Оллоҳ номи ила одам сотиш мумкинми?

Нигерияда 200 нафардан кўпроқ ўқувчи қизни ўғирлаб кетган Боко Ҳаром гуруҳи уларни сотишини айтаркан, қизларни қутқариш талаблари ҳам кучаймоқда.

АҚШ ҳукумати амалий ёрдам бошламоқда. Нигерия эса қизларнинг қаердалигини топиб берган одамга 300 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот ваъда қилди.

Аммо ота-оналар ҳукумат вақтида етарлича ҳаракат қилмади. деб айблашмоқда.

Ўқувчи қизлар ҳам аслида мусулмон. Лекин Боко Ҳаром Ғарб таълимини ҳаром санайди ва қизларнинг мактаб боришини тақиқлайди.

Гуруҳ нафақат қаттиққўллиги, балки шафқатсизлиги билан ҳам ном чиқарган.

Масалан, балоғатга етмаган муслима қизларни энди қўшни мамлакатларга олиб бориб, ҳар бирини 15 доллардан сотишмоқчи.

Ва бу амалларини Оллоҳ номи билан қилишаётгани интернетда айтишди.

Лекин аксар мусулмонлар Боко-Ҳаромнинг мазкур амаллари аслида Исломда ҳаром қилинган ва улар динни тузук тушунишмайди, деб айтишади.

Нима бўлганда ҳам, Ислом номидан иш кўраётган бу жангари гуруҳ қўлидан норасида қизалоқларни эсон-омон қайтариб олиш умидлари сўнмоқда.