|
Хитой томонга Марказий Осиё гази 'оқа' бошлайди | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Янги газ қувури тантанали очилиш маросимининг 14 декабр куни Туркманистонда бўлиб ўтиши режаланган, Хитой Президенти Ху Жинтао Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарга "отланган". Маросимда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Хитой Президенти Ху Жинтао, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевларнинг иштирок этишлари хабар қилинган. Марказий Осиёнинг энергия ресурсларига ҳам "узоқ йиллик истеъмолчи" Россия, ҳам Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ "кўз тикиб турган" бир пайтда йилига 40 миллиард кубометр туркман газини Шарққа олиб кетишга қодир қувур Хитойнинг минтақа энергия бозори назоратини қўлга киритиш мақсадидаги интилишларида "янги давр"ни бошлаб бериши айтилмоқда. Транснационал газ қувури қисқа фурсатда қуриб битказилди - 2006 йилда Туркманистон билан Хитой ўртасида битим имзоланганди. Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитой ҳудудларидан ўтадиган бу қувур лойиҳасида унинг узунлиги 6000 километрни ташкил этиши маълум қилинган. Туркман мутахассислари 2012 йилга бориб йиллик 40 миллиард кубометрлик лойиҳа қувватига чиқишини айтаётган қувурдан расмий Ашхобод 30 йил давомида Хитойга газ етказиб беришга ваъда берган. Кузатувчилар ушбу янги лойиҳа ишга тушиши билан Туркманистон ўзининг газ экспорти йўлларини турфалаштириш, муқобиллаштириш орзусига етишини айтадилар. Шу пайтгача туркман газининг четга чиқадиган асосий йўли Россия орқали бўлиб келган. Россия "Газпром"ининг қувурлари орқали Украинага, ундан кейин Оврўпога етиб бораётган туркман гази оқими шу йил бошидан сусайган, бунда туркман чегарасига яқин жойдаги газ қувурида портлаш рўй бергани сабаб қилиб кўрсатилган. Туркман тарафи Россияни огоҳлантиришсиз газ қувуридан "зангори олов" олишни камайтиргани, бу билан эса босим ортиб портлаш юз беришига сабабчи бўлганликда айблади. Кузатувчилар ушбу ҳодиса Россия-Туркманистон газ муносабатларига салбий таъсир қилганини айтишади. Оврўпо Иттифоқи ҳам узоқ муҳокама этиб келинаётган Nabucco газ қувури лойиҳасида Туркманистонни асосий таъминотчи деб кўриб келади, аммо бу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш осон кечмаяпти. Оврўпо мамлакатлари Nabucco лойиҳаси билан ўзларининг Россия газига қарамлигини камайтиришни истайди. Энергетика манбаларини қўлга киритиш мусобақасида Хитойнинг Ғарб ширкатлари олдидан "улоқни олиб кетиши" Марказий Осиёда илк бор юз бераётгани йўқ. Ҳозир Хитой сармояси ҳажми ортиб бораётган Африка мамлакатлари сони ҳам ортиб бормоқда, бу билан расмий Пекин ўзининг хомашё манбаларига бўлган улкан эҳтиёжларини қондиришнинг уддасидин чиқаяпти. Кўплаб халқаро кузатувчилар нефт ва газ заҳираларига бой Марказий Осиё давлатларининг ўз бозорларини турфалаштириш интилишларини эса, уларнинг бу масалада биргина Россияга тобеъ бўлиб қолмаслик истаги билан изоҳлашади. Уларнинг айтишларича, бу - Марказий Осиё давлатларига ўз ёқилғи хом ашёларини анчайин рақобатбардош нархда сотиш ва Россиянинг сиёсий таъсиридан холироқ бўлиш имкониятини беради. Хитойнинг Марказий Осиё нефт ва газ бозоридаги муваффақиятини эса, расмий Пекиннинг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга кўп-да диққат қилмаслиги билан изоҳлаётганлар ҳам озмунча эмас. Уларга кўра, расмий Пекиннинг мавқеи ўз обрўларини ўйлаб, инсон ҳуқуқларига оид кўрсаткичлари билан мақтана олмайдиган Марказий Осиё давлатлари билан анчайин эҳтиёткорона муносабат қилувчи қатор Ғарб давлатлариникидан фарқ қилади. Айни ўринда кўпчилик Хитойнинг минтақада тутган ўрни ва жўғрофий жойлашувининг ҳам алоҳида ўрин тутишини назардан қочирмасликни таъкидлашади. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||