Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 15 Октябр, 2009 - Published 16:31 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Оврўпо банки Ўзбек иқтисоди ўсишини башорат қилмоқда

Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт Банки собиқ социалистик мамлакатларда бозор иқтисоди ва демократияни қўллашни мақсад қилган
Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт банкига кўра, собиқ социалистик мамлакатлар иқтисодлари ўртача 6.3% қисқаради. Аммо Ўзбекистон иқтисоди 7% ўсиши кутилмоқда.

Бу каби салмоқли ўсиш Озарбайжон ва Туркманистон борасида ҳам башорат қилинмоқда.

Собиқ Совет давлатларида бозор иқтисодига ўтиш ва демократияни қўллашни мақсад қилган банк инқироз туфайли нотекис ва ранг-баранг вазиятга юз тутмоқда.

Биргина Марказий Осиё давлатларининг ўзида жорий инқироздан кўрилган зарар турлича.

Халқаро молиявий тизимларга анча жипс боғланган Қозоғистон биринчи бўлиб зарба олди. Шунингдек, четга нефть-газ сотадиган Россия ва Қозоғистон хомашё бозорларидаги талаб ва нархларнинг тушиб кетганидан миллиардлаб доллар йўқотдилар.

Қозоғистон банкларига таяниб ишлаб келган Қирғизистон молиявий тизими ҳам азият чекди.

Халқаро иқтисод билан уйғунлашмаган Тожикистон ҳам билвосита зарар кўрган. Сабаби, Тожикистон пахта саноати хорижий банклар ажратадиган маблағга суяниб келган. Бу йўллар ёпилгач, Тожик ҳукумати маблағ топиш муаммосига юз тутган.

Қолаверса, жаҳонда пахта ва алюминий нархи ҳам арзонлаган.

Аммо Ўзбекистон ва Туркманистон каби ёпиқ иқтисодлар кам зарар кўришган. Негаки уларнинг иқтисодлари халқаро молиявий тизимлар билан чамбарчас боғланмаган, молиявий муассасалари эса ташқи маблағларга таянмаган.

Ўзбекистон пахтаси арзонлаган эса-да, аммо бошқа муҳим экспорт маҳсулоти - олтин нархи баланд эди.

Қора кунга асралган пул

Минтақада Қозоғистон ва Ўзбекистон инқироз олдида давлат ғазнасидан ва ёки фавқулодда жамғармаларидан маблағлар топиб, инқироз зарбасини енгиллатишга ҳам имкон топишган.

Хусусан, Қозоғистонда ички ялпи маҳсулотнинг 10% миқдорига тенг маблағ аксилинқироз чоралари учун қўлланилган. Ўзбекистонда ҳам бу маблағ салмоқли дейилмоқда.

"Ўзбекистон инқирозга қарши етарлича, самарали чоралар кўра билди. Ва ўзбеклар кичик ҳамда ўрта тижоратни қўллаш муҳимлигини тушунишмоқда" - дейди Оврўпо банки вакиласи Рика Иши.

 Инқироз вақтинчалик. Узоқ муддатли тараққиёт учун Ўзбекистон хусусий секторни ислоҳ этиб бориши керак
Рика Иши, Оврўпо Банки

Нисбатан камбағал Қирғизистон ва Тожикистон эса бу каби маблағлар ажратишга қодир эмаслар. Улар айни ўринда фақатгина ташқаридан бериладиган ёрдамга кўз тикишлари мумкин.

Қирғизистон, хусусан, Россиядан 2 ярим миллиард долларлик ёрдам пакети олди.

Ҳозирда Оврўпо банки дохил бошқа халқаро молиявий муассасаларнинг минтақага иқтисодий ёрдам бериш, имтиёзли қарзлар ажратиш ва ёки солиқ кредитлари тайинлаш имконлари анча пасайган.

"Ўзбек йўли" ислоҳотга муҳтожми?

Халқаро молиявий муассасалар ва ташкилотлар Ўзбекистонни иқтисодий ислоҳотларни жуда секин олиб бормоқда, деб танқид қилиб келишарди.

Шунингдек, совет даврига хос ёпиқлик ва иқтисод устидан давлат назорати ҳам бекор қилиниши лозим, деб талаб қилинади.

Аммо айнан худди шу сабаблар боис бугун Ўзбекистон иқтисоди халқаро инқироздан ўзини анча яхши сақлагани айтилмоқда.

Демак, Ўзбек иқтисодининг эндиликда очиқ бозор йўлига ўтиши ва талаб қилиб келинган ислоҳотларни янада орқага суриб юбориши эҳтимоллари кучаймайдими?

"Худди шундай хавотирлар йўқ эмас" - дейди Оврўпо банкидан Рика Иши -"Аммо, умид қиламизки, жорий инқироз вақтинчалик ҳолат. Узоқ муддатли иқтисодий тараққиёт учун эса шаксиз, хусусий секторни ислоҳ этиб бориш керак".

Ўзбекистон иқтисоди жаҳон иқтисоди билан уйғунлашмагани ва анча иҳоталангани боис катта зарар кўрмаган. Бироқ бозор иқтисодини танлаган давлатлар бу тахлит иш юритишмайди.

Иккинчи зарба хавотири

Ўзбекистон иқтисодий инқироздан бевосита зарба олмаган эса-да, аммо билвосита таъсир яқин-орада сезиларли бўлиши мумкин, деган ҳадиклар йўқ эмас.

Россия иқтисоди келаси йил 8.5% қисқариши кутилмоқда. Бу дегани, янада кўпроқ иш ўринлари ёпилади ва у ердаги юз минглаб ўзбек меҳнат муҳожирлари ишсиз қолиб, ватанга қайтишлари мумкин.

Тошкентдаги тиланчи
Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишдан оддий одамлар манфаат кўришаётгани сезилмайди

Тожикистонда, масалан, четдаги меҳнат муҳожирлари жўнатадиган пул ички ялпи маҳсулотнинг ярмидан кўпини ташкил этади.

Ўзбекистонда бу маблағ фоиз ҳисобида у қадар кўп эмас. Лекин салмоқли.

Ҳалича Россиядаги муҳожирларнинг жуда катта сонда Марказий Осиёга қайтишаётгани кузатилмагани айтилади.

Лекин келаси баҳорда вазият қандай бўлиши номаълум. Агар миллионлаб ўзбек, қирғиз ва тожиклар ватанларига қайтишса, бу мамлакатларда улкан ижтимоий
муаммолар юзага келиб, айни
иқтисодлар инқирознинг иккинчи
зарбасидан ўзларини тўла ҳимоя
қила олмасликлари мумкин.

Қайтиш эҳтимоли катта муҳожирларга иш ўринлари яратиш ва ё уларни бирон соҳаларга жалб этиш борасида ҳозирча Ўзбекистонда қандай ишлар қилинаётгани маълум эмас.

Тожикистон ва Қирғизистонда айни масалада кўп гапирилмоқда, аммо бу қашшоқ мамлакатларнинг ташқи ёрдамларсиз йирик лойиҳаларга қўл уриш ва ёки муаммони ҳал этиш имконлари ўта чекланган.

Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш бошқаларга нисбатан баланд бўлиб қолиши ҳақидаги Оврўпо банки рақамлари расмий хулосалардан у қадар фарқ қилмайди.

Марказий Осиё иқтисодлари ўсиши ҳақида гапирадиган аксар таҳлилчиларга кўра, даромадлар халқ орасида қандай тақсимланмоқда ва юқори натижаларни қайд этувчи рақамлар туфайли оддий одамларнинг косаси оқараяптими, деган саволларга жавоб топиш муҳимдир.

Сўнгги йиллари Қозоғистондаги иқтисодий ўсиш туфайли бу мамлакатда оддий инсонлар ҳаёти ўнгланиб, турмуш даражаси фаровонлашиб келди.

Кузатувчиларга биноан, Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишдан ҳалича халқ ҳаёти яхшиланаётгани аломатлари кўзга ташланмайди.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy