянинг авж олишига олиб келган.

Телевидение раҳбарияти ушбу даъволарни рад этади, аммо Би-би-си суҳбатлашган бошқа журналистлар ҳам сўнгги пайтларда маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик журналистларнинг фаолиятига жиддий тўсиқ бўлаётганини эътироф этадилар.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Ўзбекистон шароитида маҳаллийчилик ҳақида очиқ гапириш сиёсий рискларни кучайтирадиган омил ҳисобланади.

Унинг сўзларига кўра, маҳаллийчилик катта таъсирга эга, аммо давлат бошқарувида иштирок этадиган кланлар маҳаллий ёки минтақавий мансублилига қараб эмас, балки кўпроқ манфаатлар асосида бирлашган.

"Бу кланларни тўлиқ маҳаллий деб бўлмайди, чунки уларда ҳар-хил минтақалардан инсонлар иштирок этишади. Уларнинг мақсади заҳираларни бўлишда иштирок этиш", дейди Камолиддин Раббимов.

Унинг айтишича, бу кланлар Президент атрофидаги қудратли шахслар томонидан бошқарилса-да, уларнинг Президентга таъсири чекланган.

"Каримов кланларни бошқаради ва ўзи кланларга қўшилмайди. Унинг ўзи гарчи самарқандлик бўлса-да, биронта кланни бошқасига алмаштириб юбормайди. Каримов "бўл ва бошқар" деган тамойил асосида бу кланлар ўртасида мувозанат сақлаб туради. У ҳокимият бошқарувида кланлардан усталик билан фойдаланади",- дейди Камолиддин Раббимов.