Туркия Оврўпога орқа ўгирмоқда ё Самарқанд-ТВ ва ҳожат дарси

Сўнгги янгиланиш 10 май 2012 - 13:35 GMT

"Ўтган 90 йиллик умрида дунёвийликка ва Ғарбга интилган Туркия Жумҳурияти бугун уларга орқасини ўгирмоқда. Энди Мусулмон дунёсига қайта юзланаяпти".

Бу - кўплаб турклар айтаётган фикр, Туркияга борган сайёҳлар таассуроти. Мен билган аксар оврўпоча ва дунёвий Истанбул, бу сафар кўпроқ тақводор ва осиёча туюлди.

"Ироқни парчалашди, Афғонистон уруш гирдобида. Ҳозир Эронга ёпишиб олишган. Нима, эртага навбат Туркияга келадими?"

Таксичи, Истанбул

Қаерга борманг, ҳижобли аёлларни учратасиз.

"Илгарилари муслималар ўзларини кўп ҳам кўз-кўз этишмасди" - дейди истанбуллик танишим -"Энди Исломчилар ҳокимиятда бўлгани боис ўзларини анча бемалол ҳис қилишаяпти".

"Мана Президент Гул Британияга борганида, ҳижобли рафиқаси уларнинг қироличаси билан учрашди-ку?"

Тақводор Бош вазир - Ражаб Тойиб Эрдўғон илк сайланган пайти унинг рафиқаси ҳижобда парламентга келган ва бу ҳолат нафақат Туркияда, балки Оврўпо ва Яқин Шарқда ҳам катта баҳс ҳамда шов-шувларга сабаб бўлганди.

Рўмоли туфайли Туркиянинг ўқув юртларидан бадарға қилинган талаба қизлар узоқ йиллар бошларини бекитиш учун ҳижоб ўрнида сунъий соч - парик кийиб дарсга қатнашган.

Бугун манзара анча фарқли.

Тўп-Капи (Тўп-Дарвоза) саройи ортидаги Гулхона мавзеида ҳар куни пешин овқатини еганда, мутолаадан чиқиб кетаётган юзлаб ҳижобли қизларни кўрардим. Айни манзара ҳали 10 йил олдин ҳам Истанбул учун ғайритабиий кўринган бўлурди. Аммо энди одатий ҳолат.

'Ғарб фитнаси'га ишонч

Илдизи Исломга тақаладиган Адолат ва Тикланиш партияси мана қарийб 10 йилки сайловларда ютиб чиқади. Қандай қилиб ҳар вақт Ғарбга маҳлиё бўлиб келган турклар Исломчиларни сайлашмоқда?

"Афғонистон ишғоли, Ироқ уруши кўп нарсани ўзгартирди" - дейди турк танишим - "Одамларда Ғарб фитнаси ва мусулмонларга қарши урушаётгани ҳақида қандайдир кучли бир ишонч шаклланган".

Президент Гул Британияда қиролича билан учрашувга ҳижобли рафиқаси билан бирга келган

Кейин қўшиб қўяди:"Мана Туркия шунча йилдан бери Оврўпо Иттифоқига қўшилишни истайди, аммо турли баҳоналар билан сафларига киритишмайди. Биздан ҳам камбағал ё инсон ҳақлари тўла тикланмаган айрим давлатларни олишаяпти-ку? Аслида, Туркияни мусулмон бўлгани учун қабул қилишмайди".

Бу каби кескин хулосани Истанбулда кўпчиликдан эшитиш мумкин. Баъзилар айрим Оврўпо раҳбарлари оғзидан чиққан "фарқли маданият ва дин амал қиладиган Туркияни сафимизга ололмаймиз" қабилидаги фикрларни мисол қилиб келтирадилар.

Тўғри, Туркия ҳамон Оврўпо иттифоқига қўшилиш истагидан қайтмаслигини айтади. Аммо амалда бугунги турк ҳукумати учун бунинг аҳамияти катта эмасдек.

Анқара Яқин Шарқ ва Ислом дунёсидаги, Осиёдаги узоқ-яқин қўшнилари билан алоқаларини яхшиламоқда.

"Ҳозирги ғарбона ҳожатхоналар зарарли эканлигини фан ҳам исботлади. Ўзимизнинг чўнқайиб ўтирадиган ҳожатхонамизга қайтиш керак"

Турк шифокори

Бош Вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон эса Туркия дарвозаларини барча мусулмон учун очамиз, ким истаса, бемалол визасиз келиб, дам олсин, томоша қилсин, деб айтганди.

Дейлик, турк ватандошлари Ўзбекистон визасини олишда қанчалик қийналишмасин, Ўзбекистон фуқаролари визасиз Туркияга келиб-кета олишади.

Жаноб Эрдўғон халқаро анжуманларда Исроилнинг фаластинликлар устидан юргизаётган сиёсатига бир неча бор ўз қаршилигини билдириб чиқди. Баъзилар буни халқбозлик дейди, бошқалар наздида бу - қаҳрамонлик.

"Ироқни парчалашди, Афғонистон уруш гирдобида" - дейди Ғозионтеплик таксичи йигит - "Мана энди Эронга ёпишиб олишган. Нима, эртага навбат Туркияга келадими?"

Дунёвийпараст турклар ё талвасада, ё иккиланишда. Бир тарафда - АҚШ бошчилигидаги Ғарбнинг тажовузкор сиёсати, иккинчи тарафда - норози ва тобора исломийлашаётган Туркия.

"Агар Ғарбнинг мусулмон дунёсидаги сиёсати ўзгармаса, Туркия вақти келиб, Эрондек бир жамиятга айланиши мумкин" - дея хавотирини яширмайди ёш сўлчи турклардан бири -"Атрофга қаранг, аллақачон бунинг аломатлари яққол кўринади.

Самарқанд-ТВ ва ҳожат дарси

News image"Мен бир қабила бошлиғи эмас, мен Туркия Жумҳурияти Бош вазириман..."

Ражаб Тойиб Эрдўғон

Меҳмонхонада телевизор каналларини кўриб турсам, Самарқанд-ТВ чиқиб келди. Марказий Осиёга оид янги канал очилибди, деган хаёлга бордим. Қарасам, кўпроқ диний мавзуларда кўрсатувлар тайёрланаркан.

Бугун Туркияда Дўст-ТВ, Самарқанд-ТВ ё Сомон Йўли каби ўнлаб рақамли Исломий каналлар бор.

Эсимда, ўтган сафар Истанбулга борганимда телевизорни қўйсам, 3-4 нафар қиз бир йигитни танлайдиган жонли кўрсатув намойиш этиларди. Студияга бир томошабин қўнғироқ қилди. Бошловчи унга сўз бериши биланоқ ҳалиги одам бутун кўрсатувни қоралаб кетди.

"Туркия - мусулмон мамлакати. Нима энди, турк қизлари ўзларини бозорга солиб, бир эркак устидан талашишлари ва буни бутун мамлакатга кўрсатиш қолувдими? Турк халқини не кўйга солаяпсиз, болаларга нима ўргатаяпсиз?!"

Бугун бу каби кўрсатувлар кескин камайган. Кўпинча миллий ва диний анъаналар, халқ мусиқаси ва ё қадриятлари ҳақида дастурлар ишланади.

"Ҳозирги ғарбона ҳожатхоналар зарарли эканлигини фан ҳам исботлади" - дейди бир каналда зал тўла ҳижобли аудитория олдига чиққан шифокор - "Ўзимизнинг чўнқайиб ўтирадиган ҳожатхонамизга қайтиш керак".

"Эркакларнинг простатит бези ва ичак хасталиклари юзага келмаслиги ҳамда ёш қизларда пешоб қолиб кетмаслиги учун ҳозирги ҳожатхоналарни паст қилиб қуриш ва ё устида тескари ўтириш керак" - намойиш этади шифокор.

Бу каби исломий ва миллий анъаналарга мос ҳаёт кечириш афзалликлари ҳақида ҳар куни янгича бир чиқишга гувоҳ бўлиш мумкин.

Бугунги Истанбул кўпроқ исломий ва кўпроқ осиёча кўринади

Меҳмонга борганда "Титаник" фильмида Леонардо де Каприо асбобларини ҳозирлаб, Кэйт Уинслетнинг кийимсиз аксини чизишга интиларкан, хонада ўйнаб ўтирган болалар кўзи тушмасин, деб бошқарувчи пультни сўрайман.

"Бунга ҳожат йўқ. Ҳозир кийимсиз ва жимога ишора қиладиган саҳналар кесиб ташланади" - дейди мезбон.

Кўплар бундан норози эмас. Аммо хавотирлар ҳам оз эмас.

Турк пистасига етмаган фунт стерлинг

"Ҳозир демократия йўлидан чекинаяпмиз, журналистлар кўп нарсани ёза олишмайди" - дейди журналистикадан воз кечган истанбуллик бир тужжор -"Дунёвийпарастлиги учун жазоланаётган одамлар бор".

"Оврўпо остонасини супуриб, инқироз ва сиёсий беқарорликка эришгандик, энди Оврўпо инқирозда, бизда эса иқтисод жадал ўсаяпти"

Сотувчи, Истанбул

Аммо ўтган ўн йил ичида мамлакат жадал оёққа тураётгани боис кўкрак кераётган турклар ҳам кўп.

"Оврўпо остонасини супуриб, инқироз ва сиёсий беқарорликка эришгандик" - дейди Истанбул бозоридаги писта сотувчи - "Бугун дунёдаги энг катта 15 иқтисоднинг биттаси бўлдик. Ғарб инқироздан ўзига келолмаяпти, бизда эса жадал ўсиш тўхтатагин йўқ".

Туркия ўзининг Ғарбга қанчалик кераклигини яхши билади ва бугун шунга мос тарзда ўзини тута бошлаган.

"Мен бир қабила бошлиғи эмас, мен Турк Жумҳурияти Бош вазириман" - деган эди бир халқаро анжуманда Ражаб Тойиб Эрдўғон ўзига бошқа, Исроил раҳбарига бошқа муносабат кўрсатилганидан норози бўлиб.

Истанбулда эса мазаси ҳам, кичиклиги ҳам Ўзбекистон пистасини эслатадиган қимматгина Антеп пистаси нархини савдолашсам, сотувчи қўшиб қўяди.

"Энди билдим бунча савдолашаётганингни! Оврўпо инқирозда, пулларинг камайган, ҳатто бир кило писта ҳам ололмай қолибсизлар!"

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.

]]>