Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 15 Апрел, 2008 - Published 11:00 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Юсуф Жума беш йилга озодликдан маҳрум этилди
Юсуф Жума ва оиласи Президент Каримовнинг истеъфосини талаб қилишган
Бухоро вилоят суди таниқли шоир Юсуф Жумани беш йилга озодликдан маҳрум этган.

Унинг ўғли Бобур Жумаев эса уч йил шартли жазо билан маҳкама залидан озод этилган.

Бир ярим кун давом этган маҳкама жараёнида Юсуф Жума ва ўғли ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ва милиция ходимларига тан жароҳати етказганликда айбланганлар.

Улар ўзларига қўйилган айбларни қатъиян рад этишган.

25 ёшли Бобур Жумаев сешанба кунги маҳкама жараёнида ўзи ва отасига нисбатан ўтказилган қийноқларни батафсил тасвирлаб берган.

Маҳкама уларни Жиноят Кодексининг қўйилган барча бандлари бўйича айбдор, деб топган.

Юсуф Жума қамоқ жазосини манзил колониясида ўташи билдирилган.

Сайловолди намойишлари

50 ёшли шоир ва ўғли ўтган йил декабрида Президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиб ўтказган намойишлардан сўнг ҳибсга олинган эдилар.

Юсуф Жума президентлик сайловлари арафасида Ислом Каримовни ҳокимиятни босиб олишда айблаган ва Қоракўл туман прокуратурасига унга нисбатан жиноят иши очишни сўраб, мурожаат этган.

Бу ҳақдаги аризаси рад этилиши ортидан у ва оила-аъзолари муддатсиз норозилик чиқишларини бошлаганлар.

Туман прокуратураси ва ҳокимият бинолари олдида ўтган намойишларда "Каримов кет!", "Диктатор, истеъфо бер!" каби шиорларни кўтаришган.

Норозиликлар ортидан Юсуф Жумаевнинг 22 ёшли ўғли Машраб Жумаев ҳибсга олинган.

Маҳкама уни бировга қасддан тан жароҳати етказишда айблаб, аввалига уч йил, кейин эса тўрт йилга озодликдан маҳрум этган.

Юсуф Жума ва оиласи айбларни рад этганлар.

Шоирнинг ҳимоячиси Руҳиддин Комилов тергов жараёнида у ва ўғлининг қийноққа солинганликларини айтган.

Душанба куни Юсуф Жума ҳимоячидан воз кечиши ва ўз-ўзини ҳимоя қилиши ҳақида баёнот берган.

Маҳкама ҳукмига муносабат билдираркан, Руҳиддин Комилов уни асоссиз ва адолатсиз, деб атади.

Юсуф Жума ўтган асрнинг 80-йилларида шеъриятга кириб келган, унинг "Ҳақиқатнинг олтин олмаси" (1984) номли илк шеърий тўплами 1984 йилда чоп этилган.

Мухолифатдаги "Бирлик" халқ ҳаракати фаолларидан бўлган шоир 2001 йилда бир туркум шеърлари учун "давлат тузумига тажовуз қилиш"да айбланиб, қамоққа ташланган.

Юсуф Жума ва оиласи Президент Каримовнинг сиёсатини очиқ танқид қилганлари ва амалдаги тузумга нисбатан фаол фуқаролик мавқеъини эгаллаганликлари учун таъқиб қилинаётганликларини айтишади.

Шоирнинг аёли ва уч ўғли таъқиблардан қочиб, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганлар.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy