|
'Қолган сиёсий маҳбуслар ҳам озод этилиши керак...' | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Надежда Отаева: Шаксиз, бу жараён - Оврўпо Иттифоқи билан Ўзбекистон ҳукуматининг мулоқот дастурида кўзда тутилган ён беришдир. Хабарингиз бор - Андижон воқеалари юзасидан мустақил текшириш ўтказилишига қарши бўлгани учун Ўзбекистонга нисбатан Оврўпо Иттифоқи томонидан жазо чоралари киритилган, бироқ сўнгроқ улар вақтинча тўхтатилганди. Бу Ўзбекистон ҳукуматига қандайдир ҳуқуқий ислоҳотларни бошлашига имконият бериш бўлган эди. Ихтиёр Ҳамроев ва Умида Ниёзова масалалари сиёсий ишлар эди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ишлари қайта кўриб чиқилганини биз олқишлаймиз. Би-би-си: Сизнинг назарингизда, биз бугун гувоҳи бўлиб турган "ён бериш" етарлими? Надежда Отаева: Йўқ. Бу фақат жараённинг бошланиши. Бизнинг хабаримиз бор - бунгача қорақалпоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг ўғли, сирдарёлик Карим Бозорбоевлар қўйиб юборилди. Ҳибсга олинган, босим ўтказилган одамлар - булар Ўзбекистон ҳукуматининг расмий сиёсатидан норозилигини билдирган инсонлар ёки уларнинг яқинларидир. Шунинг учун бизнинг ташкилотимиз мамлакатдаги барча фуқаролик жамияти вакилларининг озодликка чиқарилишини талаб қилиб чиқди. Булар орасида албатта, сиёсий мухолиф ташкилотлар вакиллари, хусусан, Санжар Умаров, ёки ака-ука Бекжонлар бор, ёши кекса Аҳмаджон Одилов бор, инсон ҳуқуқлари фаоллари Саиджаҳон Зайнобиддинов, Мўътабар Тожибоевалар озод этилишлари керак. Албатта, диний эътиқодлари учун қамалганларнинг ишлари, сохталаштирилган ишлар қайта кўриб чиқилиши керак. Шунинг учун биз ассоциациямиз баёнотида халқаро ташкилотлар, Оврўпо Иттифоқи ва Қўшма Штатларни Ўзбекистонда ўзининг сиёсий фаолияти учун ёки сиёсий-диний қарашларини ифодалагани учун қамалган шахсларни озод қилиш учун ўзларининг таъсирларини ишга солишларига чақирдик. Би-би-си: Сизнинг ташкилотингизда маълумот борми - яна кимлар озод этилишлари мумкин Ўзбекистон қамоқхонасидан? Надежда Отаева: Бизнинг тахминимизча, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг барча аъзолари озодликка чиқарилишлари мумкин. Мамлакатда амнистия эълон қилинганидан кейин Ўзбекистоннинг ичкарисида бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қатор фаолларнинг авф этилиши бўйича иш бошлаганлар. Улар Дилмурод Муҳиддинов, Мамаражаб Назаровнинг озод этилишларини кутишаяпти. Биз, албатта, Мўътабар Тожибоеванинг озодликка чиқарилишини сабрсизлик билан кутаяпмиз. Би-би-си: Охирги пайтда Ўзбекистон расмийлари билан Оврўпо вакилларининг мулоқотлари Ўзбекистонда қамалган мухолифат вакили, журналист ёки инсон ҳуқуқлари фаолининг эркинликка чиқарилиши бўйича савдога айланиб кетаяпти, деган хавотирлар билдирилаяпти... Надежда Отаева: Буни бошқача аташ ҳам мумкин эмас. Бу чиндан ҳам диктаторлик режими билан мамлакатдаги демократия, инсон ҳуқуқлари тамойиллари тарафдорлари бўлган инсонларни демократик давлатлар томонидан қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилишнинг бир "савдолашиш" тизимига айланган. Афсуски, бугун Ўзбекистондаги тизим билан бошқача шаклда биргаликда ишлашнинг имкони йўқ. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||