Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 14 Июн, 2006 - Published 16:07 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Шанхай меҳмонларни қаршилаяпти
Шанхай шаҳри кўриниши
Шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилган
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилотнинг беш йиллик санасини нишонлаш мақсадида Шанхай шаҳрига етиб кела бошлаганлар.

Марказий Осиё давлатлари ва Россия раҳбарларини кутиб олишга шайланган шаҳар бошқа ҳар турдаги саёҳатчилар учун ёпилган.

Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнежод бу галги саммитда кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф қилинган. Аммо саммитга халқаро эътиборнинг бу йил анчайин юқорилиги фақатгина шу омил билан асосланмаган. Би-би-сининг Шанхайда бўлган мухбири Куинтин Соммервил у ердаги вазият ҳақида ҳикоя қилади.

Куинтин Соммервил: - Шанхай шаҳри бу каби хавфсизлик чораларининг аввал гувоҳи бўлмаган. Шахар бўйлаб кўпгина кўчалар ёпиб қўйилган. Эсда тутиш лозимки, бу Хитойнинг молиявий марказидир. Кўпгина ишчиларга ишга келмаслик буюрилган, мактаб ўқувчилари эса уч кунлик таътилга чиқарилган. Бунинг барчаси Шанхайга келиб қўнишни бошлаган давлат раҳбарлари учун йўлни очиб беришга қаратилган. Бугун кечқурун марказий хиёбонлардан бирида салютлар отилиши кутилади, аммо у ҳам халқ учун очиқ эмас. Одатда Шанхай кўчалари машиналарга тўла, аммо бугун уларнинг сони жуда кам, атрофда жуда кўп полиция зобитларини кўриш мумкин. Шанхай аҳолисига айвонларига ювилган кирларни осмаслик кўрсатмаси берилган, кўчаларда гултуваклар ҳам маън қилинган, чунки улар баъзи меҳмонлар хавфсизлиги учун таҳдид деб кўрилар экан.

Савол: - Бу чоралар қандайдир бир аниқ хавфсизлик таҳдидининг олдини олишга қаратилганми?

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо ҳамда кузатувчи давлатлар
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо ҳамда кузатувчи давлатлар
Куинтин Соммервил: - Йўқ, аниқ бир таҳдид йўқ. Хитой расмийлари қандайдир таҳдид олдини олишган деб ўйламайман. Аммо мазкур чоралар Хитой бу учрашувни муваффақиятли бўлиши учун нақадар бел боғлаганига ишора этади. Хитой халқаро саҳнада ўз ўрнига эга бўлиб борар экан, минтақадаги, аниқроғи Марказий Осиёдаги аҳамияти ҳам ошмоқда. Ва унинг ишонишича, бу аҳамиятни ошириш учун у Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти орқали амал қилиши лозим. Бу ташкилот таркибида икки қудрат, Хитой ва Россия бор ва ташкилотга Марказий Осиё давлатлари ҳам кирган. Ҳиндистон, Покистон, Мўғулистон ва албатта, Эрон аъзолиги ҳақида ҳам гап кетмоқда.

Савол: - Албатта Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнежоднинг Шанхай саммитига келиши кўп шов-шувга сабаб бўлмоқда. Сизнингча, Россия ва Хитой Эронга ядровий дастури бўйича босим ўтказиш учун уни чақирдими ёки яккаланиб қолган Эрон ўзини қулай ҳис қилиши учунми?

Куинтин Соммервил: - Хитойнинг айтишича, Шанхай ташкилоти тинчликсевар ташкилот ва у ҳарбий ташкилот эмас. Аммо ташкилот доирасидаги ҳамкорлик асосан чегаралар ҳамда мудофаа масалаларига асосланади. Эрон таклиф қилинган, аммо фақат меҳмон сифатида. Унинг ядровий дастури ва Ғарб билан хафагарчилиги расман кун тартибига киритилмаган, аммо жаноб Аҳмадийнежоднинг эртага Ху Цзинтао ва Владимир Путин билан ўзаро учрашувларида бу масала кўтарилиши турган гап. Менимча, бу ерда Эронга БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фақат фуқаровий ядровий дастурини ривожлантириш таклифига кўниш борасида юмшоқ босим ўтказилади. Аммо Россия билан Хитой худди АҚШ хоҳлаганидек санкциялар ҳақида сўз юритишмаяпти. Биз бу ерда гувоҳи бўлаётганимиз - жаҳоннинг жуда ўзгача кўриниши. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ана шу ўзгача кўринишни акс эттиради, яъни дунёда Америка Қўшма Штатлари ягона сиёсий ва ҳарбий қудрат эмас, балки бу каби қудрат бу тарафда - Марказий Осиёда ҳам бўлиши мумкин.

ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy