Россия: Сиёсатчи Уфадаги ҳиндларга ҳужумни марказий осиёликларга боғлади

Кабанов мигрантларга қарши чиқишлари билан танилган. Бир ой аввал ўз телеграм каналидаги мурожаатида у хорижликларнинг Россияда туғилаётган фарзандларига бир марталик тўловни бекор қилишга чақирганди.

Сурат манбаси, t.me/kabanovkv /6724

Сурат тагсўзи, Кабанов мигрантларга қарши чиқишлари билан танилган. Бир ой аввал ўз телеграм каналидаги мурожаатида у хорижликларнинг Россияда туғилаётган фарзандларига бир марталик тўловни бекор қилишга чақирганди.
    • Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Кирилл Кабановнинг айтишича, Уфа шаҳрида ҳинд талабаларига қилинган ҳужум ортида Марказий осиёликлар лоббиси турибди.

Сиёсатчи ўзининг Телеграм каналида ёзишича, улар Россияни обрўсизлантиришни ҳам мақсад қилишган. Россия матбуоти ва Кабановга кўра, 15 яшар ҳужумчи Украинанинг Россияда террорчи дея топилган NS/WP (миллий социализм/оқ куч) ташкилотининг таъсири остида бўлган.

NS/WP - Украинада эмас, Россияда 2000-йиллар бошларида пайдо бўлган нео-нацистлар гуруҳи.

"Охирги ойларда Россияга Ҳиндистондан муҳожирларни ташкиллаштирилган ҳолда олиб келишни обрўсизлантириш йўлида фаол кампания кузатиляпти. Бу Марказий Осиёлик "қимматбаҳо мутахассислар" фойдасига қилиняпти. Биз ҳозир муайян давлатдан "хорижий мутахассислар" келишига қаршилик ё қарши эмаслик ҳақида гапирмаяпмиз, гап бошқа нарсада: Қандай қилиб Марказий осиёликлар миграциясининг лоббичилари украинпараст террорчи ташкилотлар, яъни бу ташкилотларни бошқарадиган душман хавфсизлик кучлари билан боғлиқлар", - деб савол қўйди Кабанов.

7 февралда Башкирия Тиббиёт университетида россиялик ўсмир пичоқ билан талабаларга ҳужум қилганида тўрт ҳиндистонлик талаба жароҳат олганди.

2024 йилда 91 ҳиндистонлик Россияда ишлаш ваъдаси билан олиб келиниб, Украина билан урушга сафарбар қилингани аниқланганди.
Сурат тагсўзи, 2024 йилда 91 ҳиндистонлик Россияда ишлаш ваъдаси билан олиб келиниб, Украина билан урушга сафарбар қилингани аниқланганди.

Гувоҳларга кўра, кечки сайрда қайтиб келаётган ҳинд талабаларга ҳужум чоғида миллатчи шиорлар янграган.

Ҳужум Россияга ҳиндистонлик ишчилар оқими ошиши манзарасида юз берди. Жорий йилнинг ўзида Россия ҳукумати ишчилар танқислигини аритиш учун Ҳиндистондан 70 минггача мигрант ишчиларни олиб келишини билдирган.

2025 йил охирида Россияда аллақачон 80 мингга яқин ҳиндлар қурилиш, ишлаб чиқариш ва коммунал хизматлар соҳаларида ишлаётганди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

2024 йилда 91 ҳиндистонлик Россияда ишлаш ваъдаси билан олиб келиниб, Украина билан урушга сафарбар қилингани аниқланганди.

Кабанов ҳиндистонликларга қилинган ҳужум ва марказий осиёликлар ўртасидаги алоқага ҳеч қандай далил-исбот келтирмади.

"Қизиғи шуки, украинпараст террорчилар ва Россия ичидаги миграцион лоббичилари битта мақсадда ишлаяпти. Яъни улар, марказий осиёликларни ёппасига назоратсиз олиб келишни давом эттириш учун "индуслар"нинг ташкилий олиб келинишига қарши ишлашмоқда", - деб ёзади сиёсатчи.

Кабанов мигрантларга қарши чиқишлари билан танилган. Бир ой аввал ўз телеграм каналидаги мурожаатида у хорижликларнинг Россияда туғилаётган фарзандларига бир марталик тўловни бекор қилишга чақирганди.

Карнеги тадқиқот марказига кўра, Россияда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар сони 2014 йилги 4 миллиондан 2024 йилга келиб 1 миллионга тушган.