Мирзиёев маслаҳатчиси Қуронбоевнинг қайси гапи рост?
Президент маслаҳатчиси ва Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев водийда келин куёвни таксига ўтиргизгани борасида икки хил гапирди. Ёшлар иттифоқи матбуот котиби Нодир Абдуқодиров Қуронбоевнинг бир-бирига зид келувчи гапларида мажозий маъно борлигини айтди.
5 июн куни журналистлар билан учрашган Қуронбоев водийда келин-куёв кортежини тўхтатиб уларни таксига ўтқазиб юборгани ва қолган машиналарни ҳибсга олдирганини айтганди.
Ёшлар иттифоқи раисининг бу ҳаракати ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлгач, у кун.уз журналистига бу борада алоҳида интервью берди.
Бу сафар у келин куёвни таксига ўтқазиб юбордим, деган гапидан тонди ва улар ўз машинасида йўлида давом этганини билдирди.
Матбуот анжуманида ҳибсга олган қолган машина соҳиблари билан қонун доирасида муҳокама қилиш масаласи кўтарилганини айтди.
Ёшлар иттифоқи матбуот котиби Нодир Абдуқодиров Қаҳрамон Қуронбоевнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиб келин-куёв машиналарини тўхтатишга қуйидаги изоҳни берди.
"Қайсидир бемор ҳушидан кетиб қолса, унга биринчи ёрдамни бериш учун сизда ваколат бўлиши шарт эмас. Келин-куёвнинг ҳаёти хавф остида эмас эди. Балки келин-куёвнинг атрофида юрган кортеж пиёдаларнинг ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган ҳодиса эди у. Кортежни ДАН ходими тўхтатган. Қаҳрамон Қуронбоев уларга ишора қилган, бу тўғрими, деганда, улар ўз вазифасини бажариш мақсадида кортеж тўхтатилган", дейди Нодир Абдуқодиров.
Қаҳрамон Қуронбоев Наманганда ёш-келин куёвни кортеждан тушириб таксига ўтқазиб юбориши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин норозилигига сабаб бўлган.
Кун.уз нашри мухбири Азиз Қаршиев "Ёшлар иттифоқининг йўлтўсар раисидан ўзбекистонлик ёшлар истеъфо сўрайди" номли мақола ёзди.
Унда Қаҳрамон Қуронбоевнинг гапларига нисбатан интернетдаги ёшларнинг муносабати акс эттирилганди.
Норози қатлам Қуронбоевнинг Facebookдаги саҳифасига кириб унинг фаолиятига 1 баҳо қўйишган. Натижаданинг Ёшлар етакчисининг Facebook саҳифаси рейтинги тушиб кетди.
Шундан сўнг асосан Ёшлар иттфоқи аъзолари ва етакчилари бўлган ёшлар томонидан журналистнинг шахсига нисбатан қораловчи постлар қолдирила бошланди.
Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, Ёшлар иттифоқи ўз аъзоларидан Қаҳрамон Қуронбев саҳифасига кириб унга 5 юлдузча босиш ва qarshiev_out, яъни Қаршиев кетсин ҳэштеги билан изоҳ қолдиришни талаб қилган.
Натижада бу ҳэштег билан кўплаб изоҳлар қолдирилди.
Уларнинг айримлари журналистни хиёнотда айблаган.
Ёшлар иттифоқи матбуот котиби Нодир Абдуқодиров Қаршиевнинг кетишини талаб қилувчи изоҳларни ёзиш Марказий кенгаш томонидан буюрилмаганини айтди. Бироқ у бу каби ташаббус қуйи поғонадаги етакчилардан чиққан бўлиши мумкинлигини ҳам билдирди.
Тортишувлардан сўнг Нодир Абдуқодиров Қуронбоевнинг Facebook даги саҳфиасидан изоҳ қолдириш ва баҳо қўйиш функциясини ўчириб қўйганини таъкидлади.
- BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek