‘Коинотнинг яна бир сири очилди’ми?

LIGO Scientific Collaboration халқаро лойиҳасида ишлаётган олимлар ҳайратда.

Уларнинг айтишларича, илк бор обсерватория шароитида коинотдаги гравитацион тўлқинларни қайд этишга муваффақ бўлишган.

Бу гравитацион тўлқинлар қарийб 1.5 миллиард йил илгари доирасимон ҳаракатда бўлган иккита улкан қора ўранинг бир-бири билан тўқнашуви натижасида пайдо бўлган.

Янгиликнинг энг аҳамиятга молик нуқталаридан бири шундаки, бу моддий оламнинг бир-бирини инкор этувчи доиралар асосида мавжуд эканига оид фалсафа аҳли орасидаги фикрларнинг яна бир илмий исботи бўлиб хизмат қилади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги янгиликнинг аҳамияти хусусида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Улуғбек номидаги Астрономия институти директори Шуҳрат Эгамбердиевни суҳбатга тортди.