"Қандай юзлари чидайди, ахир?" – Тошкентдаги ногирон болалар жамияти энди кўчада қоладими? - Видео

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
- Author, Фирдавс Завқиев
- Role, Би-би-си, Ўзбекистон
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Тошкент. Қишнинг қорли кунларида Сийрат кўчаси бўйлаб юрар экансиз, маҳалла ичида кўримсиз бир бинога кўзингиз тушади. Кириш эшигига эса катта ҳарфлар билан "Бино сотилади" деб ёзилган. Гарчи бино ташқаридан оддий ва эски кўринса-да, унинг ичида асл ҳаёт қайнайди. Бунда Тошкент бўйлаб ногирон болаларни ҳимоя қиладиган "АПЛА" хайрия ташкилоти жойлашган.
"АПЛА" – ногирон болаларни қўллаб-қувватловчи нодавлат хайрия ташкилоти. Ташкилот бутун Тошкент бўйлаб кўплаб ногирон болаларни хайрия асосида назорат қилади. Уларга дори-дармон, озиқ-овқат ва совғалар тарқатади. Қарамоғида рўйхатдан ўтган 400 га яқин ногирон болалар учун тадбирлар ва тўгараклар ташкил қилади.
Бироқ, энди вазият ўзгармоқда. Ташкилотнинг эртанги тақдири эса номаълум.
Ушбу хайрия жамияти 22 йилдан буён Сергелидаги эски казарма биносида фаолият кўрсатиб келарди. Энди ер кимошди савдосига қўйилиб, сотилган. Янги эга эса 20 декабрга қадар бино бўшатилиши кераклигини талаб қилмоқда. Ҳатто 1 январгача қолиб, болалар учун янги йилни нишонлашга рухсат берилмаган.
Ҳокимиятдан эса тайинли жавоб йўқ. Ваҳоланки, 3 декабрь, Бутунжаҳон ногиронлар кунида ташкиллаштирилган тадбирда бир неча мансабдорлар қатнашдилар, болалар билан расмларга тушишди. "Улар ҳар йили келиб, ногирон болаларга мана шундай ғамхўрлик қиламиз, деб мақтанишади," дейди ота-оналардан бири.
"Ҳозир эса бино олиб қўйилаётганда, шунчаки сукут сақлашмоқда".
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Нодавлат хайрия ташкилотларига эҳтиёж борми?

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Ногиронлиги бор бўлган одамлар ўзбек жамиятида одатда қатъий тўсиқлар билан ажратиб қўйилади. Уларнинг ижтимоий ҳаётда фаоллашуви анчайин мушкул кечади. Кўпчилик ҳолатларда эса ногиронлар камситишлар ва маънавий тазйиқлар қурбонига айланади.
Бунга бир томондан ногиронларнинг ижтимоий ҳаётда фаол қамраб олинмаганлиги сабаб бўлса, бошқа томондан кўпчилик ўзбек оилалари учун бу ҳақида ошкора гапириш табу мавзу ҳисобланади.
ЮНИCEФ маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 18 ёшдан кичик ногирон болалар сони 100 мингдан ортиқ. Уларнинг 75 фоизи давлат қарамоғига олинган, холос. Ваҳоланки, давлат қарамоғига олинганлик кўп ҳолларда фақатгина ҳукумат томонидан бериладиган ёрдам пуллари ва дори-дармон билан чекланади. Ногиронларнинг ҳаммаси ҳам доимий машғулотлар, тўгараклар ёки кўнгилочар тадбирларда қатнаша олмайди.
Уларнинг ижтимоийлашуви учун етарли ҳаракатлар мавуд эмас. Буни амалга ошириш учун мамлакатда етарли инфратузилма шаклланиб улгурмаган. Шунингдек, мавжуд коррупция муаммоси амалдаги ҳукумат лойиҳаларининг ҳам самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Кўп ҳолатларда давлат ёрдами муҳтож қатламларга етиб бормайди.
Модомики, кўнгилли ташкилотлар бу борада фаоллашиб, ҳукумат лойиҳаларини дастакламас экан, ногиронлар билан боғлиқ вазият оғирлигича қолади. Улар жамоатчиликдан айри бир гуруҳ ўлароқ қабул қилинишда давом этиши мумкин. Сабаби, ногиронларни одамлар билан мулоқотга жалб этиш ва руҳий қўллаб-қувватлаш сиёсий эмас, аксинча, ижтимоий фаолликни талаб қилувчи жараёндир.
"АПЛА" нодавлат хайрия ташкилоти айни ушбу мақсадларни ўз олдига қўйган. Жамият 22 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Ҳозирда ташкилот рўйхатида бутун шаҳар бўйлаб 373 нафар ногирон болалар бор.
Бутун Тошкентдан тўпланувчи болалар учун ташкилот турли хил машғулотлар ва тўгараклар ташкиллаштириб келади. Ҳомийлар кўмагида муҳтож оилаларда озиқ-овқат ва дори-дармон тарқатади. Вақти-вақти билан ташкилот биносида ижтимоий тадбирлар ўтказилади.

Сурат манбаси, .
Умидлар қайта уйғонган маскан

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Юзлаб оилалар учун ушбу бино аллақачон қадрли хотиралар масканига айланиб улгурган. Уларнинг фарзандлари шу масканда дўстлар орттирган. Жамиятнинг ажралмас бир қисми эканликларини ушбу ҳаракатга қўшилишгач ҳис қилишган.
Назира Эргашева ҳам 14 йилдирки ушбу жамият аъзоси. Йиллар олдин ҳатто эркин ҳаракат қилишга қийналган ўғли ҳозирда секин-асталик билан рақсга тушиб, шеър айтмоқда.
Назира Эргашева ўғлининг муваффақиятидан хурсандлиги ҳақида гапирар экан, бу йўлда айни ушбу хайрия ташкилотининг ўрни беқиёслигини бот-бот урғулайди. Ҳозирги муаммоли вазият эса уни кундан-кунга ташвишга солмоқда.
"Ўғлим шу болалар даврасида ўз дўстларини топди. Ҳар бир конкурс ва байрамда ўз жамоаси билан вақт ўтказади. Фаол қатнашади. Янги йил тадбирига эса қуёш ҳақида шеър ёдлаган эди. Биз тадбиримизни нишонлашимиз керак. Агар бинони тортиб олишса, у ўз шеърини қаерда айтади?" дея қайғуради у.

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Феруза Турсунхонова ҳам 9 йилдирки ўғли Муҳаммадазиз билан "АПЛА" тўгаракларига қатнайди. У ўғли 3 ёшга тўлганда бу жамият ҳақида хабар топган. Бироқ, ушбу 3 йил у учун оғир кечганлигини айтади у.
"Шу жамиятга келиб, ўзим учун фикрдошлар топдим. Менинг ўғлим жамиятнинг кераксиз бўлаги эмаслигини англадим," дейди Феруза ногирон болалар ҳам ҳаётда кўп нарсага қодир эканлиги ҳақида гапира туриб. "Бино олиб қўйилса, бизнинг борарга жойимиз йўқ. Энди жамият тарқалиб кетадими деган хавотирим бор. Бу мен учун, фарзандим учун ҳам оғир. Энди унда дўстлари билан учрашишга имкон бўлмайди."
Бино эгалиги билан боғлиқ муаммолар бошлангач, бошқа ота-оналар каби Феруза ҳам мавжуд барча чораларни кўришга интилганини айтади. Аммо уринишларнинг бари самарасиз кетган.
"Июн ойида ҳокимимиз келганди ва бино энди ўзимизда қолишини айтган эди. Биз барчамиз хурсанд эдик. Бироқ, бино сотилибди. Бу хабарни ҳокимликка етказишса, ҳоким ҳеч нарса қилолмаслигини айтибди," дейди у. Фаоллар ҳокимият биносига бир неча бора ташриф қилишган. Хатлар жўнатишган. Буларнинг ҳеч бирига қарамай, ҳокимият ҳали ҳам жим.
Йўлланган мурожаатларга эса ҳокимлик "янги жой топсангиз, бизга хабар қилинг: нархини арзонроқ гаплашиб берамиз" дея жавоб берган. Ернинг янги эгаси эса ҳеч бир илтимосларга рози бўлмаган.
"Қандай юзлари чидайди, ахир? Қандай қилиб шу ногирон болаларни кўчага ҳайдашлари мумкин?" дея ёзғиради Назира Эргашева.
Вазиятга аниқлик киритиш учун биз шаҳар ҳокимлиги билан боғланишга уриндик. Бироқ, қилинган қўнғироқларнинг барчаси жавобсиз қолди.
Янги йилга саноқли кунлар қолар экан, қўлбола ясалга арча безаклари Сергелидаги эски казарма биносига ўзига хос кўрк қўшишни бошлаган. 12 ёшли Муҳаммадазиз эса дўстлари билан яна бир байрамни нишонлашни интизорлик билан кутмоқда. Назира Эргашева эса ўғли байрам учун ёдлаган қуёш ҳақидаги шеърни яна бир бор эшитиш учун уйига шошади.












