
"Ўзбек ва қирғизни мусулмон экан деб, уларнинг ҳар ишини қилаверманг. Амалингизда фақат Исломга таянинг. Мусулмон миллатлари дейишади, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам Ислом буюрганидек яшашмайди..."
Москвадаги кичик хонадонида жойлашган Исломий марказида янги рус муслималарига худди ана шундай сабоқ берилади. Сабоқни Исломга кирган рус киши - Али Вячеслав Полосин олиб боради.
Бу ерга келадиганлар турли ёшдаги рус аёллари, барчаси янгитдан Исломга кирган. Улар ақидапарстлик бобида Исломда нима дейилади ва ё Ислом ҳақида дунёда шаклланган фикрлар қанчалик асосли, деб саволлар сўрашади.
Сабоқни олиб бораётган Исломий Олим Али Вячеслав Полосин илгари атоқли рус православ руҳонийси эди. Христиан олими сифатида у Россия Думасида маслаҳатчи ҳам бўлиб ишлаган.
"Парвардигор туширган сўнгги китоб - Қуръон. Христианлар буни тан олишмайди. Мен эса уни ўқиб, ўрганиб тан олдим. Шу асно мусулмон бўлдим", - дейди у.
Жаноб Полосин 12 йил бурун Исломга киради. Аммо бу қарори унга қимматга тушади.
"Рождество, яъни Исо Мавлудини Россияда умумхалқ байрамига айлантириш менинг ташаббусим эди", - дейди дарсини тугатган Али Вячеслав Полосин -"Аммо мен Исломга кирганимдан кейин, катта сиёсатдан кетдим. Мен каби одамнинг Россия сиёсатида қолиши имконсиз эди".
Бугун жаноб Полосин Исломий Марказда янги рус муслималарига дин асосларини ўргатади. Бир пайтлар руҳоний сифатида ўзи чўқинтирган қиз ҳам унинг ортидан бориб, Исломга кирган. Кейин улар оила қуришади.
"Оиламиз катта бўлмаган. Фақат мен ва онам эдик. Мен ҳали 19 ёшимда Совет даврида христиан тақвосини бошлаганимда онам ишимдан ҳайдалиб кетмай, деб жуда норози бўлганди. Исломга кирган пайтим эса у нафақахўр эди, шу боис қаршилик билдирмади ҳисоб" - дейди жаноб Полосин Би-би-си билан суҳбатда.
Ислом - Россиянинг яна бир ўзлиги
Суҳбатдошимиз бугун Москвада мусулмонлар сони жадал ошаётганини айтади.

Россияда Исо Мавлудини умумдавлат байрамига айлантириш ғоясини олиб чиққан Али Вячеслав Полосин мусулмон бўлгач, катта сиёсатдан кетган
Ҳаттоки, собиқ христиан руҳонийси сифатида Москвада энг кўп эътиқод қилинаётган дин Ислом деб билади.
"Христианнинг тақвосини унинг Пасхадаги ибодати кўрсатади. Москвада эса нари борса 150 минг киши Пасха ибодатини бажо келтиради".
"Мусулмонлар эса масжидга бормасдан, уйда ҳам намоз ўқишади. Ҳайитларда намозхон кўплигидан масжидларга яқин жойларга ҳам ўтиб бўлмайди. Бунинг устига, масжид бормайдиган муслима аёлларни ҳисобланг" - дейди ўз фикрини асослаб Али Вячеслав Полосин.
"Хуллас Москвада ҳозир тақводор мусулмонлар сони тақволи христианларга нисбатан бир неча баравар кўпроқ".
У ўзининг Исломга кирган рафиқаси Ойиша-Лариса билан бирга бошқараётган "Ал-Васатия - Мўътадиллик" номли маркази бугун 11 мингга яқин муслима аёлни руйхатга олган.
"Исломга киргач оиласида муаммо туғилган ва ё дин борасида чуқурроқ ўрганишни истаган аёллар олдимизга келишади", - дейди дарс пайти қўшни хонада муслималарнинг болаларига қараётган Ойиша-Лариса - "Улар янги муслималар. Биз уларга қандай намоз қилишни ўргатамиз, ёрдам беришга интиламиз".
Аммо бу марказга келадиган аксар аёллар суратга тушиш ва ё суҳбатлашишга унчалик руйхушлик беришмасди.
Ҳатто кўчага чиққанда анъанавий Исломий ҳижобни имкон қадар билинтирмай кийинишга интилишларини кузатдим.
"Кейинги пайтлари Россияда мусулмонлар сони ҳам, Исломга кираётганлар сони ҳам ошмоқда", - дейди Али Вячеслав Полосин.
Суҳбатдошимиз ҳали 10 йил бурун ҳалол гўшт излаб масжидларга борганини эслайди.
"Бугун эса истаган йирик дўконга кириб, ҳалол мол гўштини ҳам, қўй ё товуқ этини ҳам харид қилиш мумкин".
"Ислом ҳозир Россиядаги ҳаётнинг ажралмас қисмига айланмоқда" - дейди собиқ насроний сиёсатдон.
Дарҳақиқат, бугунги Москва кўчаларини бирров айланган киши бу гапни рад этиши мушкул.

























