|
Қозоғистон ОХҲТ раислигини қабул қилиб олди | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Қозоғистон собиқ Шўро республикалари ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига раисликни қўлга киритган илк мамлакат бўлди. Ташкилотнинг расмий интернет саҳифасида Қозоғистон Давлат котиби, Ташқи ишлар вазири Қанат Саудабаевнинг билдиришича, бу "стратегик муҳим минтақа ва ОХҲТ ҳудудида Қозоғистоннинг роли ортиб бораётганининг эътирофи"дир. Расмий Остона ўзининг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти раиси сифатидаги устувор вазифалари нималардан иборат эканини 14 январда Вена шаҳрида бўлиб ўтадиган мажлисда эълон қилиши маълум қилинган. Қозоғистоннинг бу ташкилотга раислигидан нималарни кутиш мумкин, деган саволга тошкентлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толибов, бундан жиддий ўзгаришлар, катта янгиликлар кутиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. "Чунки раислик кўп жиҳатдан рамзий кўринишдаги лавозим. Раис дегани билан унинг бир ўзи ташкилотга раҳбарлик қилмайди-ку. Ҳар қанақа жиддий, йирик аҳамиятга эга қарорларни ташкилотга аъзо давлатлар консенсус асосида қабул қилади. Агар савол шу тарзда қўйиладиган бўлса, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Марказий Осиёдаги фаолиятини жадаллаштириш йўлида, ташкилотнинг дастурларини самарали олиб бориш мақсадида Қозоғистон имкон қадар бу ташкилотнинг бюджетидан минтақага ажратилаётган молиялар ҳажмини кўпайтиришга эришса, ўйлайманки, бу ҳам катта ютуқ бўлган бўларди", дейди Фарҳод Толибов. Қозоғистоннинг Оврўпо ташкилотига раислик қилиши қарори 2007 йилда қабул қилинган, бироқ қатор халқаро ташкилотлар Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари ва демократия билан боғлиқ вазият туфайли бу қарорни танқид қилган эдилар. Расмий Остона Оврўпонинг нуфузли ташкилотига раислик мавқесига мос келиши учун Қозоғистон қонунчилигига ўзгартиришлар киритиш, жамиятни эркинлаштириш йўлида ислоҳотларни амалга оширишга ваъда берган. Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг асосий мақсади демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳимоя этилишини тарғиб этишдир. Ўзининг Янги йил табригида Президент Нурсултон Назарбоевнинг айтишича, Оврўпо ташкилотига раисликка лойиқ кўрилгани Қозоғистон халқаро обрўсининг аҳамиятли кўрсаткичидир. Бироқ қатор миллий ва халқаро фуқаровий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, Қозоқ ҳукумати мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш ваъдасини бажармаган. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||