Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 15 Декабр, 2006 - Published 12:26 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Бишкек минтақанинг бош бозорига айланмоқдами?

"Дордой" бозори
Бишкекнинг каттараётган бозорларида Хитойдан келтирилган моллар минтақанинг бошқа мамлакатларига оширилади
Шўролар даврида Бишкек шаҳри йирик минтақавий аҳамиятга молик эмасди. Аммо мустақиллик йиллари бу шаҳар минтақа кичик тожирлари бош урадиган "саждагоҳ"га айланди.

Сабаби - 70 йил давомида унутилган қадимий Буюк Ипак Йўли бўйлаб Хитой билан чегараларнинг очилиши Бишкек бозорларида улгуржи савдони кучайтирди.

Бунинг устига, азалдан минтақавий савдо маркази бўлиб келган Ўзбекистонда кичик тожирлар ва савдогарларга қўйилган чекловлар ҳам хорижий, ҳам маҳаллий тожирларни Бишкекка юзлантирди.

Ҳали ўспиринлигида Шинжоннинг Қошғар шаҳридан Тошкентга келиб, тожир акасига ёрдам бериб юрган 23 яшар Абдували ҳозир Бишкекнинг "Мадина" бозорида ўз растасига эга.

90-йиллари ўзбек ҳукуматининг чекловлари туфайли Тошкент "Отчопари"дан кетиб қолган уйғурлар Бишкекка келиб, махсус улгуржи бозор очишганди. Ҳозирда бу каби бозорлар сони ўсмоқда.

Бошқа тарафдан, четдан келадиган моллар учун катта бож олмайдиган Қирғизистондаги шароитлар, шинжонлик улгуржи тожирлар учун айни муддао ҳам эди.

Аммо бу - ҳали ҳикоянинг бир жиҳати.

"Отанг бозор, онанг бозор.."

Сўнгги йиллари нафақат ўзбеклару тожиклар, ҳатто кўплаб қозоқлару туркманлар ҳам Бишкек бозорларига қатнайдиган бўлдилар.

"Бишкекда сени милиция қувмайди, солиқлар катта эмас, бир куни ўзбеклар келишса, бошқа куни қозоқлар ва ё руслар келиб молларимизни улгуржи нархларда сотиб олишади" - дейишади уйғур тожирлари.

Минг йиллар давомида ўз юртларидан ўтган Буюк Ипак Йўлидан деярли фойдаланмаган кўчманчи қирғизлар бугун ана шу йўлдан манфаат кўра бошлашди.

Оталардан мерос ҳунар, дея бир чорвага, бир зироатга қўл уриб кўрган узоқ қишлоқлик Ботир ака йиққан-терганини белига тугиб, Бишкекка келади ва бозордан раста олади.

Қозоғистонлик тожир аёл
Хитойга чегарадош Қозоғистон жанубидагилар учун ҳам Бишкек бозорлари ўнғайроқ

"Ҳозирда Шинжондан мол келтириб, Бишкекда сотаман. Болаларимни олий ўқув юртларида ўқитяпман.Контракт пулларини тўлаяпман. Бишкекдан уй ҳам олдик" - деб айтади узоқ қишлоқдаги анъанавий ҳаётини бозор шовқинларига алмаштирган суҳбатдошимиз.

Ботир ака каби ўзини бозорга урганлар бутун собиқ СССР ҳудудларида озмунча эмас.

Аммо бу иш билан қаддини тутиб олаётганлар ҳамма ерда ҳам топилавермайди.

Бироқ Ботир ака каби 5-10 йил нари-берисида оёққа туриб, уй солган, ўғил-қизларининг ўқиш пулларини қийналмай тўлаётганини айтган тожирларни Бишкекда кўплаб учратдик.

Минтақанинг бошқа давлатлари, хусусан, аҳолиси энг кўп Ўзбекистон билан солиштирганда, Қирғизистонда кичик тожирлик ва савдо-сотиқ учун чекловлар йўқ, дейиш мумкин.

"Аввало, бож тўловлари жуда паст, иккинчидан, назоратчи идоралар олдингга келавериб, бошингни қотиришмайди" - дейишади тужжорлар.

Буюк Ипак йўли
Минг йиллар давомида қирғизлар ҳаётида катта ўрин тутмаган Буюк Ипак Йўли энди Қирғизистонда кичик савдони ўнглашда қўл келаяпти

Бироқ мамлакатдаги сиёсий беқарорликлар тожирларни доимо чўчитиб келади.

"Бу ерда бирон воқеа содир бўлса, Ўзбекистон ё Қозоғистон дарров чегараларини ёпиб олишади. Харидорларимиз кела олишмайди. Савдомиз ўлади" - дейишади маҳаллий савдогарлар.

Шинжон ва Ўзбекистондан келиб ишлайдиганлар эса яна беқарорликлар юз бергудек бўлса, ғазабнок оломоннинг назари хорижлик тожирларга тушиши мумкин, дея собиқ тузум ўзгарган пайтлардаги талотўпларни мисол қилиб келтирашади.

Лекин аксар суҳбатдошларимиз маҳаллий аҳолининг савдогар ўзбеклар ва уйғурларга нисбатан муносабати жуда яхшилигини ҳам тан оладилар.

Бишкек - ким келмоқчи, ким кетмоқчи...

Аммо Бишкекда бир пайтлар кўпчиликни ташкил этган рус миллати вакиллари сони камаётгани яққол кўзга ташланади.

"Ҳозир ёш авлодда миллатчилик кучаймоқда. Байналмилаллик руҳида тарбия топган авлод вакиллари ҳокимиятдан кетишгач, янги келганлар мамлакатни қандай бошқаришаркан? Болаларимнинг тақдири нима бўлади?" - дея хавотир изҳор этади Россияга кўчиб кетишга тайёрланаётган Лариса исмли аёл.

Рангли инқилоб пайтидаги вайронгарчилик
Сиёсий талотўплар чоғи хорижий тижоратларнинг нишонга олиниши эҳтимоли аксар чет эллик тожирларни хавотирга солиб келади

"Мен ишлайдиган дўконда яқинда бир қирғиз ва бир рус тортишиб қолишганди, ҳалиги қирғиз унга қараб, Россияда Марказий Осиёдан борганларни калтаклашмоқда, мен ҳам шундай қилсам-чи, деб қолди. Биз ҳам Россиядаги ирқчиларни ёқламаймиз, бироқ бу ерда қолишдан ҳам қўрқаман" - дейди Лариса.

Лекин Бишкекнинг ёки Қирғизистоннинг равнақи ва эртанги куни бугунги сиёсатдонларнинг маҳоратига ҳамда мамлакатдаги мавжуд ижтимоий ва сиёсий инқирозларни қандай ҳал этишларига боғлиқ бўлиб қолади, дегувчилар ҳам оз эмас.

Қирғизистон - ўз қўшнилари билан солиштирганда, на табиий, на инсоний ва ё на заминий заҳиралари катта бўлмаган мўъжазгина ўлка.

Аммо мамлакатнинг муҳим савдо йўлида жойлашгани, иқтисодий жабҳадаги эркин сиёсат бу мамлакатни қашшоқликдан қутқариб, ривожланиш томон йўналтириши мумкин, деган фикрлар кучли.

Бишкек бозорида
Бишкек бозорлари гавжум. Аммо бозорларни фақат қирғизлар эмас, бутун минтақаликлар тўлдиришади

"Совет даврида овлоқ шаҳарча бўлган Бишкек бугунга келиб минтақавий савдо марказига айланган экан, демак, Қирғизистон расмийлари янгича даврга кирган, аҳамияти ортиб бораётган пойтахтнинг ҳозирги мавқеини ушлаб қолишлари зарур" - дейди бир неча бор Бишкекда бўлган британиялик олим ва дипломат Пол Бёрн.

Ҳозирча эса Бишкек шаҳри ўзининг янгича мавқеидан фойда кўришда давом этмоқда, шаҳарга келаётган қирғизистонликлар ҳам, Ўзбекистон ва Тожикистон тожирлари ҳам бу имконият ортидан оила тебратишаяпти.

Сўнгги йиллар талотўплари қисқа муддатлар давомида савдо-сотиққа салбий таъсир этган эса-да, умумий маънода, Бишкек бозорлари каттаргандан-каттармоқда, холос.

Бироқ бу шаҳарнинг минтақавий кичик тижорат маркази сифатидаги равнақи, барибир, унинг бош харидорлари бўлмиш қўшниларига - ўзбеклару тожикларга, қозоқлари туркманларга боғлиқ бўлиб қолаверадиган.

Бошқа тарафдан, Бишкек ё Қирғизистон кичик савдода минтақанинг доимий йирик маркази бўлиб қолиши имконлари нечоғли?

"Бишкек бозорлари" омилини қай сабаблар билан изоҳлаган бўлардингиз?


Муштарийлар фикр-мулоҳазалари

Баҳодир

Ўзбекистоннинг келажаги буюк давлат эканига ишонаман. Тошкент эса гўзал шаҳар.

Ҳозир юз бераётган воқеаларнинг барчаси ўткинчи, энг асосийси, Ўзбекистон халқи руҳан чўкмай, хар доим олға ҳаракат қилсин.

Ўзим қозоғистонлик бўлишимга қарамай, Ўзбекистоннинг тақдири мани бефарқ қолдирмайди. Хусусан, Тошкент шаҳрининг тақдири.

Тошкент Ўрта Осиёдаги ўз мавқеини сақлаб колиши имконлари кўп. Қолган барчаси, хусусан, сиёсат ҳам ўткинчи.

Энг асосийси, маънавий бойликларни унутмаслик керак. Моддий бойлик бўлса, ўзи келаверади.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy