
Россиядаги кўп миллионли янги мусулмон жамоаси учун ҳалол таомга бўлган эҳтиёж кучли.
Айниқса, аксар руслар яшовчи минтақаларида бу яққол сезилади.
Москва масжидлари яқинидаги ҳалол ошхоналар шу даражада тирбанд бўладики, баъзан намоздан чиққанлар ошхонага кириш учун узоқ муддат ташқарида навбат кутишади.
Намозга келаётган ёш қофқозликлар "ҳозир палов еймиз, лағмон", деб гаплашиб келишаётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Большая Татаркадаги ҳалол ошхонанини юритадиган татар йигит Умар эса бу соҳада ҳали рақобат йўқлигини айтади.
Ошхонада фақат рўмолли ўзбеклар, татарлар ва тожиклар ишлашади.
Атрофда гапирилаётган тилларни эса санаб саноғига етиш қийин.
Ҳалол ошхонадаги руслар

Россиядаги қофқозликлар ҳам Марказий Осиё таомларини хуш кўришади
Мусулмонлар энг зич яшайдиган Москвада кўпчилик муҳожирлар қимматбаҳо ўзбек ресторанларига бора олишмайди.
Шу боис кўчаларда кичик тандирхоналар очиб, нон ва ҳалол сомса ёпишади.
Ҳозир шундоққина марказий Павелецская майдонига чиқсангиз ва Қозон вокзали яқинига борсангиз, бир неча жойда ҳалол сомса сотиб олишингиз мумкин.
Таомга навбатда турган ўзбегу тожик, чечену татар эса одатий ҳол. Аммо бу овқатлар энди русларни ҳам ўзига жалб эта бошлаган.
Новослободская мавзесидаги ҳалол ўзбек ошхонасида доимо рус хўрандаларини учратиш мумкин.
"Мен тез-тез бу ҳалол ресторанда овқатланаман. Таомлари мазали. нархлари арзон", - дейди палов ортидан кўк чой ичиб ўтирган Алексей -"Ишхонам ҳам шу яқин атрофда. Шундай кўп ресторанлар очилгани жуда яхши бўлаяпти".
Кўплаб руслар тандирда ёпилган оби нон ва сомсани хуш кўришларини айтишади.
Шу боис бугун ҳалол ошхоналар фақатгина мусулмонлар эҳтиёжини қондириш ниятида очилмайди.
Ҳатто Москва-Барнаул поездида сизга манти таклиф этишади.
"Илгари манти деган таомни билмасдик. Онам ҳеч қачон манти пиширмаган, лекин хотиним ҳозир ҳар ҳафта манти қилади" - деди удмуртистонлик эркак Би-би-си билан суҳбатда.
'Бир лағмонми як лағмон ёки ширу шакар'

Тожикистонлик Рустам Москвадаги ҳалол Ўзбек ресторанларидан бирини бошқаради
Москвадаги ҳалол ошхоналарни ким очмасин, одатда ўзбек таомлари, деб ёзишади. Чунки руслар учун бу ном анча таниш.
Бироқ бу ерда ишловчилар ҳам, хўрандалар ҳам кўп миллатли. Айнан ана шу инсонлар орасида эса ўзаро ҳурмат кучлилигини кузатса бўларди.
"Мен Ўзбек ва ё Доғистон таоми деб ажратмайман", - дейди палов олган қофқозлик Муҳаммад - " Мен фақат ҳалол луқмани биламан. Энг яхши кўрган ҳалол овқатларим - лағмон ва палов. Уни ўзбек биродарларимиз пиширишади".
Бу ерга келадиган тожиклар ўзбекчада ош ва ё лағмон сўрашади. Ошхона ходими Одилжон ака эса уларга "Дупорс лағмон, якта нон", деб тожикчада гаплашади.
"Менинг ўзбек тилимни ҳурмат қилиб, шу тожик йигитлар ўзбекча гапиришди. Мен ҳам тожик тилига эҳтиром кўрсатиб, тожикча жавоб қайтардим", - дейди бу ошхонада ишловчи Одилжон ака - "Биз ҳаммамиз бир мусулмон, бир биродарлармиз ахир".
Жомеъ масжиди ҳовлисида эса бирга ҳалол сомса пишириб сотаётган ёки ёнма-ён намоз ўқиётган қирғизу ўзбекларни учратиш мумкин.
"Мен ўшлик қирғизман. Кўп дўстларимиз ўзбеклар", - дейди сомсапаз қирғиз аёли - "Муносатабларимиз яхши. Бир ҳовуч одамнинг ишини деб, нега энди дини бир, тили бир ўзбек ва қирғиз ўртасидаги муносабатлар бузилиши керак экан?"
Хуллас, Москвада муҳожирликда яшаб, ишлаётган мусулмонлар турли минтақалардан келган, ҳар хил миллат вакиллари.
Аммо бугун улар ягона ва ҳамжиҳат бир жамоа сифатида бўй кўрсатишмоқда.
Бу, айниқса, жума намозларида, ҳалол ошхоналарда янада яққол ва бўртиброқ кўзга ташланади.

























