|
'Каримовдек кекса давлат одамини эшитиш маърифатли...' | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Александр Стаб: Суҳбатимизнинг асосий мавзуси, тамаддунлар тўқнашуви, Ғарб ва Шарқ ўртасидаги фарқ ҳақида бўлди. Шу маънода суҳбатимиз анчайин таҳлилий ва педагогик эди, деб айтишим мумкин. Суҳбат қизиқарли эди, биз Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг келажаги, Афғонистондаги вазият ва бошқа кўпгина масалаларни муҳокама қилдик. Би-би-си: Педагогик, деб айтдингиз, жаноб Каримов Сизга ташкилотингизнинг қандай бўлиши кераклиги ҳақида дарс бермоқчи бўлдими? Александр Стаб: Йўқ, мен жаноб Каримовни эшитдим. Ўзбекистон президентига ўхшаган кекса давлат одамларининг фикрларига қулоқ солиш хар доим қизиқ ва маърифатли бир иш. Йўқ, мен буни ақл ўргатиш, деб айтмаган бўлардим, пировардида, бу бир мулоқот эди. Би-би-си: Мулоқот учун мавзуни ким танлади, Сизми, Каримовми? Александр Стаб: Бундай пайтларда мавзуни Президент танлайди, кейин аста-секин бошқа мавзуларга ўтилади, Сиз қулоқ соласиз ва гапирасиз ҳам.
Би-би-си: Гапирган бўлсангиз, Андижон воқеалари ёки сиёсий маҳбуслар масалаларини ҳам кўтардингизми? Александр Стаб: Мен бу масалаларни Президент билан учрашувда кўтарганим йўқ. Аммо уларни кун бўйи бошқа мулозимлар, хусусан, Ташқи ишлар вазири жаноб Норов билан муҳокама қилдим. Мен инсон ҳуқуқлари, қонун устиворлиги ва демократия тамал тушунчалар экани ва биз буларга катта эътибор қаратишимизни айтдим. Мен Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барча халқаро конвенцияларни бажариши кераклигини урғуладим. Би-би-си: Жаноб Норов ёки Президент инсон ҳуқуқлари соҳасида бирон бир аниқ мажбуриятларни олишдими? Александр Стаб: Сиз айтаётган маънода аниқ мажбуриятлар олингани йўқ. Бу эркин бир мулоқот эди. Мен Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг 1975 йилда қабул қилинган тамал ақидаларига риоя этишнинг муҳимлигини таъкидладим. Биз аниқ мажбуриятлар олмадик, аммо инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистонда баъзи ижобий ўзгаришлар бўлган. Мен ана шу ўзгаришларда давом этиш кераклигини айтдим. Би-би-си: Қандай ўзгаришларни назарда тутаяпсиз? Аниқ мисолларни бера оласизми? Александр Стаб: Ҳа, биз баъзи аниқ мисолларни ҳам муҳокама қилдик. Би-би-си: Масалан, Мўътабар Тожибоеванинг озодликка чиқарилганини назарда тутаяпсизми? Александр Стаб:Ҳа, бир неча инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари озодликка чиқарилди. Бу, шубҳасиз, ижобий бир ўзгариш. Мен, умуман, у ёки бу одамни сиёсий қарашлари учун қамоққа ташлаш нотўғри, деб биламан ва уларнинг озодликка чиқарилишини қўллаб-қувватлайман. Би-би-си: Президент Каримовнинг тузуми инсон ҳуқуқларини поймол этиш, қийноқлар қўллаш ва эркин матбуотни буғишда айбланади. Ўзбекистондаги ҳозирги аҳвол яқин келажакда ўзгаради, деб ишонасизми? Александр Стаб: Ишонаман. Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши, жиноий қонунчиликнинг эркинлаштирилиши - олдинга қўйилган қадам, инсон ҳуқуқлари фаолининг озод этилиши ва халқаро Қизил Хоч ташкилотининг мамлакат қамоқхоналарига киришига рухсат берилгани, буларнинг ҳаммаси - олдинга қўйилаетган қадамлар. Умид қиламанки, Ўзбекистон бу қадамларни қўйишда давом этади. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||