
Президент Нурсултон Назарбоев қонли воқеалардаги полиция амалларини олқишлаган
Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида ўтган жумада юз берган полиция ва нефтчи намойишчилар тўқнашувларида яраланган яна бир киши ўз жароҳатларидан вафот этган. Бу билан талафотлар бўйича расмий кўрсаткич 16га етди.
Шу кунларда Youtube интернет сайтида чоп қилинган видеоклипда полиция намойишчиларни ўққа тутаётгани ва қочишга уринган ярадорларни дўппослаётгани намоён бўлган.
Аввалроқ полиция фақат ҳавога ва ерга уқ ўзгани ва ўқлар рикошет бўлиб намойишчиларни жароҳатлаганини билдирган.
Айни дамда Би-би-си билан суҳбатда Қозоғистондаги мухолифат партиялари, ёзувчи ва инсон ҳақлари фаолларидан тузилган мустақил комиссия қозоқ ҳукумати ҳақиқатни бузиб кўрсатишга ва ўз жиноятларини яширишга уринаётганини даъво қилди.
Ўзини жамоатчилик комиссияси деб атаётган гуруҳ аъзоси, Жаш Алаш интернет газетаси мухаррири Риспек Сарсенбаев қозоқ ҳукумати уларни Жанаўзенга кириб мустақил текширув ўтказишларига тўсиқ қўяётганини билдирди.
Сарсенбаев: Бизга Жанаўзенга киришга рухсат беришмади, Манғистау вилояти хокими бизга йўл очиқ деб ваъда қилганди, лекин ярим йўлда йўлимизни тўсиб ортга қайтаришди. Ҳокимият ўзи танлаган жойларни кўрсатиш учун бир гуруҳ журналистларни олиб борди, улар ҳақиқатнинг фақат ярмини гапирадиган одамлар билан учрашувлар уюштиришди. Журналистларни киритишдию, бизни киритишмади. Чунки бизнинг комиссиямиз аъзолари Жанаўзен нефтчилари ва қонли воқеаларнинг асл гувоҳларининг ўзлари билан учрашмоқчи эдик. Ҳукумат бизнинг бутун ҳақиқатни билиб олишимиздан қўрқди. Ундан ташқари Жетибай посёлкасидаги нефтчилар бизни таклиф қилишганди, уларни кўриш учун йўлга чиққанимизда полиция йўлимизни тўсиб, "у ерда махсус амалиёт ўтказилаяпти" дея ортга қайтарди, кейин билсак ҳеч қандай амалиёт бўлмаган. Кейинроқ баъзи полициячилар аслида юқоридан уларга бизни Жанаўзен ва Жетибайга киритмаслик буйруғи келиб тушганини тан олишди.
Би-би-си: Жанаўзенга киролмаган бўлсангиз, телефон орқали боғландингизми нефтчилар билан? Улар нима дейишади сизга?
Сарсенбаев: Биз ўқлардан яраланиб касалхонага тушган нефтчилар билан учрашишга муваффақ бўлдик. Ақтау шаҳрига қайтганимизда у ердаги касалхонада ўнлаб ярадор намойишчилар ётишганди. Улар бизга кимда қурол бўлгани, ким отганини сўзлаб беришди. Улар полицияга таҳдид қилишмагани, лекин баъзи ёш йигитлар тош отишганини айтиб беришди. Лекин, тош бу ўқотар қуролмас-ку, тўғрими? Уларнинг айтишича, ўққа тутилган оломоннинг аксари мустақиллик байрамига чиққан шаҳарликлар бўлишган. Ҳокимият халқни Интимоқ майдонига таклиф қилган, у ерда эса саккизинчи ойдирки нефтчилар норозилик билдириб ўтиришганди.
Би-би-си: Сиз нечта яраланганларни кўрдингиз?
"Маҳаллий халқнинг бизга айтишича, оқсоқоллар атайлаб ҳокимиятга бориб, байрамни майдонда ўтказмасликни илтимос қилишган, майдонда ғазабланган, оч одамлар норози бўлиб ўтиришибди дейишган, уларнинг ёнида рақсга тушиш маъқул эмас дейишган, лекин ҳокимият қулоқ солмаган."
Сарсенбаев: Ҳар хил, бир палатада икки-уч одам, яна бирида тўрт, яна бирида икки. Лекин бу ҳали Ақтаудагилар. Жанаўзеннинг ўзидаги касалхонада ҳам ярадорлар ётибди. Умумий сонни ҳеч ким аниқ билмайди. Улар касалхоналарнинг турли бўлимларида ётишибди. Аксар ярадорлар асосан оёқларидан ўқ ейишган, лекин баъзилари кўкрагидан ҳам ўқ еб, бир мўъжиза билан омон қолишганларини ҳам кўрдик.
Би-би-си: Намойиш қатнашчилари сизга ўзи тўқнашувлар нимадан бошланганини гапириб беришдими? Мамлакат ҳукумати, хусусан президент Назарбоев майдонда провокаторлар бўлгани, яъни икки томонни гижгижлаб уруш чиқаришган дея баёнотларни қилишди. Сизга нима дейишди?
Сарсенбаев: Нефтчиларни майдондан сиқиб чиқаришмоқчи бўлишган. Байрамни атайлаб шунинг учун уюштиришган. Байрамни бошқа жойда қилишса ҳам бўларди, шарт эмасди нефтчилар саккиз ойдан бери ўтирган жойда қилиш. Маҳаллий халқнинг бизга айтишича, оқсоқоллар атайлаб ҳокимиятга бориб, байрамни майдонда ўтказмасликни илтимос қилишган, майдонда ғазабланган, оч одамлар норози бўлиб ўтиришибди дейишган, уларнинг ёнида рақсга тушиш маъқул эмас дейишган, лекин ҳокимият қулоқ солмаган. Кейин тўқнашувлар келиб чиққан. Провокаторлар ҳам бўлган. Лекин, ким томонидан бўлган бу провокаторлар? Шуни ҳам аниқлаш керак.
Би-би-си: Бугун қозоқ ҳукумати Жанаўзен терговида қатнашиш учун БМТнинг махсус вакилини таклиф қилган. Масалан, Андижон воқеаси ортидан Ўзбекистон БМТ терговчилари аралашувига кескин қарши чиққанди. Қозоқ ҳукумати ва БМТ тергов қиламиз деб турганди, сизнинг жамоатчилик комиссиянгиз уларга халақит бермайдими?
Сарсенбаев: Йўқ, биз мутлақо халақит бермаймиз. Аксинча, биз уларга имконқадар ёрдам беришга тайёрмиз. Агар БМТни таклиф қилган бўлса, буни ҳуш қарши оламиз. Лекин, қўрқаётганимиз шуки, эртага қозоқ ҳукумати БМТ ё бошқа халқаро экспертларга яна ўзи истаган ва аввалдан тайёрлаб қўйган жойларни кўрсатади, ва ўзи тайёрлаган одамлар билан учраштиради, ва ўз жиноятларини яширишга уринади. Ўз халқига қарата ўт очиш бу жиноят. Бизнинг ҳукуматимизда ҳақиқатни бузиб кўрсатиш тажрибаси аввалдан бор.
Би-би-си: Лекин, сизларга ҳам ишониб бўлмайди дейдиганлар бор. Сизнинг комиссиянгиз асосан мухолифатчилардан ташкил топган, мавжуд вазиятни янада абгор деб кўрсатиш сизнинг манфаатингизда эмасми?
Сарсенбаев: Йўқ, бизни мухолифат комиссияси дея баҳолаш нотўғри. Комиссия мақсади ҳақиқатга эришиш. Орамизда мухолифатга алоқаси бўлмаган ёзувчилар, инсон ҳуқуқлари фаоллари бор. Тўғри орамизда партиялар раислари, аъзолари бор, лекин улар партия номидан келишмаган, балки оддий қозоқ фуқаролари сифатида келишган. Комиссиямиз аъзолари ҳурматга сазовор, оққўнгил, ҳақиқатгўй одамлар.
Биз билан боғланинг
* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

























