Баҳс: Андижон қирғини унутилдими?
Андижондаги қонли воқеалардан 10 йил ўтиб, ҳануз қирғиндан омон қолган шоҳидлар ва Ўзбекистон ҳукуматининг воқеалар борасидаги қарашлари бир-биридан кескин фарқ қилади.
Инсон ҳақлари ташкилотларининг гувоҳларга таяниб айтишларича, 2005 йилнинг 13 май куни Андижоннинг марказий Бобур майдонида ҳукумат кучлари аксарияти қуролсиз бўлган тинч намойишчиларни ўққа тутиши натижасида аёллар ва болалар дохил, юзлаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлган.
Ҳукумат эса, акромийлар диний оқимига мансуб гуруҳ Андижонда ҳокимиятни қуролли қўзғолон йўли билан босиб олишга урингани ва асосан террорчилардан иборат 187 кишининг ҳалок бўлганини айтади.
Ўзбекистон ҳукумати қонли воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш ҳақидаги чақириқларни шу кунгача рад этиб келади.
Ўзбекистон расмийлари Бирлашган Миллатларнинг Инсон Ҳақлари Кенгашига "Андижон мавзуси ёпилган"ини айтишган.
Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари воқеаларни "қирғин" дея тасвирлашади.
БМТ, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи ўзбек ҳукуматини намойишчиларга қарши "ҳаддан ташқари куч ишлатиш"да айблаган ва ҳодисалар юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирган.
Андижондаги намойишчилар ноҳақ қамалган яқинларининг озод этилиши, аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий адолат ўрнатиш каби талабларни илгари суришганди.
Қонли воқеалардан омон қолган юзлаб андижонликлар Оврўпо ва АҚШда бошпана топишган.
Улар Ўзбекистонда қолган яқинларига босимлардан шикоят қилишади.
Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга уринган журналистлар ва инсон ҳақлари фаоллари қамоққа ташланган ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар.
Ўзбекистон ҳукумати қонли воқеаларнинг матбуотда ёритилишига тақиқ қўйган.
Хўш, Андижонда нималар бўлган эди?
Андижонликларнинг ўзлари фожиали воқеаларнинг 10 йиллик санасини эслашмоқдами?
Андижон шаҳридаги ўзгаришлар ободонлаштиришми ёки ҳокимиятнинг қонли воқелар изини буткул йўқотиш ҳаракатларими?
Би-би-си бу ва бошқа саволлар билан Андижондан инсон ҳақлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳамда Канададан мустақил журналист Ғафуржон Йўлдошевларни суҳбатга тортган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio