Равшан Эрматов бешинчи бор “Осиёнинг энг зўр ҳаками” деб топилди

Равшан Ирматов ватанида

Сурат манбаси, www.uff.com

Сурат тагсўзи, Равшан Ирматов ватанида

Ўзбекистонлик таниқли ФИФА рефериси бундан аввал 2008, 2009, 2010, 2011 йилларда кетма-кет тўрт маротаба ушбу шарафга нойил, деб топилганди.

Осиё Футбол Конфедерацияси таснифидаги йил лауреатларини тақдирлаш маросими 30 ноябр куни Филиппин пойтахти Манила шаҳрида бўлиб ўтди.

Худди шу куни ташкилот ўзининг 60 йиллик юбилейини ҳам нишонлади.

“Осиёнинг энг зўр ҳаками” мақомига бу йил Равшан Эрматовдан ташқари эронлик ҳакам Муҳаммад Алиреза Фагхани ва баҳрайнлик Наваф Абдулла Хайат Шукраллалар ҳам даъвогарлик қилишганди.

Ўзбекистонлик номдор ҳакамга мукофотни Осиё Футбол Конфедерацияси вице-президенти Дато Ворави Макуди топширган.

Бунинг ортидан сўз олган Равшан Эрматов, “мукофот ёлғиз ўзи эмас, устодлари, йўриқчилари, ҳамкасблари, ёрдамчилари, кимки ўзини қўллаб-қувватлаган бўлса, улар барчасиники” эканини айтган.

“Ҳакамнинг тўғри қарори футболни янада чиройли ва жозибали қилади. Худди шу боисдан ҳам, бугун ҳакамларнинг тутган ўрни жуда муҳим”, - деб таъкидлаган ўзбекистонлик ҳакам.

Равшан Эрматов шундоқ ҳам жаҳоннинг энг номдор ҳакамларидан бири саналади.

У футбол бўйича сўнгги икки жаҳон чемпионатида бошқарган жаъми (9 та) учрашувларининг сони бўйича шу йил ёзида Бразилияда ўзига хос жаҳон рекорди ҳам ўрнатган.

Равшан Эрматов жаҳон чемпионатларидан ташқари, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари, Конфедерация Кубоги, Осиё Футбол Конфедерацияси мусобақалари ва Осиё Чемпионлар лигаси финал учрашувларини бошқарган.

Яқинда эса, Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети Равшан Эрматовни “Фахрий профессор”лик унвони билан ҳам тақдирлади.

Равшан Эрматов “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий нишони соҳиби ҳам саналади.

Бутун собиқ Шўро давлатлари назарда тутилганда, Равшан Эрматов Ҳиндистон тарихида бу йил илк бор йўлга қўйилган Суперлигага таклиф этилган ҳозирча ягона ҳакам ҳам бўлади.

Ўзбекистонлик номдор ҳакам тез орада футбол бўйича 2015 йилги Осиё Кубогида ишлаш учун Австралияга жўнаб кетади.

Қолган номинацияларда эса:

“Осиё олмоси” — Япония Футбол Уюшмаси собиқ президенти Жунжи Огура.

“Осиё орзуси” — Қатар Футбол Уюшмаси.

Энг яхши футбол уюшмаси — турли йўналишларда Япония, Шимолий Корея ва Қирғизистон футбол федерациялари.

Энг яхши терма жамоа — Фаластин.

“Fair Play” (Ҳалол ўйин) — Корея Футбол ассоциацияси.

Болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш бўйича ОФК Президентининг махсус соврини - Ҳиндистон, Филиппин ва Тожикистон.

Йилнинг энг яхши ҳаками (эркаклар) - Равшан Эрматов (Ўзбекистон)

Йилнинг энг яхши ҳаками (аёллар) - Рита Гани (Малайзия)

Йилнинг энг яхши мураббийи (эркаклар) - Тони Попович (“Вестерн Сидней Уондерерз”, Австралия)

Йилнинг энг яхши аёл мураббийи - Асако Такемото (Япония)

Йилнинг энг яхши аёл футболчиси - Катрина Ли Горри (Австралия)

Йилнинг энг яхши футболчиси (эркаклар) - Носир Ал Шамроний (“Ал Ҳилол”, Саудия Арабистони)

Хорижда тўп сураётган энг яхши осиёлик ўйинчи - Майл Йединак (Австралия, “Кристал Пэлас”)

Осиёда тўп сураётган энг яхши хорижлик ўйинчи - (Асамоа Гьян, “Ал Айн”)

Йилнинг энг яхши футбол клуби – “Вестерн Сидней Уондерерз” (Австралия)

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002