|
Рейчел Денбер: Халқаро текширув талабида собит туриш керак | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Аммо бу ҳужжатлар нималардан иборат? Уларда ҳозирга қадар ошкор этилмаган бирор далил борми? Би-би-си ушбу саволлар билан ташкилотнинг Марказий Осиё бўлими тадқиқотчиси Рейчел Денберга мурожаат этган. Рейчел Денбер: Андижонда қуролсиз фуқароларнинг қирғин қилинишини бизнинг ташкилотимиз ҳам, Бирлашган Миллатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги ҳам, Оврупода хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳам ҳужжатлаштирганлар. Шунингдек, "Амнести интернэшнл"нинг ҳам ҳужжатлари бор. Уларнинг суҳбатларида бу қирғиндан қочганлар, шоҳидлар ва хунрезликнинг жабрдийдалари ҳам сўзлаганлар. Биз эса Андижоннинг ўзида ҳам одамлар билан суҳбатлашганмиз. Шу билан бирга инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлик ва бошқа ташкилотлар вакиллари Қирғизистонга бориб, у ерга қочиб ўтган шоҳидлар билан гаплашганлар. Бизнинг ташкилотимиз эса Ўзбекистон ҳукуматидан маълумот талаб қилди, аммо ҳеч нарса ололмадик. Би-би-си: Сиз юзлаб қуролсиз намойишчиларни ҳукумат кучлари отиб ўлдирди, демоқдасиз. Лекин, ҳеч ким, ҳатто сизнинг ташкилотингиз ҳам қирғин бўлган, деган даъволарингизни қувватлайдиган ва қурбонларнинг аниқ сони кўрсатилган ишончли рўйхатни тақдим эта олмаяпсизлар-ку? Рейчел Денбер: Агар Ўзбекистон ҳукумати халқаро миқёсдаги текширувчиларнинг Андижон воқеаларини ўрганишларига рухсат берганида эди, мен сизнинг саволингизга жавоб берардим. Аммо ҳукумат Андижонда аслида нима бўлганига ойдинлик киритадиган ҳар қандай ҳаракатни чекламокда ва шаффоф текширувга имкон бермаяпти. Сиз айтаётган рўйхатни тузиш учун бизнинг Андижонга бориб, барча маълумотларни батафсил ўрганишимиз учун имконият яратилган бўлиши даркор. Биз, хусусан, қабристонлар ва экспертиза хулосаларини ўрганиш имконига ҳам эга бўлмоғимиз зарур. Бусиз, албатта, биз Андижонда қанча одам ўлдирилган, деган саволга аниқ жавоб бера олмаймиз. Би-би-си: Сиз дохил кўплаб хорижий ташкилотлар Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишни талаб қилиб келаяпсиз. Аммо шунча вақт ўтганидан кейин бунинг имкони борми? Рейчел Денбер: Менимча, халқаро ҳамжамият мустақил хорижий текширув ўтказиш зарур, деган талабида собит туриши керак. Ўзбекистон тарафи, бунинг зарурати йўқ ва ўз ҳуқуқ-тартибот идораларимиз ҳам айни текширувни ўтказа олади, деганида ҳам, халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилмай туриб олса ҳам, барибир, Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талабидан қайтмаслик зарур. Чунки бу текширув Ўзбекистонни ҳисоб беришга ундайдиган меъёрдир. Ўзбек ҳукумати халқаро мустақил текширувга рухсат бермадими, тамом, халқаро ҳамжамият Ўзбекистонни бунинг учун жавобгар қилиши керак ва расмий Тошкентга ўз зиммасига олган масъулиятларидан бўйин товлаётганини англатиб қўйиши лозим. Би-би-си: Лекин халқаро ҳамжамият мустақил текширув талабидан нарига ўта олмай қолди-ку. Ўзбекистон қулоқ солаётгани ҳам йўқ бу талабларга. Хўш, шундайин ҳолатда дунё Андижон воқеалари юзасидан қандай йул тутиши даркор? Рейчел Денбер: Менимча, Ўзбекистон ўз халқаро мажбуриятларидан бўйин товлаганига томошабин бўлиб қараб турмаганини кўрсатиш учун халқаро ҳамжамият баъзи қадамларни қўймоқда. Хусусан, Оврупо Иттифоқи Ўзбекистонга қарши чекланган жазо чораларини киритди ва баъзи мулозимларга виза бермаслик қарорини қабул қилди. Энди эса халқаро текширув талабини рад этгани учун Ўзбекистон ҳукуматига қарши қандай йўл тутиш лозимлиги хусусида АҚШ ва Оврупо давлатлари ўйлаб кўришлари лозим. Чунки АҚШ ҳамон муайян ўзбек мулозимларига виза чекловлари киритиш ёки ҳукуматга тегишли муайян маблағларни музлатиб қўйиш борасида бирор ишга қўл урмаган. Олмонияга ўхшаш давлатлар эса ўзбек ҳукуматига кўмак бераяпти. | ИЧКИ САҲИФАЛАР | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||