http://www.bbcuzbek.com

24 Январь, 2009 - Published 20:46 GMT

Би-би-си меҳмонлари - Афғон парламенти ўзбек депутатлари билан суҳбат

Афғонистонда Толибон қудратдан кетказилганидан сўнг биринчи парламент сайловлари 2005 йил сентябрида ўтказилди.

Айни пайтда парламент қуйи палатаси Улуси Жирганинг 249 депутати бўлиб, шулардан 25 нафари ўзбек.

Ўзбек парламент вакилларининг аксари ўз номзодларини мустақил номзод сифатида илгари сурганлар.

Тарихан ўзбеклар ҳозирги Афғонистон ҳудудларида истиқомат қилиб келганлар.

Ўзбек адабиётининг асосчиси Алишер Навоий Ҳирот шаҳрида таваллуд топган ва бош вазир сифатида Султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги йилларида кўп жойларни ободонлаштириш, янги дарёлар қуриш, маданият, адабиёт ва санъатни ривожлантириш ишларининг бошида турган.

Ҳазрат Навоийнинг қабри Ҳирот шаҳридадир.

Ҳозирги пайтда "Боғи Бобур" Кобулдаги энг сўлим масканлардан ҳисобланади.

Ўзбеклар асосан Афғонистон шимолидаги саккиз вилоятда истиқомат қиладилар.

Булар - Балх, Бадахшон, Жузжон, Самангон, Сарипул, Тахор, Фарёб ва Қундуз.

1970 йиллардаги Шўро манбаларида Афғонистонда 4 миллион ўзбек яшаши айтилган.

1979 йилда Шўро қўшинларининг Афғонистонга киритилиши ва ундан кейинги уруш йиллари мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш ишларини ўтказишга имкон бермаган ва бугун ҳам афғонистонликларнинг аниқ сони ва таркиби борасида тўлиқ маълумотлар йўқ.

Толибон қулатилганидан кейин Афғонистонда шу пайтгача ўтказилган ягона президентлик сайлови - 2004 йилдаги сайловда ўзбек генерали Абдурашид Дўстум ўз номзодини илгари сурган ва 10 фоиз овоз тўплаган.

Охирги йилларда Афғонистон ўзбекларининг миллий-маданий ўзлигини англаш жараёни кучайгани сезилади.

Сиёсатчилар талаблари билан ўзбеклар кўп истиқомат қиладиган жойларда ўзбек тили расмий тил деб эълон қилинди.
Афғонистон парламенти қуйи палатаси - Улуси Жирга аъзолари Осифа Шодоб хоним, Сардор Муҳаммад Раҳмон ўғли ва Мавлавий Хабир жаноблари интернет саҳифамиз ўқувчилари ва радиотингловчиларимиз саволларига жавоб қайтаришди.

Афғонистон парламенти аъзолари - Осифа Шодоб хоним, Сардор Раҳмон ўғли, Мавлавий Хабир жаноблари билан суҳбатни тингланг