Дунё мудом ҳаракатда. Унда кечаётган ҳар қандай ўзгариш, ҳар қандай янгиланишларнинг инсоният тақдирида, инсонлар тақдирида изсиз кечмаслиги аниқ. Бугун дунёнинг қайсидир бир бурчагида кимдир қуролли низолар, яна қай бир қиррасида табиий офатлар, бошқа бир бурчида эса, ижтимоий-иқтисодий беқарорликлар гирдобида. Кимлардир иқтисодий фаровонликдан баҳраманд бўлса, яна бирлари қашшоқлик азобидан азиятда...Дунёнинг қай бир қисмида бўлманг, сизнинг ҳаётингиз қандай кечмоқда? BBCUzbek.com нинг янги лойиҳаси қаҳрамонлари бугунги кун ҳаётини яшаётган ана шундай инсонлардир.
Бутун дунёда АҚШ Президенти Жорж Бушнинг фаолияти салбий бўёқда акс этган ҳоллар озмунча бўлмади. Ҳаттоки ўз давлатида ҳам жаноб Буш рекорд даражасида қўйи рейтингда ўз вазифасини тарк этган. Яқинда Эй-би-си телеканали ва "Вашингтон Пост" газетаси томонидан ўтказилган қўшма сўров натижаларидан аён бўлишича, 73 фоиз америкалик жаноб Бушнинг президентлик фаолиятидан қониқмаганликларини изҳор этишган. Ироқ пойтахти Бағдодда Жорж Бушга қарата отилган туфли дунёдаги кўплаб давлатларнинг унга нисбатан муносабатларини акс эттирувчи яхши бир мисол бўлса, бироқ Ер юзининг айрим бурчакларида уни соғинишлари ҳам турган гап. Дейлик, Африкада жаноб Буш ниҳоятда машҳур бўлиб, мустақиллигини дастаклагани учун Косовода марказий кўча унинг номи билан аталган. Дунё бўйлаб Би-би-си мухлислари эса, Американинг республикачи президенти Жорж Бушнинг 8 йиллик президентлик фаолиятига мана бундай баҳо беришган:
24 ёшли талаба Татьяна Соколова Москвадан: "Ўтган саккиз йил давомида бизнинг АҚШ билан муносабатларимиз ўзгаришларга юз тутди - Россия кучланиб, Америка заифлашди. Менинг назаримда, Америка ҳар томонлама ўз қудратини йўқотди. Уларнинг дунёдаги обрўларига путур етди, иқтисодлари издан чиқди, аскарлари Яқин Шарқда қолиб кетишди ва ҳозир у ерда ғарбона қадриятларнинг ўрнига ўз жонлари учун кураш олиб боришмоқда. Бугун Россиядаги кўпчилик Америкадан кўра Оврўпо ва бошқа яқин қўшниларимиз билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида кўпроқ қайғурмоқда. Президент Жорж Буш бошқаруви даврида АҚШ Россия билан худди Совуқ уруш давридагидек сиёсат олиб борди. Агар Яқин Шарқдан ракета ҳужумига чек қўйиш ниятида бўлишса, у ҳолда нега Польшада ракетадан мудофаа тизимини ўрнатишди? Бу нарса аксарият россияликларни қўрқита олгани йўқ, ракетадан мудофаа тизими менга кераксиздек ва кулгули туюлади. Жорж Буш ўз амалларида изчил эди - аввалига "террорга қарши уруш" эълон қилди, кейин Афғонистон ва Ироқ урушида қатъийлигини намоён қилди, бунинг ортидан Шимолий Корея ва Эронга қарши босимлар...Бироқ унинг амаллари ижобий бўлмади. АҚШ қаерга кириб борган бўлса - Сербия бўладими, Афғонистону Ироқ, ўз ортларидан барқарор тузумдан кўра, қудратли марказий ҳокимиятсиз заиф давлатларни қолдиришди. Мен Барак Обама Жорж Бушнинг хатоларини тузатиши ёки ҳеч бўлмаганда, унинг йўлини давом этдирмаслигига умид қилиб қоламан. Бироқ Барак Обама Американинг сиёсатини бир тунда ўзгартиришга қодир бўлмайди."
Аҳмад Қосим Ироқдан: "Америка бошчилигидаги Ироқ ишғоли ортидан биз сўз эркинлиги, сайловларда бемалол овоз бериш эркинлиги ва диний эътиқод эркинлигини қўлга киритдик. Бироқ хавфсизлигимизни бой бердик. Мен шиа мусулмониман. Саддам Ҳусайн даврида бизга ўз диний амалларимизни адо этиш рухсати йўқ эди. Шу нуқтаи назардан жаноб Бушнинг сиёсати туфайли Ироқда менинг ҳаётим яхшиланди. Бироқ мен яшайдиган минтақада мазҳабчилик кучайди. Маҳаллий суннийлар ўз яшаш жойларидан сиқиб чиқарилди. Айрим яқинларимиз эса, шиа бўлганликлари учун шундай тақдирга рўбару келишди. Худога шукр, ҳозир вазият бироз ўнглангандек ва одамлар яна ўз уйларига қайтишмоқда. Бироқ умуман олиб қараганда, мен Жорж Бушнинг Ироқдаги сиёсатини дастакламайман, чунки у бизга қимматга тушди. Америка қўшинлари Ироққа кириб келишганда бизни мустабид тузумдан халос этишади, деб ўйлагандик. Аммо аслини олиб қарайдиган бўлсак, улар биз учун эмас, ўз шахсий манфаатлари учун келишган экан. Кўплаб кишилар қурбон бўлишди. Шуми, озодлигимизнинг ҳаққи?! Ўтган йили юз берган портлаш ҳодисасида опамнинг турмуш ўртоғи ҳалок бўлди. Уч боласи билан бева қолган опам ҳозир биз билан бирга Бағдодда яшайди. Эрининг вафоти ортидан опам жуда асабий бўлиб қолган. Унга ўхшаганлар эса, Ироқда озмунча эмас. Уларнинг сони миллионларга етса керак. Учта фарзандини ёлғиз боши билан вояга етказиш унга осон эмас. Шунинг учун ҳам Жорж Бушнинг сиёсати ҳақида қайғуришга вақти йўқ."
Талаба Волид Убайдий Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан: "Бушнинг Афғонистон борасида берган қарори ўз вақтида бўлди. Бу жуда ажойиб эди ва Толибон қўлидан азоб чекаётган афғонлар ўзларини эркин ва хавфсиз ҳис қила бошлашди. Жаноб Бушнинг террорга қарши курашдаги дастлабки қадамларини олқишлаш билан бирга, қанийди кейингилари шунга ўхшаган бўлса, деб орзу қилганман. Агар гапнинг ростини айтадиган бўлсам, Жорж Бушнинг сиёсати биз учун ҳам яхши ва ҳам ёмон бўлди. Яъни янги йўллар қурилиши, маориф, оммавий-ахборот воситалари ва мамлакатни қайта тиклаш ишларида бизга Американинг фойдаси тегди. Бироқ афғон халқи ҳаётининг бошқа қирраларида жаноб Бушнинг сиёсати зарарли бўлди. Жорж Буш диний масалаларни эътибордан четда қолдирди ва уруш оддий афғон фуқароларининг уйларига кириб борди. Лекин шахсан ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, ҳаётим кўп томонлама ўзгарди. Бундан 8 йил бурун мен ўрта мактабда олган билими билан юрган оддийгина инсон эдим. Ҳозир муҳандислик бўйича таҳсил олаяпман ва хорижий ширкатлардан бирида ярим ставка ишлайман. Афғонистонда жаноб Бушнинг обрўйи ёмон эмас. Лекин кимдир унинг амалларини дастакласа, бошқаси ёқламайди. Бироқ ҳақиқат шундаки, жаноб Бушнинг сиёсати Афғонистоннинг ўзгаришига ёрдам берди. Биз Американинг янги президенти Барак Обамадан ҳам кўп нарсаларни кутаяпмиз. Биз жаноб Обаманинг Америка қўшинларининг амалиётларини ўзгартириши, сиёсий масалалар ва афғонларнинг ўз қадларини ростлаб олишларига ёрдам қилишини истаймиз."
Университет ўқитувчиси Ванг Ли Хитойдан: "Президент Бушнинг Ёзги Олимпиада Ўйинлари пайтида Пекинга қилган сафари унинг қанчалар дадиллиги ва ўзаро муносабатларни яхшилаш мавқеида эканини кўрсатганди. Бу ҳақиқатда ҳам жаноб Бушни хитойликларнинг кўзларига яхши қилиб кўрсатди. Ўзининг президентлик даврида Жорж Буш АҚШ ва Хитой ўртасидаги алоқаларни стратегик жиҳатдан яхшилаш учун аниқ ишларга қўл урди. Америка Хитойнинг бир қатор муҳим масалаларда асосий роль ўйнашини тан олди. Тайвань борасида ортиқча саволлар билан бошини қотирмади. Бироқ Хитой АҚШ билан ҳамма, дейлик, Афғонистон ва Ироқ масаласида якдил дейишим нотўғри бўларди. Ироқ ва бошқа урушлар сабаб жаноб Буш кўплаб хитойликларнинг орасида у қадар машҳур эмас. Шахсан ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, Жорж Буш ҳамиша икки давлат ўртасида ўзаро яқин мулоқотлар сиёсати тарафдори бўлгани учун уни ҳурмат қиламан. Ҳамда истеъфога чиқиши ортидан ўз оиласи билан ҳаёт лаззатини татишини умид қилиб қоламан."
| | |