Қозоғистон ва Британия стратегик ҳамкорга айланишди
Британия Бош вазири Девид Кэмерон Қозоғистонга сафари чоғи Президент Нурсултон Назарбоев билан биргаликда стратегик ҳамкорликка оид шартномани имзолади.
Бу иқтидордаги бирон Британ Бош вазирининг Марказий Осиёга илк расмий сафаридир. Шунингдек, Лондон билан стратегик ҳамкорликка киришган илк ва ягона Марказий Осиё давлати ҳам Қозоғистон бўлмоқда.
Қозоғистон иқтисодига сармоя киритиш бўйича Британия учинчи йирик мамлакат. Жаноб Кэмерон айни сафар давомида ҳам бир миллиард долларлик тижорий шартномалар имзоланишини айтан эди.
Бироқ сўнгги йиллари инсон ҳуқуқлари ва демократик вазияти ёмонлашаётган Қозоғистон билан "апоқ-чапоқ" бўлаётгани боис Лондон танқидга ҳам тутилмоқда.
Лекин Девид Кэмерон ушбу сафар давомида инсон ҳуқуқлари бузилишига оид хавотирларни Президент Назарбоев билан очиқ гаплашганини қайд этди.
Ўз ўрнида, ғарблик журналист саволига жавоб берган Президент Назарбоев мазкур айбловларни рад этди.
"Инсон ҳуқуқлари бизда бузилмаяпти, сиёсий партиялар эркин ва уч мингта матбуот воситаси, хусусан, хорижий матбуот воситалари ҳам ишлайди" - деди қўшма матбуот анжуманида жавоб берган Нурсултон Назарбоев.
"Мана учта "истон" давлатида бўлдингиз: Покистон, Афғонистон ва Қозоғистон. Қани ўзингиз бизларни бир қиёслаб кўринг!"
Нефтга бой Қозоғистон Ғарб учун тобора оҳанрабо мамлакатга айланмоқда. Британия собиқ Бош вазири Тони Блейр ҳам кўп миллион долларли ҳақ эвазига Президент Назарбоевга мслаҳатчилик қилади.
Айни дамда, геостратегик жиҳатдан Марказий Осиёнинг энг муҳим мамлакати бу - Афғонистонга ёндош ҳамда минтақа марказидаги энг катта аҳолига эга Ўзбекистон саналади.
Бироқ сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, геосиёсий муҳимлигига қарамай ҳали-вери Тошкентга АҚШ президенти ёки Британия Бош вазири келмаслиги эҳтимоли катта.
"Халқаро доирада Ўзбекистон обрўси яхши эмас ва жорий ҳукумат даврида Обама ё Кэмероннинг Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмайди" - дейди сиёсатшунос.