Туркия: Ая София музейи масжидга айлантирилиши керакми?

Туркиядаги турли халқлар ва динлар тотувлиги рамзи деб кўрилган Ая София (туркча "Ayasofya", инглизча "Hagia Sophia") музейи энди янгича аҳамият касб этмоқда. У бугунда диндор мусулмонлар ва дунёвийлар ўртасидаги баҳс мавзусига айланган.

Май ойи охирида Истанбулнинг эски марказида жойлашган бу баҳайбат иморатни зиёрат қилишга йиғилган туристлар қаршисида минг нафарча намойишчилар пайдо бўлишди.

Улар "Ая София масжид бўлиб қайта очилиши керак!" ва "Ҳаётимиз Ислом учун қурбон бўлсин!" каби шиорларни кўтариб олишганди. Эркак намойишчилар оқ дўппи ва соқолли бўлса, аёллар туркча ипак ҳижобларга ўрангандилар.

Туркия тарихида империялар барпо бўлар ва қулар экан, Ая София 14 асрки Истанбул бошига қўндирилган тождек намоён бўлиб келмоқда.

532 йилда Рим Императори Юстиниан қурдирган бу черков тўққиз юз йил Шарқий насронийларнинг энг асосий черкови бўлиб хизмат қилди.

1453 йилда Усмонлилар Султони Меҳмет II шаҳарни забт этар экан, у Исломнинг устиворлиги ва Усмонли турклар ғалабасинини нишонлаш учун Ая Софияни масжидга айлантирди.

1935 йилда эса замонавий ва дунёвий Туркиянинг асосчиси - Мустафо Камол Отатурк унинг на насроний ё на мусулмон саждагоҳи, балки музей бўлиб очилишига буйруқ берди.

Сурат манбаси, AFP

Отатурк бир вақтлар дуёнинг энг гўзал черкови деб саналган бу бинодан замонавий Туркиянинг бутун халқи баҳра олишини истаганди.

Ая София тақдири атрофидаги баҳсу-мунозаралар Туркиянинг анъанадор сиёсатчилари ва уламоларини жаҳоннинг етакчи археологлари ва тарихчиларига қарши қўймоқда.

ЮНЕСКО томонидан "Жаҳон мероси" мақомини олган мазкур музейни йилига уч миллиондан ортиқ сайёҳлар келиб кўради.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳозирча баҳсга очиқча қўшилгани йўқ. Бироқ, давлат тепасида ўтказган 13 йили давомида у университетларда ҳижоб ўрашга қўйилган тақиқловни бекор қилди, мадрасаларга қўйилган чекловларни йўқ қилиб, спиртли ичимликлар истеъмоли борасидаги қонунларни кучайтирди.

Эрдўғаннинг ўзи Ая София тортишувларига қўшилмаса-да, унинг АК Партияси асосчиларидан бири ва Бош вазир муовини Булант Аринч Ая Софининг масжидга айлантирилиши Туркия Республикасини исломийлаштириш жараёнидаги кейинги мантиқий қадам бўлишини айтди.

Июнь бошида бўлиб ўтган умумхалқ сайловларда Эрдўғаннинг иқтидордаги партияси парламентдаги устиворлигини йўқотди. Бу АК Партия 13 йил ичида эришган энг абгор натижа бўлди. Лекин, диний анъанадорларнинг Ая Софияни масжидга айлантириш чақириқлари давом этармикан?

Ибрат Сафо Истанбулда яшаб фаолият юритувчи мустақил журналист Камолиддин Йўлдош билан суҳбатлашди. Суҳбатни тингланг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio