Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 09 Апрел, 2008 - Published 11:46 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ашхободда ОИ-Марказий Осиё саммити бошланди
Ўтган йили ОИ Марказий Осиёга доир илк стратегиясини қабул қилган
Туркманистон пойтахтида Оврўпо Иттифоқи ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви бошланган.

ОИ ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Валднер ва ташкилотга раислик қилаётган Словения ҳамда Франса ташқи ишлар вазирларининг марказий осиёлик ҳамкасблари билан учрашуви кун тартибидан энергиядан тортиб демократияга қадар масалалар ўрин олган.

Ўтган йили Марказий Осиёга доир илк стратегиясини эълон қилган Оврўпо Иттифоқи энергия заҳираларига бой минтақа давлатлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ниятида.

Минтақа ОИнинг муқобил энергия манбаъларини топиш ва энергия таъминотида Россияга қарамликдан қутулишга қаратилган стратегиясида муҳим ўрин тутади.

Оврўпо ҳозирда ўзининг энергияга бўлган эҳтиёжининг чорак қисмини Россия ҳисобидан қоплайди.

Ўтган йиллар давомида Оврўпо Иттифоқи минтақада бозор иқтисоди ва демократик ислоҳотлар билан боғлиқ бир қатор лойиҳаларни амалга оширган, аммо Иттифоқининг минтақадаги сиёсий иштироки чекланган эди.

Аммо Иттифоқ 2005 йил майида Андижонда содир бўлган воқеаларга фаол муносабат билдирди ва 2006 йилда ўзининг минтақа бўйича махсус элчисини тайинлади.

Ашхобод учрашуви арафасида Марказий Осиёдаги барча давлатларда Оврўпо комиссиясининг тўлақонли ваколатхоналарининг ҳам очилиши маълум қилинган.

Инсон ҳуқуқлари

Ғарбдаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Оврўпо Иттифоқини Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликда энергия масаласини демократиядан устун қўйишда айблайдилар.

Аммо Оврўпо мулозимлари буни рад этишади.

Ашхобод учрашуви арафасида Нью Йоркда жойлашган Хьюман Райтч Вотч ташкилоти Иттифоқни инсон ҳуқуқларини Марказий Осиёдаги сиёсатининг асос мақсадига айлантиришга чақирган.

"Марказий Осиё давлатлари собиқ Совет Иттифоқидаги энг репрессив давлатлардан саналади. ОИ инсон ҳуқуқларининг яхшиланишига эришиш фурсатини қўлдан бой бермаслиги керак", - дейилади Хьюман Райтч Вотч баёнотида.

Ташкилотга кўра, Оврўпо Иттифоқи бу беш давлатнинг олдига инсон ҳуқуқларининг яхшиланишига қаратилган аниқ мўлжалларни қўйиши керак.

ХРВ, жумладан, Ўзбекистонда қамоқдаги барча инсон ҳуқуқлари фаолларини озод этиш йўлида Каримов ҳукуматига босим ўтказишга чақирган.

ОИ-Марказий Осиё учрашувига мезбонлик қилаётган Туркманистон эса, ташкилотга кўра, янги президент Қурбонқули Бердимуҳамедов раҳбарлигида дунёга очилиш истагини кўрсатган, аммо ҳаққоний ўзгаришлар ҳақида гапиришга хали эрта.

Кузатувчиларга кўра, Оврўпо Иттифоқи минтақада АҚШ, Россия ва Хитойдан кўра яхшироқ қабул қилинади ва шунинг учун ҳам Марказий Осиё давлатларини ислохотларга ундашда кўпроқ муваффақиятга эришиши мумкин.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy