Москвада юқори мартабали зобит машинадаги бомба портлашида ўлди. Видео

Сурат манбаси, T.ME/SLEDCOM_PRESS
- Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Москвада автомобил портлаши натижасида Россия Бош штабининг операцион тайёргарлик бўлими бошлиғи генерал Фанил Сарваров жиддий жароҳат олди ва ҳалок бўлди.
"22 декабр куни эрталаб Москвадаги Ясеневая кўчасида автомобил тагига ўрнатилган портловчи мослама ишга солинган. Россия Қуролли Кучлари Бош штаби операцион тайёргарлик бўлими бошлиғи генерал-лейтенант Фанил Сарваров олган жароҳатлари натижасида вафот этди", деди Россия Тергов қўмитаси вакили Светлана Петренко.
Аввалроқ, ОАВ ва Россия Тергов қўмитаси Ясеневая кўчасида содир бўлган автомобил портлашида номаълум шахс жароҳат олгани ҳақида хабар берган эди. Телеграм каналлари бу одам генерал Сарваров бўлганини тахмин қилган.
Россия Тергов қўмитаси умумий хавфли усулда содир этилган қотиллик ва портловчи моддаларни ноқонуний савдоси моддалари бўйича иш қўзғатди.
"Тергов қотиллик бўйича турли назарияларни кўриб чиқмоқда. Улардан бири жиноят Украина махсус хизматлари томонидан уюштирилган деган назария", дейилади қўмита баёнотида.
Украина генералнинг ўлими ҳақида расман изоҳ бермади.
Душанба эрталаб Телеграм таблоидлари Shot ва Baza портлаш оқибатида турар-жой биноси ёнида тўхтаб турган Киа Соренто автомобили шикастлангани ҳақида хабар беришганди.
РБК хабарига кўра, 56 ёшли жабрланувчи машинадан чиқолмай қолиб кетган, аммо кейинчалик қутқарилган ва оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Сарваров ҳақида нималар маълум?
Сарваров 1990 йилда Қозон Олий Танк Қўмондонлик Мактабини тамомлаган ва кейинчалик Малиновский номидаги Бронетанкли Кучлар Ҳарбий Академияси ва Россия Қуролли Кучлари Бош штаби Ҳарбий Академиясида таҳсил олган.
"Коммерсант" газетасининг ёзишича, академияни тугатгандан сўнг, у Россия Қуролли Кучлари Бош штабининг Бош операциялар бошқармаси ва Операцион тайёргарлик бошқармасида хизматини давом эттирган. 2016 йилдан бери генерал бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.
Газетанинг ёзишича, Сарваров Чеченистондаги жанговар операцияларда иштирок этган ва 2015-2016-йилларда "Сурияда операцияларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ вазифаларни бажарган".
2024 йил май ойида у Россия президентининг фармони билан генерал-лейтенант унвонига кўтарилган.
Генералларга суиқасдлар
Бу Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери юқори мартабали россиялик ҳарбий зобитга қарши қилинган биринчи суиқасд эмас.
2024 йил 17 декабр куни Москванинг Рязан проспектидаги турар-жой биноси яқинида портлаш содир бўлиши натижасида Россия Қуролли Кучлари Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси Иля Поликарпов ҳалок бўлганди.

Сурат манбаси, EPA
Октябр ойида Россия Тергов қўмитаси генерал Кирилловнинг ўлимига сабаб бўлган террористик ҳужумда айбланаётган тўрт киши: Аҳмаджон Курбонов, Роберт Сафарян, Батухан Точиев ва Рамазан Падиев устидан терговни якунлади. Терговчиларнинг сўзларига кўра, Украина разведка хизматларининг буйруғи билан Кириллов биносининг кириш қисми ёнида қолдирилган электр скутерга қўлбола портловчи мослама ўрнатилган.
2024 йил 24 июл куни Москванинг Синявинская кўчасидаги бинонинг ҳовлисида Toyota Land Cruiser Prado остидаги портлаш натижасида транспорт воситасининг эгаси, Россия Мудофаа вазирлигининг ГРУ ходими ва унинг рафиқаси жароҳат олди. Улар тирик қолишди, аммо зобит оёқларидан айрилди. Расмийлар унинг исмини ошкор қилмади.
Портлашда гумон қилинаётган шахс, Волгоград вилоятида яшовчи 30 ёшли Евгений Серебряков Туркияга қочган, сўнг Россияга экстрадиция қилинганидан кейин ўз айбини қисман тан олган. У бу билан "урушни тўхтатмоқчи" бўлганини даъво қилди.
Терговчиларнинг сўзларига кўра, Серебряков банкда таҳлилчи бўлиб ишлаётганида Украинадаги блогерларга ёзишни бошлаган ва "Украина Қуролли Кучларига ёрдам бериш учун" шахсий маълумотлари билан Россия ҳарбий хизматчилари рўйхатини тақдим этган.

Сурат манбаси, EPA
Коммерсант хабарига кўра, Серебряковга "куратор" мурожаат қилган ва у Москвадаги Тергов қўмитаси терговчисини портлатиш эвазига унга Украина фуқаролигини ва пул ваъда қилган. Кейинчалик Серебряков ГРУ ходимини танлаб, нишонини ўзгартирган, деб хабар берди газета. 20 ноябр куни суд уни 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
2025 йил 25 апрел куни Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида Бош штаб операциялар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ярослав Москалик ўлдирилди. Юқори мартабали ҳарбий офицерга суиқасд уюштиришда яна бир машина ишлатилган. Нестеров кўчасида Volkswagen Golf портлатилган.
27 ноябр куни 2-Ғарбий округ ҳарбий суди Игнат Кузинни генерал-лейтенант Москаликнинг ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳужумини содир этганликда айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Россия терговчиларининг сўзларига кўра, Украинадан келган буйруққа биноан Кузин 2023 йил сентабридан бери генералнинг Балашихадаги квартирасини кузатиб борган ва ёнидаги квартирани ижарага олган.
Кейин у машина сотиб олиб, уни бино кириш жойи ёнига қўйган, ичкарисига эса қўлбола портловчи мослама ва видеокузатув тизимини ўрнатган.
Россия прокуратурасининг маълумотларига кўра, номаълум шахс Москалик бинодан чиқиб кетаётганида портловчи мосламани масофадан туриб портлатган. Генерал шу заҳотиёқ ҳалок бўлган.












