Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 12 Феврал, 2007 - Published 16:48 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Туркманистонда ислоҳотлар умиди
Туркман расмийлари сайловларни демократия томон қадам, деб аташган
Туркманистонда ўтган президентлик сайловларида овозларни санаш жараёни давом этмоқда. Сайловларнинг расмий натижаси чоршанба куни эълон қилиниши кутилаётир.

Туркман расмийлари сайловларни "демократия томон қўйилган қадам" деб аташган.

Аммо баъзи кузатувчилар овоз бериш жараёнларини муваққат Президент Қурбонқули Бердимуҳамедовни қонунийлаштириш мақсадида уюштирилган "томоша" дея танқид қилганлар.

Жаноб Бердимуҳамедов сайловларнинг ғолиби деб эълон қилиниши кутилаётир.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти якшанба кунги сайловлардан сўнг Туркманистон билан мулоқотнинг тезлашишига умид билдирган.

Ташкилотга кўра, бу мулоқот президент сайловлари, демократия ва қонун устиворлиги сингари масалаларни ўз ичига олиши керак.

'Миллий байрам'

Сайлов мулозимларига кўра, якшанба кунги овоз бериш жараёнларида сайловчиларнинг 98.65 фоизи иштирок этган.

Туркманистоннинг давлат хабар агентлиги сайловларни "туркманларнинг етуклигини намойиш этган ҳаққоний миллий байрам" деб таърифлаган.

Жаноб Бердимуҳамедовнинг сайловларда ғолиб чиқишига шубҳа йўқ
Жаноб Бердимуҳамедов ва унинг беш рақиби Туркманистондаги ягона сиёсий партия аъзолари ва ҳукумат мулозимларидир.

Уларнинг номзоди мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи органи-Халқ маслаҳати томонидан кўрсатилган.

Халқ маслаҳати чоршанба куни ғолибни эълон қилиш учун тўпланади.

Сайловларда на Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ва на МДҲ давлатларидан кузатувчилар иштирок этмаган.

Сайловлардан четлатилган мухолифат унинг натижаларини тан олмаслигини айтган.

Сайловларни кузатиш учун Туркманистонга сафар қилишни истаган журналистларга виза берилмаган.

Ашхободда бўлган ғарблик ягона журналист, Рейтер агентлиги мухбири Майкл Стиннинг Би-би-сига айтишича, сайлов жараёнини кузатиш қизиқ бўлган.

"Аксар сайловчилар овоз бериш варақаларини буклаш кераклигини ҳам билмасдилар. Ўша букланмаган варақаларнинг кўпчилигида Бердимуҳамедов исми белгиланганини кўрдим, " - дейди Рейтер агентлиги мухбири.

Ўзгаришлар умиди

Сапармурод Ниёзовнинг 21 йиллик бошқарувидан сўнг Туркманистонда, ниҳоят, ислоҳотларнинг бошланишига умидлар пайдо бўлган.

Душанба куни туркман расмийлари Ашхободда давлат томонидан молияланадиган биринчи интернет кафенинг очилишини маълум қилишган.

Сайловларда ғолиб чиқиши кутилаётган Қурбонқули Бердимуҳамедов аввалароқ таълим ва соғлиқ тизимида ислоҳотлар ўтказишига ишора этган эди.

У, шунингдек, интернетнинг аҳамияти ҳақида ҳам гапирган.

Аммо жаноб Бердимуҳамедов ҳозирга қадар сиёсий ислоҳотлар ҳақида ҳеч нарса демаган.

ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy