Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 25 Январь, 2008 - Published 13:06 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
АҚШ-Ўзбекистон: муносабатлар илиқлашмоқдами?
Жаноб Феллоннинг Ўзбекистонга ташрифи нимани англатади?
Жаноб Феллоннинг Ўзбекистонга ташрифи нимани англатади?
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов АҚШ марказий кучлари қумондони, адмирал Уилям Феллоннинг Ўзбекистонга ташрифини “икки давлат муносабатларидаги муҳим воқеа,” деб атаган.
Жаноб Каримовнинг кеча Америка ҳарбийлари Ўзбекистондан чиқариб юборилганидан буён илк бор мамлакатга ташриф буюрган АҚШ ҳарбий мулозими билан нималарни муҳокама қилгани номаълум. Аммо ташрифнинг ўзи икки давлат ўртасида Андижон воқеаларидан сўнг узилган алоқаларнинг қайта тикланаётгани белгиси сифатида кўрилмоқда. Би-би-си Ўзбек Хизмати Москвадаги АҚШ ва Канада тадқиқотлари институти раҳбарининг ўринбосари Виктор Кременюкдан айни ташрифнинг аҳамияти ҳақида сўраган:

Виктор Кременюк: Биласизми, бу ташриф мени ҳайратга солгани йўқ. Америкаликлар ўзларининг Марказий Осиёдаги сиёсатларини жуда ҳам синчковлик билан олиб боришаяпти ва улар минтақага қиска муддатли манфаатларни ўйлаб келишган эмас, балки узоқ муддатга, мустаҳкам ўрнашиб олиш ҳаракатидалар. Улар минтақанинг алоҳида давлатларида ўзларининг доимий ҳарбий базаларига эга бўлишни исташади. Ўзбекистонда Америка базаси бор эди, аммо Андижондаги воқеалардан сўнг улар бу базадан маҳрум бўлишди. Лекин бу билан Американинг Ўзбекистон ва минтақага қизиқиши йўқолиб қолгани йўқ.

Би-би-си: Сизнингча, Американинг Ўзбекистонга қизиқиши фақат ҳарбий манфаатлар билан боғлиқми?

Виктор Кременюк: Йўқ, нима учун фақат ҳарбий манфаатлар бўларкан? Американинг бу минтақада улкан гео-сиёсий манфаатлари ҳам бор. Марказий Осиё жуда ҳам беқарор, хавфли минтақа. Афғонистонни оласизми ёки исён кўтариб ётган Покистонни оласизми, бу минтақани эътиборсиз қолдириш ҳеч ҳам мумкин эмас. Шунинг учун Америкага Марказий Осиёда ўз иштирокини сақлаб туриш ва минтақани назорат қилишга ёрдам берадиган алоқаларга эга бўлиш жуда ҳам муҳим.

Би-би-си: Америка Ўзбекистондаги ҳарбий базасини қайта тиклаши мумкинми?

Виктор Кременюк: Нима учун мумкин бўлмасин? База аввал бор эди, яна бўлиши мумкин. Бунинг учун Вашингтон Тошкент билан қандайдир алоҳида келишувларга бориши мумкин. Чунки Америка Қўшма Штатларига шундай база керак. Албатта, қандайдир шартлар илгари сурилиши мумкин. Қолаверса, Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан сўнг бирон жиддий зўравонлик содир бўлгани йўқ ва президент Каримов ҳам анчайин тинчликсевар бўлиб қолган. Шунинг учун, менимча, Америка ҳарбий базасининг қайта тикланиши бор-йўғи техник масала, холос.

Би-би-си: Сизнингча, Ўзбекистон президенти Америка ҳарбий базасининг қайта очилиши учун қандай шартларни илгари суриши мумкин?

Виктор Кременюк: Ўзбекистон президентининг қандай шартларни илгари суриши аниқ, яъни Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмаслик, Ўзбекистонда нималар бўлаётгани юзасидан шарх бермаслик ва умуман, Ўзбекистонда ҳамма нарса гўзал ва Американинг бундан рози эканини кўрсатиш. Мен Каримов бундан бошқа нарсани хоҳлайди, деб ўйламайман. Америкаликлар эса, бунга рози бўлишлари мумкин, албатта, қандайдир ҳолатларни истисно қилган ҳолда. Чунки дейлик, агар Ўзбекистонда яна қуролсиз намойишчилар ўққа тутиладиган бўлса, Америка бунга кўз юмиб туролмайди. Бу ерда гап қандайдир қоидалар ҳақида кетаяпти.

Би-би-си: Россия бу муносабатларга қандай қарайди? Баъзи таҳлилчиларга кўра, Ислом Каримов Америка ва Оврўпо билан муносабатлардан Россияга босим ўтказишда фойдаланиши мумкин...

Виктор Кременюк: Биласизми, бу кўп жиҳатдан Россия ва Американинг муносабатларига боғлиқ. Агар Россиянинг Америка билан муносабатлари яхшиланадиган бўлса, Москвага Ўзбекистон президентининг Америка билан нима қилаётганининг умуман қизиғи йўқ. Аммо Вашингтон билан алоқалар ўлда-жўлда ва рақобат давом этаверса, у ҳолда президент Каримов бу икки давлатни бир-бирига қарши ишлатишга ҳаракат қилиши мумкин. Аммо шунда ҳам у бирон бир нарсага эришади, деб ўйламайман.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy