|
Дунё бўйлаб чўчқа тумовига қарши чоралар кўрилмоқда | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Мутахассисларга кўра, одам танасида хали H1N1 номли тумовдан ҳимоя тизими шаклланмаган. Бу эса жаҳон бўйлаб унинг тарқаб кетишига етаклаши мумкин. Касаллик энг кўп курбонларга етаклаган мамлакат - Мексика ҳукумати каттик чоралари кўраётганини айтмоқда. Мактаб ва боғчалар камида икки ҳафтага ёпилган. Спорт мусобакалари ва черковлардаги ибодатлар ҳам бекор қилинган. Қовоқхона ва емакхоналар вактинчалик ёпилган. Одамларга қўл олиб сўрашмаслик маслаҳат берилмоқда. Мексикага келаётганларга эса бошқалардан икки метр нарида юриш айтилмокда. Мексика Президенти Фелипе Калдерон бу тумовнинг янгилиги, ҳали тиббиётга яхши маълум эмаслигини ташвишли ҳол, деб атади. Президентга кўра, касалликка даво бор ва унга карши эмлаш воситалари етарли. Эпидемия хавфи Мексикадаги чўчқа тумови ҳозирда Америкага ҳам ўтган ва камида 11 кишига юққан. АҚШ мулозимлари касалликни жиловлаб қололмасликларини айтишган, бироқ беморлардан баъзилари аллақачон тузалгани хабар қилинмоқда. Янги Зеландияда ҳам яқинда Мексикадан қайтган 10 нафар талабада чўчқа гриппи аникланган. Осиёдаги кўплаб мамлакатлар ҳаво қўналғаларида йўловчилар тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Ҳозиргача Мексикада мингдан зиёд чўчқа тумови аниқланган бўлиб, саксондан ортиқ одамнинг айни хасталикдан нобуд бўлгани тахмин этилмоқда. Жаҳон Соғлиқ Ташкилоти фавқулодда йиғин ўтказиб, қандай чоралар кўришни муҳокама қилмоқда. Ташкилотга кўра, бу тумов халқаро миқёсда улкан муаммо бўлиб, дунё бўйлаб тарқалиш хавфи катта. Чучқа тумови охирги марта 1968 йили дунёдаги бир миллионга яқин инсоннинг умрига зомин бўлган. Ўшанда қурбонларнинг кўпчилигини 45 ёшдан пастдагилар ташкил этгани айтилади. Бу одатда пандемияларга хос кўринишдир. Ҳозир ҳам жаҳон тиббиёт мулозимлари ёш одамларни эҳтиёкорлик билан кузатиш муҳимлигини урғулашмоқда. Сўнгги пандемияда ҳам тумов одамдан одамга ўтган. Мутахассисларга кўра, агар инсон ва жонивор тумови вируслари аралашиб кетса, жаҳон бўйлаб пандемия тарқаб кетади. Аммо ҳозирча бу каби бир пандемия вужудга келганда ҳам, унинг миқёси ва оқибатлари қанчалик бўлиши борасида етарлича маълумот йўқ, дейилмоқда. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||