|
Туркманистонда президентлик сайловлари | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Ушбу сайловлар Туркманистонни яккаҳукмронлик билан бошқарган Сапармурод Ниёзов ўлимидан кейин мамлакатга сиёсий юмшашни келтиради, дея умид қилинмоқда. Марказий Осиёнинг газ заҳираларига бой ушбу мамлакатида ўтаётган сайловларда олти номзод иштирок этди. Сўровларга биноан, номзодлар орасида муваққат президент Қурбонқули Бердимуҳамедовнинг ғалабага эришиш имконияти кўп, деб кўрилмоқда. Ҳукумат хорижда сиёсий бошпана топган мухолиф сиёсатчиларнинг сайловларда иштирок этишини тақиқлаган, бу халқаро миқёсда танқидларга сабаб бўлди. Туркманистонни 21 йил мобайнида бошқарган Сапармурод Ниёзов ўтган йили декабрида оламдан ўтди. Ўзгаришларга умидлар Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8 да очилган, сайловчилар соат 18 гача овоз беришда қатнашганлар. Президентликка номзоди илгари сурилган олти номзод ҳам Туркманистондаги ягона партия аъзоларидир.
Ҳатто марказий сайлов комиссиясининг раҳбари жаноб Бердимуҳамедовнинг ғалабаси учун интилишлари тўғрисида очиқ эълон қилди, деб хабар қилади мухбиримиз. Рейтер ахборот агентлиги хабар беришича, овоз беришга борган оддий туркманистонликлардан бири "биз дастурлар учун овоз бермаймиз, дастурларнинг ҳаммаси бир хил", деб айтган. "Номзодлардан қайси бири пенсияларни тўлашга ваъда берди. Мен ўша номзодга овоз бераман", деб айтган ёши 50 лар атрофида бўлган рус аёли. Президентлик сайловларида иштирок этаётган барча номзодлар сингари Қурбонқули Бердимуҳамедов ҳам Сапармурод Ниёзов сиёсатига содиқ қолишини эълон қилган. Бироқ у барчага интернетдан фойдаланишларига имконият яратиш, маориф тизимини яхшилаш ва юқори пенсиялар тўлашга ваъда ҳам берди. Туркманистоннинг беш миллионлик аҳолисининг атиги 1 фоизи интернетдан фойдаланолади, таълим тизими ҳам Сапармурод Ниёзовнинг "Руҳнома" асарига асосланган, деб хабар қилади Би-би-си мухбири. Йигирма йил мобайнида дунёнинг энг ихоталанган ва репрессив ҳукумати қўли остида яшаган туркманистонликлар овоз беришга боришаркан, ушбу сайловларни зарур ўзгаришларнинг дастлабки қадами сифатида кўрмоқдалар. Расмийлар овоз берилган кун якунида мамлакатдаги жами сайловчиларнинг 98 фоиздан ортиғи овоз беришда иштирок этганини эълон қилганлар. Туркманистондаги сайловлар натижаларининг чоршанба куни эълон қилиниши кутилмоқда. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||