|
Ўзбекистонда ҳаж зиёрати қолдирилиши мумкин | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитаси номи ошкор этилишини истамаган ходимининг Би-би-сига айтишича, ҳаж зиёратининг қолдирилиш эҳтимоли катта. Айни манбаъга кўра, ўтган ҳафта мазкур қўмита чўчқа гриппи билан боғлиқ хавотирлар сабаб бу йилги Умра зиёратини бекор қилган. Дин ишлари қўмитаси ходимининг изоҳ беришича, Ҳаж зиёратини бекор қилиш ҳақидаги қарор Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси эмас, балки ҳукумат қўмитаси томонидан қабул қилинади. Ўзбекистондан ҳар йили 4000 мусулмонлар муқаддас Ҳаж зиёратини адо этишади. Хавотирлар Ўзбекистон ўз фуқароларининг Ҳаж зиёрати чоғида чўчқа гриппини юқтириш эҳтимолидан хавотир билдираётган биринчи давлат эмас. Кўпгина мусулмон давлатларда соғлик расмийлари бўлажак ҳожиларни чўчқа тумови юқтириш хавфидан огоҳ бўлишга чақирганлар. 22 та араб давлатларининг соғлиқни сақлаш вазирликлари қариялар ва ёш болаларнинг бу йил ҳажга боришларини таъқиқлаган. Жумладан, Мисрда мулозимлар зиёратдан қайтган ҳожиларнинг карантин қилиниш эҳтимолидан огоҳлантирганлар. Душанба куни Бирлашган Араб Амирликлари Ҳажга бориш ниятида виза сўраб, мурожаат этаётган фуқароларининг чўчқа гриппини юқтирмаганлари ҳақида махсус маълумотнома тақдим этишлари кераклигини эълон қилган. БАА нинг Исломий ишлар бўйича идораси ушбу тартиб "фуқароларни ҳимоя қилиш ва H1N1 вируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилаётганини айтган. Аммо биронта мусулмон давлати чўчқа гриппи сабаб мусулмонларга Умра ёки Ҳаж зиёратини адо этишни ёппасига таъқиқламаган. Мутахассисларга кўра, айрим мусулмонларнинг Ҳаж зиёрати чоғида вирусни юқтиришлари "муқаррар". Чунки дунёнинг турли бурчакларидан келган миллионлаб зиёратчиларнинг бир ерда тўпланишлари вирус тарқалиши учун "мукаммал бир муҳит" яратади. Айни пайтда Саудия Арабистони соғлиқ мулозимлари хасталик тарқалишини жиловлаш мақсадида барча зарур чораларни кўраётганликларини айтишмоқда. Саудия матбуотининг мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимининг "Саудия ўтмишда саломатлик билан боғлиқ кўпгина синовлардан ўтган ва чўчқа гриппи билан ҳам курашишга тайёр" деган сўзларини келтиради. Ҳозирга қадар Саудия Арабистонида 19 кишининг чўчқа гриппидан вафот этгани тасдиқланган. Саудия мулозимлари етарли даражада Tamiflu дорилари ғамлаб қўйилаётгани ва барча халқаро аэропортларда карантин жойлари ташкил этилганини айтишган. Хабарларга кўра, Саудия бўлажак ҳожиларни муқаддас тупроққа қадам қўйишларидан олдин мажбурий равишда эмлашни талаб қилмоқда. 'Жоиз эмас' Айни пайтда мусулмон уламолари чўчқа гриппи тарқалиш хавфи туфайли муқаддас Умра ва Ҳаж зиёратларининг қолдирилиши жоиз эмаслигини айтишмоқда. Мисрлик таниқли уламо, Халқаро Мусулмон Уламолари Бирлиги раҳбари Шайҳ Юсуф ал-Қарадавий чўчқа гриппи тарқалиши Ҳаж зиёрати қолдирилишини оқламайди, деб айтган. Қатарнинг "Ал-Ватан" рўзномаси нуфузли уламонинг "бу йилги Ҳаж ёки Умра зиёратини қолдиришга ҳожат йўқ" деган сўзларини келтирган. Жаноб Қарадавийнинг айтишича, вирусни юқтиришдан қўрққанлар бу йилга Ҳажга бормасликлари мумкин. Шунингдек, сурункали хаста бўлган қариялар ва аввал Ҳажга борганлар ҳам зиёратни кечиктиришлари мумкин. "Аммо, - деб айтган мисрлик уламо, Шариат Ҳаж ва Умрани қолдиришга рухсат бермайди". Таниқли уламо фикрича, чўчқа гриппи хали пандемияга айлангани йўқ ва хасталикдан вафот этган мусулмонлар "шаҳид саналмайди". Аввалроқ саудиялик уламо Шайҳ Абдул-Мухсин ал-Обейкан чўчқа гриппидан ўлганлар шаҳид деб кўрилишини айтган. Жаноб Қарадавийга кўра, мусулмонларга Ҳаж зиёратини адо этиш чоғида ниқоб тақиб юришларига рухсат этилади. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||