Қодиржон Ботиров: "Менга нисбатан чиқарилган ҳукм сиёсийдир"

Қодиржон Ботиров

Ўтган йил баҳори ва ёзида Қирғизистон жанубида юз берган этник низоларда айбдор деб топилган ўзбек жамоаси раҳбарларидан Қодиржон Ботиров ўзига нисбатан чиқарилган ҳукмни "сиёсий" дея баҳолади.

Ўтган ҳафта Жалолобод вилоятида Қодиржон Ботиров дохил бир неча ўзбек лидерлари устидан бир неча ой давом этган маҳкама жараёни ниҳоя топганди.

Вилоят маҳкамаси Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Қодиржон Ботиров ва Қирғизистон парламентининг собиқ аъзоси Иномжон Абдурасуловни миллий низоларни "уюштириш"да айбдор деб топиб, сиртдан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этганди.

Маҳкама, шунингдек, уларга тегишли мол-мулкни мусодара этиш қарорини чиқарган.

Шу кунларда эса Қодиржон Ботиров Шветсиядан сиёсий бошпана олган.

Жалолобод маҳкамаси қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги миллий низони Қирғизистондаги ўзбек диаспораси раҳбарлари уюштирганлар, деган хулосага келган.

Қодиржон Ботиров зўравонликлар раҳбари сифатида маҳкамада алоҳида тилга олинган.

Би-би-си Қодиржон Ботиров билан суҳбатлашди.