Ҳаётимни сақлаб қолган поезд ҳайдовчиси билан турмуш қурдим
Огоҳлантириш: ушбу мақолада худкушлик ва руҳий саломатлик мавзуси ёритилган

Сурат манбаси, Charlotte and Dave Lay
2019 йил, одатий ёз кунларининг бирида ҳамшира Шарлотта Лей тунги сменага тайёргарлик кўрар, бироқ ўзини унчалик ҳам яхши ҳис қилмаётганди.
Орадан кўп вақт ўтмасдан, у Ғарбий Йоркшир темирйўл бекатига яқин жойда ўз жонига қасд қилишга уринади.
Шарлоттани бу тушкун вазиятда учратган поезд ҳайдовчисининг меҳрибонлиги эса уни мудхиш қароридан воз кечишга ундайди.
Уч йил ўтиб, улар турмуш қуришади ва фарзандли бўлишади.
33 ёшга тўлган Шарлотта хотираларини эслай туриб, шундай дейди: "Ўсмирлигимдан буён руҳий саломатлигимга боғлиқ муаммолар билан курашиб келардим ва шу тизим ичида кўп маротаба даволанганман."
У ўша кун юз берган воқеалар ёдида "бироз хира" қолганини айтади, аммо Бредфорд яқинидаги Кросфлатс бекатига яқин жойда темирйўл бўйлаб келаётган поездни кўрганини аниқ эслайди.
"Бир одам поезддан тушганини, ва "энди у менга танбеҳ беради", деб қаттиқ ваҳимада қолганимни эслайман," дейди у.
"У менга яқинлашиб, ʻсалом, мен Дейвман, кунинг ёмон ўтяптими?ʼ деди.
Мен ʻҳа, озгина ёмонроқ, холос,ʼ деб жавоб бердим.
У эса ʻяхши, кел, унда ўтириб гаплашамиз, яхшилангунингача кутамизʼ деди."

Northern поезд компаниясида ишловчи Дейв поезд кабинасидан тушаркан, Шарлотта қаршисида "тиз чўкиб", ўзини таништирганини эслайди.
У Шарлотта ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун поездга чиқишга рози бўлгунга қадар суҳбатлашиб ўтиришларини таклиф қилади.
Улар шу зайлда ярим соатча суҳбатлашиб ўтиришади ва бу вақтга келиб, Шарлотта ҳануз қийналаётган бўлсада, кабинага чиқишга рози бўлади.
Уни Скиптон бекатига олиб боришади ва полиция қарамоғига топширишади.
Эртаси куни Шарлотта унга бу қадар меҳрибонлик кўрсатган одамни топиш илинжида, Northern компаниясида ишлайдиган кишилар орқали Facebook гуруҳида сўров қолдиради.
"Агар у мени эшитишни истамаса ҳам буни тўғри тушунаман, лекин ҳаётимга вақт ажратгани ва менга бир инсон ўлароқ муносабатда бўлгани учун унга раҳмат айтишни хоҳлардим," дейди у.
Шарлоттанинг ҳаракатлари бесамар кетмайди ва бир ҳамкасби Дейвнинг рақамини бергач, Шарлотта унга хабар ёзишга муваффақ бўлади.
Айни вақтда 47 ёшни қаршилаган Дейв ҳам унинг хабарини олишдан мамнун эди.
У аввал ҳеч қачон поезддан тушиб, тушкунликда қолган одам билан суҳбатлашмаганини таъкидлайди.
"Мен унинг аҳволи яхши эканлигини билишим керак эди," дейди у.
"Полицияга мурожаат қилиб, унинг ҳолати ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилдим. Фақатгина у қанчалик хавфсиз эканига ишонч ҳосил қилмоқчи эдим. Ўзимда бунга мажбурият ҳис қилдим".

Менимча, биз ўзаро яқинликни ўша поезд йўли линиясида қурган эдик. Кимнингдир ҳаётида ўз ўрнингни кўриш ёқимли эди."
Дейв Шарлоттанинг хабарига жавоб қайтариб, у билан қачон гаплашишни хоҳлашидан қатъий назар, бу учун ҳамма вақт тайёрлигини айтади. Шундан сўнг, улар ҳар куни хабар алмашишни бошлашади. Икки ой ўтгач, қаҳва ичиш учун учрашишади ва қолган барчаси тарихга айланишни бошлайди. 2022 йилда, Уилсденда яшовчи жуфтлик Шарлотта 22 ҳафталик ҳомиладор пайтида турмуш қуришади.
Бироқ, уларнинг ҳаётида бу воқеага қадар юз берган яна бир бурилиш бор эди. 2020 йилнинг июлида Дейв қаттиқ бел оғриғи билан шифокорга борганидан кейин унда мояк саратони борлиги аниқланади. Агар Шарлотта бўлмаганида, шифокорга ҳеч қачон бормаган бўлардим, дейди Дейв. "Бу эркаклигим учун," қўшимча қилади у. "Мен 12 ёки 13 йил мотор соҳасида ишлаганман, совуқ ерларда ва ташқарида, оғир нарсаларни кўтариб юрганман. Буни эса бел оғриғи, холос, деб ўйлардим. Шарлотта ъшифокорга борʼ деб туриб олди. Мен эса бу қариликдан деб ўйлаб юрардим."
Касаллик ташхисидан бир неча ҳафта ўтиб, Дейв тўлиқ соғайган эди. Лидсдаги Сент-Жеймс шифохонасидаги маслаҳатчининг айтишича, агар касаллик вақтида аниқланмаганида ва муолажа олмасдан яшашда давом этганимда, ҳозир аллақачон ҳаётдан кўз юмган бўларканман, дейди у. "Шарлотта мен унинг ҳаётини сақлаб қолганимни айтади, бироқ, мен бунга ишонмайман, чунки, аслида, у менинг ҳаётимни сақлаб қолди".
Boshdan kechirgan kunlarim tufayli bu haqida gapirish mening burchim deb o‘ylayman va umid qilamanki, bu yangi suhbatlar uchun turtki bo‘ladi.
"Ҳали ҳаёт яхши бўлади"
Жуфтлик ўзларининг ҳикоялари билан ўртоқлашаркан, кимда-ким қийинчиликларга дуч келаётган бўлса, яхши кунлар келиши муқаррарлигини тушунишларини исташади.
"Ҳали ҳаёт яхши бўлади," дейди Шарлотта. У энди уч фарзанднинг онаси. "Фақат унда қолишингиз керак, шундагина уни кўра оласиз."
Шарлотта бугун қийинчиликларга дуч келаётган одамлар учун бошқалардан ёрдам сўраш қийинлигини тан олади.
Шунинг учун ҳам атрофдагилар "ёрдам қўлини чўзишлари" кераклигини маслаҳат қилади.
У руҳий саломатлиги бўйича доимий ёрдам олишда давом этмоқда.
У одамлардан атиги "яхшимисиз?" дея ҳол-аҳвол сўраш ҳам улар билан самимий суҳбат бошлашга ёрдам бериши мумкинлигига ишонади.
"Биз бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўрашда қарздормиз," дейди у.
"Сиз кимнингдир ҳаётини тубдан ўзгартириб юборадиган маслаҳат беришингиз ёки чуқур маъноли гаплар айтишингиз шарт эмас. Шунчаки, бир чашка чой билан ёнма-ён ўтиришнинг ўзи ҳам кўп нарсаларни ўзгартириши мумкин. Бошдан кечирган кунларим туфайли бу ҳақида гапириш менинг бурчим деб ўйлайман ва умид қиламанки, бу янги суҳбатлар учун туртки бўлади."












