|
Оврўпо ва Ўзбекистон: жазо чоралари юмшамоқдами? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Кристина Галлакнинг айтишича, барча аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари томонидан олинган ушбу қарор Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларининг енгиллатилганини англатмайди. Душанба куни Оврўпо Иттифоқи Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган жазо чораларини сақлаб қолган, аммо айни воқеалар учун масъул, деб билинган ва Оврўпога сафар қилиши тақиқланган мулозимлар рўйхатини тўрт кишига камайтирган эди. 12 кишилик ушбу рўйхатдан олиб ташланганлар орасида Ўзбекистоннинг собиқ мудофаа вазири Қодир Ғуломов ҳамда Андижон вилоятининг собиқ ҳокими Сайдулло Бегалиевлар бор. Рўйхат бошида ҳануз Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматовнинг исми-шарифи турибди. Би-би-си Оврўпо Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича комиссари матбуот котибаси Кристина Галлакдан Оврўпо Иттифоқининг "қора рўйхати"ни қисқартириш қарори ортида қандай сабаблар тургани ҳақида сўраган. Кристина Галлак: Кеча Оврўпо Иттифоқининг барча ташқи ишлар вазирлари бир овоздан жазо чораларини сақлаб қолиш учун овоз беришди. Шунингдек, Оврўпога киришлари тақиқланган ўзбек мулозимларининг сони ўн иккитадан тўрттага камайтирилди. Қурол-яроғ эмбаргоси сақлаб қолинди ва Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотлар даражасига оид чекловлар сақлаб қолинди. Кўраётганингиздек, биз Ўзбекистон билан мулоқотга тайёрлигимизни изҳор қилиш билан бирга, Ўзбекистон ҳукуматига вазиятни яхшилаш учун қўлидан келган барча ҳаракатларни қилмаётганини ҳам айтаяпмиз. Би-би-си: Оврўпога сафар қилиши тақиқланганлар рўйхатидан олиб ташланган тўрт мулозим энди Оврўпо давлатларига бемалол сафар қила оладилар, деганими бу? Кристина Галлак: Виза тақиқидан олиб ташланган тўрт мулозим, шубҳасиз, энди Оврўпо давлатларига сафар қилиш учун виза олиш имконига эга бўладилар. Аммо рўйхатда қолаётганлар ҳануз бу имкондан маҳрумлар. Биз янги рўйхатни барча аъзо давлатларга тақдим этдик. Би-би-си: Аммо бу тўрт киши ким ва улар нима учун рўйхатдан олиб ташланди? Кристина Галлак: Мен ҳозир бу тўрт киши ҳақида батафсил маълумот бера олмайман. Менинг тушунишимча, рўйхатдан олиб ташланган тўрт кишидан камида учтаси ҳозирда ҳеч қандай расмий лавозимни эгалламаган шахслардир. Би-би-си: Бу, Сизнинг назарингизда, Ўзбекистон ҳукуматига қандай ишора беради? Кристина Галлак: Бу биз ўзбек ҳукумати қўяётган қадамлардан қониқмаганимизни англатади. Аммо шу билан бирга баъзи соҳаларда олдинга силжишни ҳам кўраяпмиз. Булар Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари юзасидан доимий мулоқотни бошлагани ва баъзи халқаро ташкилотлар, масалан, Халқаро Қизил Хоч ташкилоти билан яқин ҳамкорликнинг йўлга қўйилаётгани. Жазо чоралари борасида қарор берарканмиз, биз барча жиҳатларни инобатга олдик. Яъни, бир томондан, ўзбек томонининг ҳамкорликка тайёрлиги инобатга олинган, иккинчи томондан эса, Ўзбекистондаги жорий вазиятдан қониқмаётганимиз ўз аксини топган бу жазо чораларида. | ИЧКИ САҲИФАЛАР Ўзбекистонга қарши жазо чоралари кучда қолдирилди14 Май, 2007 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||