Домодедовода тандир, мавқеи ошган ўзбек тили ва истараси исиётган Россия

Сўнгги янгиланиш 22 апрел 2012 - 13:21 GMT

Домодедово ҳаво қўналғаси иккинчи қаватидаги "Узбечка" ресторанида кўмирда нон ёпиб, дошқозонда палов дамлашади

Россия бугун сизни тамомила ўзбекча кутиб олади. Бу ерга келган ҳар бири киши кутиш залида ўзини аксар марказий осиёча қиёфалар қарши олишини ҳозир яхши билади. Ким кимни чақирган, бировнинг қўлида кўрпа, бошқаси қовун кўтарган. Атрофда Андижону Фарғона, Бухорою Термез шеваларини эшитасиз.

Бугун Домодедоводаги автомат машиналарда Ўзбекистон байроғи акси туширилган тугмачалар: Уларни босиб, пул олиш ва ёки билетингизни текшириш учун керакли маълумот ҳамда йўриқномани ўзбек тилида ўқий оласиз.

Диндорлар учун эса масжид бор. Йўл кўрсатувчи белгида намоз ўқиётган одам акси туширилган. Дунёдаги энг йирик православ мамлакатнинг энг катта аэропортида ибодатхонани бугун хоч ва ё черков акси эмас, балки намоз ўқиётган одам шакли рамзлантирмоқда.

Шундоқ Домодедово учиш майдончасига қараган ойнабанд даҳлизда эса кўзингиз "Шумбола" фильмидаги каби хомсувоқ деворларга тушади. Бу - "Узбечка" ресторани. Кираверишда тандир. Унда электр ё газ эмас, айнан кўмирда нон ёпишади. Чорсунинг энг арзон оби нонларидек кичик кулчаларнинг ҳар бири олти долларча туради. Бир нимкоса палов эса 20 доллар атрофида.

Москва ҳаво қўналғасидан чиқмасданоқ турли ишларни қилаётган кўплаб муҳожирларга кўзингиз тушади

Метрога тушганда, йўлагу станцияларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб юрган ўзбекларга кўзингиз тушади. Улар қишда кўча супуришмайди, қурилишда ҳам ишлашмайди. Балки янги келган ҳамюртларига "рўйхат қоғози" сотишади. Секин келиб "қоғоз сотамиз", деб қолишади. Аммо бу қоғозлар қанчалик ҳақиқий - аниқ эмас.

Тилла тишли ўртакашлар

Афтидан, маҳаллий руслар бугун ҳар қадамда учрайдиган марказий осиёликларга кўзлари кўниккан. Вокзалу йирик бекатларда сирли суҳбатлар қуриб, пичирлашиб турган бу муҳожир ёшларга ҳеч ким қиё ҳам боқмайди.

Ўзбекистондан энди келган, эгнидаги енгил спорт кийимида совуқда диқиллаб турган ёшларни Қозон вокзалида оғзи тўла тилла тишли ўзбек келинойи кутиб олади. Кейин "фалончи жойга борасан, санга қоғоз қилиб беришади, маошинг 700 доллар бўлади", деб жўнатиб юборади. Орада ётар-турар жойи ва озиқ-овқати ҳақида ҳам маълумот бериб ўтади.

Кейин гулдор рўмолли, юпунгина пальто кийган ўзбек опоқилар ва келинойилар поездлардан тушадилар. Уларни ҳам атрофдаги "қоғоз" сотиб юрган ўзбек йигитлари ва уддабурон келинойилар кутиб олишади. Поезд йўловчилари ҳали вокзалдан чиқиб улгурмай, Москва милицияси ҳам вокзал ичкарисига ташриф буюради.

Қаторда хато қилмай, янги келганларни олиб кетишади. "Ҳойнаҳой, ҳақларини олишади" - дейди Москвадаги ҳамкасбим.

Москвада адашиб қолсангиз, ҳар қадамда йўл кўрсатувчи ўзбекларни топа оласиз.

Вокзаллардан чиқишда турли ишлар билан банд марказий осиёликлар кўп. Биров қор кураган, кимдир рўйхатнома сотган, бошқаси қўл телефони карточкасига харидор кутади. Омадлилар ошхона ё дўконлардан иш топадилар. Ҳунарлилар эса қурилишдами, бирон корхонадами ишлайдилар.

Тил билмасанг кўча супур ё том кура...

Аммо янги келганлар, рус тилини билмайдиган ва ёки ҳунарсизлар энг оғир ишларни қилишади.

Бугун аҳолиси камаётган Россияга 10 миллиондан кўпроқ муҳожир келган. Россия матбуотига кўра, ҳар иккинчи муҳожир - ўзбек.

Шу боисми, Москвада ўзбекча ошхоналар ҳам кўпаймоқда. Тўғри, ҳар қадамда олдингиздан чиқадиган, махсус брендга айланган "Чайхона" (русча талаффузга мослаб, "чой" сўзи "чай" деб ёзилмоқда) чўнтаги бақувватларга мўлжалланган. Муҳожирлар эса ўзлари учун кичик-кичик сомсахонаю ошхоналар очишган.

Янги келган, таниши йўқ ва ё русча билмайдиган муҳожирлар кўча супуриш, томларни кураш каби энг оғир ишларни қилишади

"Русларнинг ресторанига борсак, унчалик ёқтиришмайди, бизни энди ўзларидан паст кўришади-да" - дея тақдирга тан беради Новослободская мавзесидаги Ўзбек ошхонасида биз гаплашган фарғоналик қурувчи.

У узоқ йиллар далада ишлаган. "Ўзбекистонда ер одамни боқолмай қолди. Энди иложимиз йўқ, қишда бўш пайтимиз келиб, қурилишда ишлаймиз. Қизимни чиқардим, ўғлим ҳам катта бўлаяпти" - дейди суҳбатдошим совуқда қабариб, қотиб қолган қўлида пахта гулли пиёлани тутганича.

Лекин муҳожирларга нисбатан русларнинг фикри ҳам ўзгараётган кўринади. Ирқчилик ҳужумлари сўнгги йиллари камайган. Бугун ҳатто муҳожирларга қарши фикрдаги руслар ҳам қандайдир даражада уларга эҳтиёж борлигини тан оладилар.

"Шу муҳожирлар ертўлаларда яшашади ва шароитлари оғир. Ҳозир кам маош бериб, уларни деярли қуллардек яшашга мажбурлашмоқда" - дейди рус миллатчиларидан бири.

Ўнғайсиз савол-жавоб

Россия газеталарини очсангиз, жиноий гуруҳ тузган қофқозлигу, контрабандачи ўзбеклар ёхуд гиёҳванд модда сотувчи тожиклар ҳақида битилган мақолаларни топиш мушкул эмас.

Шунга қарамай, одамлар Россияга келишдан тўхташаётгани йўқ. Тинчлик проспекти метросидан чиқаверишда гулқоғоз сотиб турган ўрта яшар киши эътиборимизни тортади.

Қирғизистонлик суҳбатдошим ватанига қайтиб кетишни истайди, аммо у ерда иш топа олмай, яна Россияга қайтиб келиши эҳтимоли катталигини айтади

Суҳбатга тортишга интилсангиз, бизни ёмонламайсизми, дея қийналиб ўзбекча жавоб беради. Ўзбекистонлик лўлилардан экан. У масжид яқинида туриб, намозхонларга бир бора ишлатиладиган гулқоғоз-жойнамоз сотиб пул топади.

Муҳожирлар ўзларига нисбатан матбуотнинг салбий муносабатини яхши биладилар. Шу боис кўпчилик гапиришни истамайди.

"Болангиз борми?" - дейди қўлидаги қоғоз жойнамозларни ёнидаги қути устига қўйиб суҳбатдошимиз - "Ҳеч қачон фарзандларимга бугун қандай овқат топиб бераман, совуқда устларига нима кийдираман, деб ўйлаганмисиз?"

Бу саволга ҳеч ким жавоб топиб беролмайди. Москванинг 30 даражали совуғида эски жемперда юрган бу ҳамюртимиз ортида ер чизиб турган хотини ва онасинг этагига ёпишиб турган тетапоя қизалоғидан секин узоқлашишдан бошқа чорангиз қолмайди. Бошқа савол сўраш ўнғайсиз туюлади.

Табиати совуқ, истараси иссиқ юрт

Россия ҳозир фақат камбағалга қайишмаяпти. Марказий Осиёдан келиб, ўрта ва йирик тижоратларни юритаётган одамлар кам эмас.

"Ўзбекистон ё Тожикистонда бир сўм топсангиз, бу ерда ўн сўм топасиз" - дейди Шимолий Москвадаги ўзбек ошхоналаридан бирида ишлайдиган душанбелик Маҳмуд.

Москвада қатор муҳожирлар учун ҳатто русча гапиришга унчалик ҳожат ҳам йўқдек кўринади.

Россия қўналға ва вокзалларида ўзбек тилида автомат-машиналар ишлайди, бу ерларда черков тополмассиз, аммо масжид бор

Кўчада қўл телефони карточкасини сотиб ўтирган асакалик йигит ёнига шаҳрисабзлик қиз келади-да, тўғридан тўғри ўзбек тилида "телефонимга фалончи карточка керак, пистончи нарсасини тўғрилаб берасизми?" - деб сўрайди.

Москвадаги муҳожирлар орасида ҳозир хотин қизлар ҳам тобора кўпаймоқда.

Бир неча хонадон болаларига қарайдиган Қирғизистонлик Чўлпон эри билан бирга Москвада ишлайди. Энди Қирғизистонга қайтиб кетмоқчи.

"Лекин ким билади, яна қайтиб келишимиз мумкин. Ҳар гал бўлди энди, ўз юртимда яшайман, деб борасану, бироқ пул топиш имкони йўқлигини кўргач, иложсиз, қаердасан Россия, деб яна шу совуқ ўлкага қайтиб келасан. Россия табиати совуқ юрт, аммо вақт сайин истараси иссиқ туюла бошлаган" - дейди Чўлпон.

Дарҳақиқат, бу совуқ ўлка бугун кўплаб ўзбек, тожик ва ё қирғизнинг кўзига иссиқ кўринса эҳтимол. Шахсан ўзим ҳам Москвада Ўзбекистонга бир қадам яқинлашгадек эдим. Таниш одамлар, ўз тилинг ва маданиятинг, русларнинг нисбатан кўникаётгани ва ўзбек таомлари...

Лондонда туриб эса аҳён-аҳён ўзимизга савол бериб қоламиз: "Балки биз ҳам Россияда яшармидик?"

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.

]]>