Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 13 Июн, 2006 - Published 17:19 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
ШҲТ мажлисида нималар муҳокама этилади?

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти рамзи
Йиғилиш ШҲТга асос солинганининг беш йиллини ҳам нишонлайди
Шу ҳафтада Хитойда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити очилади.

Бир пайтлар Хитой ва собиқ Совет иттифоқи давлатлари орасидаги чегара муаммоларини ҳал этиш учун тузилган ташкилот, ҳозирга келиб Осиё сиёсатидаги йирик кучга айланмоқда.

Иштирокчилар бангивор моддалар ва террорга қарши кураш йиғилишдаги асосий масала бўлади дейишмоқда.

Аммо аслида бош мақсад Ғарбни, хусусан, Американи Марказий Осиёдан чиқариб юбориш эканлигига кўпчилик шубҳа қилмайди.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг тамал тоши бундан ўн йил аввал, Шанхайда Хитой, Россия ва уч Марказий Осиё давлатлари чегара масалаларида ҳамкорлик қилиш борасидаги битимни имзолаган пайт қўйилганди.

Хитой Марказий Осиё давлатларининг ўзининг Шинжон вилоятидаги уйғур исёнчиларни дастаклашлари эҳтимолидан хавотирда эди.

Чунки уйғурлар нафақат мусулмон, балки Хитой чегаралари бўйлаб қарор топган мустақил давлатларнинг расмий тиллари бўлган туркийда сўзлашувчи халқдир.

Хитой бўлгинчилик ҳаракатини дастаклаш ҳеч кимнинг манфаатида эмаслигини айтди, бу эса, Чеченистонда бўлгинчиларга қарши курашаётган Россия учун айни муддао эди.

Уйғурларни қўллаб-қувватламаслик эвазига Хитой Марказий Осиё давлатлари билан савдо алоқаларини ривожлантиришга ваъда берди.

Бу эса денгиз йўлларига эга бўлмаган минтақа давлатлари учун катта имконият эди.

Аммо 2001 йилда Шанхай бешлиги деб аталган беш давлат ҳамда Ўзбекистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига асос солганларидан кейин, унинг кун тартиби ҳам ўзгарди.

Энди асосий хавотир Афғонистодаги Толибон томонидан дастакланаётган исломий жангарилар эди.

Америкадаги 11 сентябрь ҳужумларидан сўнг ташкилот аъзолари бўлган икки давлат - Ўзбекистон ва Қирғизистон АҚШга ўз базаларини ҳам очиб беришди.

Бу эса, минтақани ўзининг таъсир доирасида кўрадиган Россия ва Хитойни хавотирга солмай қўймас эди.

Бу хавотир ўтган йил ташкилот саммитида қабул қилинган Ғарб базаларини бу икки давлатдан олиб чиқиб кетиш ҳақидаги баённомада ўз ифодасини топди.

Андижонда тинч фуқароларнинг ўлдирилиши борасида Ғарбнинг танқидларидан ғазабланган Ўзбекистон бу талабни бажаришга тайёр эди ва кўп утмай америкаликларни ўз ҳудудидан чиқариб юборди.

Аммо Қирғизистондаги база ҳали ҳам турибди.

Россия ва Хитойнинг Қирғизистонга босим ўтказишда давом этишлари тайин.

Гарчи навбатдаги олиймақом учрашувга Американинг яқин иттифоқчиси бўлган Афғонистон дохил, қатор аъзо бўлмаган давлатлар раҳбарлари таклиф этилган бўлса-да, асосий эътибор Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнежоднинг иштирокига қаратилмоқда.

Унинг муқаррар бўлган аксиламерика руҳидаги чиқиши ва Эроннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига қўшилиш режаси Ғарбдаги кўпчиликнинг ташкилот Марказий Осиёда АҚШ таъсирига қарши турмоқчи, деган ишончини тасдиқлайди, холос.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy