
Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига мўлжалланган ва улар иш қуроллари сифатида тасвирланган рисола Санкт-Петербург ҳокимиятининг "Тоқатлилик" дастури веб саҳифасида чоп этилган.
Ўзбек, тожик ва қирғиз тилларига ўгирилган "Меҳнат муҳожири учун мўлжалланган маълумотнома уч бўлимдан иборат.
Маълумотномадан ҳуқуқий йўл-йўриқлар, ОИТС хасталиги профилактикасига оид маслаҳатлар ҳамда шаҳарнинг маданию маиший ўзига хосликларига оид маълумотлар ўрин олган.
Аммо, энг қизиғи, қарийб 50 саҳифали рисоладан ўрин олган оқ-қора ва рангдор тасвирларда марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари чўтка, андава, супурги ва куракча шаклида тасвирланган.
Суратларда аксланган маҳаллий полиция ходими, шифокор ва экскурсовод эса, ўзларининг инсоний қиёфаларини сақлаб қолишган.
Ҳар икки суратлар муаллифи ҳам рассом Станислав Щепин экани айтилмоқда.
"Тоқатлилик" веб саҳифасида айтилишича, ушбу рисола амалдорларнинг миллий жамоалар билан учрашувлари чоғида, муҳожирлар орасида ОИТС хасталигининг олдини олиш йўлида иш олиб бораётган шаҳардаги қатор марказлар ва турли йўналишларда қатновчи маршрут таксиларида тарқатилади.
Рисола илк бор бир ярим йил бурун нашр этилган ва орада 10 минг нусхада тарқатилган ҳам.
"Биз эмас..."
Аммо рисола меҳнат муҳожирларининг ўзига хос тасвирлари билан блогерлар ва оммавий-ахборот воситаларининг эътиборини тортаркан, шаҳар масъуллари бу - ўзларининг ишлари эмасликлари иддаосига тушиб қолишган.
Уларга кўра, ушбу рисолани ёзиш ва чоп этиш ишларига "Взгляд в будущее" жамоат ташкилоти бош-қош бўлган.
Аён бўлишича, мазкур ташкилот марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг Россия жамиятига мослашиб кетиши ва улар орасида ОИТС хасталигининг олдини олишга қаратилган "Шарқ-Ғарб" лойиҳаси доирасида бу ишни амалга оширган.
Аммо, "Взгляд в будущее" ташкилоти раҳбари Глеб Панфиловнинг "Интерфакс" ахборот агентлигига берган суҳбатига қаралса, на-да меҳнат муҳожирлари ва на-да бирор бир киши рисоладаги суратлар юзасидан ўзларига шикоят қилиб келмаган.
Жаноб Панфиловга кўра, маълумотнома юзасидан фикрлари ўрганилган пайтда чўтка, супурги ва куракча шаклидаги тасвирлар меҳнат муҳожирларининг эътирозларига сабаб бўлмаган.
"Биз иш қуроллари шаклидаги суратларни танлаб, меҳнат муҳожирлари эмас, буклет персонажлари сифатида кўмак бериши мумкин бўлган ёрдамчи-тасвирларни назарда тутгандик. Бирорта ҳам меҳнат муҳожири бизга суратлар юзасидан шикоят қилгани йўқ", дейди жаноб Панфилов.
Унга кўра, лойиҳани амалга ошириш жараёнида меҳнат муҳожирлари ўзларига жуда хайрихоҳлик билан муносабатда бўлишган ва рисоладагиси дохил ўзларига берилаётган маълумотларни жон диллари билан қабул қилишмоқда.
10.000 нусхада чоп этилган "Меҳнат муҳожири учун маълумотнома" айнан ана шу тасвирлари сабаб блогерлар орасида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.
Муаллифларга кўра, маълумотномадан меҳнат муҳожири, "ўзи ва оиласига моддий жиҳатдан қандай қилиб ёрдам бериш, Ватанига соғ-омон қайтиш ва буюк шаҳарга ўзининг озгина бўлса-да меҳнати сингганидан ғурурланиши лозим"лигини билиб олади.
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида биргина фаррошлик қилувчи марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг сони 10.000 га яқин экани айтилади.
Азиз Ўқувчи!
Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.
Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk

























