Қрим татарлари Россияни исташмайди
Қримда яшовчи руслар бугун Россия таркибига қўшилишмоқчи.
Аммо ярим оролдаги украинлар ва татарлар асло Москва назоратига ўтишни исташмайди.
Ҳозир Қрим амалда Россия ҳарбийлари назоратида қолмоқда. Якшанба куни кутилаётган референдум эса Қрим тақдирини ҳал қилиши мумкин.
Аввало Россия, кейинчалик руслар етакчилигидаги Совет Иттифоқи таркибига мажбуран киритилган Қрим халқи ўз бошига тушган кулфатларни ҳамон унутолмайди.
Айниқса, мусулмон татарлар... Улар илк бора уч аср бурун кенгаётган Россия империяси тарафидан босиб олинганди. Кейинроқ эса Сталин уларни ваҳшийларча сургун қилган.
Ярим оролдаги сўнгги воқеалар ривожи Россияга ҳар вақт ишончсизлик билан қараб келган Қрим татарларида чуқур хавотир уйғотмоқда.