|
'Етти йил муддат, етмиш эса ёш эмас'-ми? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Сергей Ежков: Инсоннинг бахтли бўлиши, умуман олганда, нисбий нарса. Инсон тирик, соғ-омон юрганидан, қорни тўқ бўлганидан ўзини бахтиёр ҳис қилиши мумкин. Мен бу ерда битта нарсани айтмоқчиман. Анча олдин, мен президент ўтказган мажлис ва матубот анжуманларда қатнашиб юрардим. Инсон сифатида айтишим мумкинки, президент нима қилмасин, буни самимий қилишига мен ишонаман. Унинг қарори тўғрими ёки нотўғрими, у хато қилаяптими ва ё адашаяптими, буларни чин дилдан қилади. Ишонинг, у бу ҳаракатларини ўз шахсий бойлигини ўйлаб қилмайди, унга бунинг кераги ҳам йуқ. Бироқ бу ерда бошқа савол туғилади, бунинг оқибатлари қандай ва натижада нимага эришилди, бу албатта бошқа масала. Би-би-си: Сизнинг назарингизда, жаноб Каримов, айтайлик, мухолифатни йўқ қилган пайт ҳам самимий бўлганми? Сиз мақолангизда президент Каримовнинг мухолифларини унинг атрофидагилардан кўра аҳмоқроқ ва ҳалол эмас, деб таърифлагансиз... Сергей Ежков: Мен ўша пайтда Ўзбекистонда бўлган мухолифат хақида ёзганман, ишонинг, мен уларни шахсан билардим, журналист сифатида улар билан учрашиб турардим. Улар ўша пайтда соғлом ақлда бўлган инсонлар сифатида тасаввур қолдиришмаган. Яъни ўша пайтда мен шундай ўйлаганман. Лекин ким билсин, вақт ўтиши билан одамлар ўзгаради, қарашлар ўзгаради ва менталитет ҳам ўзгариши мумкин, шунинг учун улар ҳозирда балки бошқача фикрлашларини фараз қилишим мумкин. Би-би-си: Сизнинг ёзишингизча, президент Каримовнинг атрофида ўзига ўхшаган ақлли ва ишончли одамлар йўқ. Борларига эса ишониб ва суяниб бўлмайди. Аммо бунга унинг ўзи, у ўрнатган авторитар бошқарув сабабчи эмасми? Сергей Ежков: Ҳа, авторитар, нима қипти? Ҳеч ким ҳозир бу ҳақда баҳслашаётгани йўқ. Шунинг учун ҳам мен Ислом Каримов республикани қўл билан бошқаришга ўтган, деб ёздим. Гап шундаки, бизнинг одатларимиз, Шўро даврида шаклланган анъаналарни ҳисобга олсангиз, демократияни осонгина қуролмайсиз. Совет Иттифоқи қулаганидан буён Болтиқбўйи давлатларидан ташқари авторитар тузум қурилмаган биронта давлатни билмайман. Ўзбекистон авторитар давлат ва мен буни тан оламан. Би-би-си: Мақоланинг бошқа жойида сиз президентнинг бошқа одамлари ва бошқачароқ халқи йўқлигидан ҳам таассуф изҳор қилгандек ёзгансиз. Яна шунингдек, ўзбек халқининг ўзига хос менталитетини салбий жиҳатлардан бири сифатида тилга оласиз. Бундай умумлаштириш ҳақоратомуз жарангламайдими? Сергей Ежков: Йўқ, мен ўзбек халқини ёки бошқа халқни хақорат қилмоқчи эмасман, ҳар бир раҳбар олдида маълум вазифа туради. Лекин асрлар давомида шаклланган менталитет ҳам бор, масалан, бошлиққа бўйсуниш, ёши улуғ бўлган одамга қуллуқ қилиш ва мансаби юқорироқ бўлган мулозимларга бўйин эгиш сингари ҳолатлар бор..Бизнинг халқимизни бўйсунмасликка, уни ўзини тенг ҳуқуқли ҳис қилишига ўргатиш жуда ҳам қийин. Би-би-си: Демак, сизнинг-ча, халқнинг бу каби сифатлари президентга қўл келмайди ва у одамларни ўз ҳуқуқларини танишга, итоаткор бўлмасликка ўргатаяпти, шундайми? Сергей Ежков: Худди шундай деб ўйлайман, айниқса, сўнгги қарорларни олсангиз, уларга менсимаслик билан қарашни кўрасиз. Мана, президент демократик ўйинларини қилаяпти, дейишади. Ваҳоланки, президент сиёсий партияларга кўпроқ эркинлик бериб, келажакнинг пойдеворини қўйишга ҳаракат қилаяпти. Би-би-си: Лекин биласизми, сизнинг мақолангиздан шундай тасаввур пайдо бўлаяптики, гуё бутун бошли Ўзбекистонда Ислом Каримовчалик ёки ундан ҳам ақллироқ одам йўқ, наҳотки йигирма етти миллион одамнинг орасидан биронта ақллиси чиқмаса? Сергей Ежков: Мен, Ўзбекистонда Ислом Каримов олган масъулиятни ўз бўйнига олишга қодир бўлган шахс йўқ, деб ёзганман. Яъни Ислом Каримовнинг атрофида у билан баҳслашишга қодир бўлган ва ҳақиқатни юзига айта оладиган одамларнинг ўзи йўқ. Би-би-си: Хўш, нимага жаноб Каримовнинг ўзи атрофига ҳақиқатни гапира оладиган одамларни тўпламайди? Сергей Ежков: Менимча, бугунги кунда Ислом Каримов бу ҳолатга кўниккан. Атрофидагилар эса қачон бир нарса ўзгарар экан, деб кутиб ўтиришибди. Улар баҳслашиш ёки ўз фикрларини ҳимоя қилишга тайёр эмаслар. Бу - ҳам президентнинг ва ҳам атрофидагиларнинг умумий кулфати, деб айтсак бўлади. Би-би-си: Баъзи таҳлилчиларнинг айтишларича, Ислом Каримов сиёсатчи сифатида ўзини Андижон воқеалари пайтида намоён этган. Лекин сиз Каримовнинг ҳаёт йўлига назар ташларкансиз, бу воқеаларни умуман тилга олмагансиз, бунинг сабаби нимада? Сергей Ежков: Мен Андижон воқеалари ҳақидаги фикрларимни ёзганман. Назаримда, Ислом Каримовнинг олдида танлов бўлмаган. Би-би-си: Ва айнан ўшанда Ислом Каримов, сизнинг таъбирингизча, яхши маънодаги "агрессив"лигини кўрсатганми? Сергей Ежков: Унинг "агрессив" экани ҳакида ёзганимда, мен унинг илк президентлик йилларини назарда тутганман. Ўшанда у мамлакат бўйлаб юрар, оддий одамлар билан бот-бот учрашиб турарди. Ҳозир эса бундай учрашувлар йўқ. Масалан, у бир марта рўзнома таҳририяти биносига қўриқчиларисиз ва атрофидаги одамларсиз, бир ўзи бемалол кириб келиб, фалон газета қаерда, деб сўраган. Бу бўлган воқеа. Би-би-си: Нима учун ҳозир шундай қилмайди? Унинг халқдан узоқлашишига сабаб нима? Сергей Ежков: Гап шундаки, ҳокимиятда узоқ туриш оддий халқ билан мулоқот килиш истагини камайтиради. Одам идорада ўтирадиган бир амалдорга айланиб қолади. Қолаверса, Ўзбекистондаги тизим шундай қурилганки, бошқарув фақат Ислом Каримовнинг шахсиятига боғланиб қолган. Ҳозир халқ билан ўн беш - ўн олти йил олдингидек мулоқотлар йўқ. Албатта, бу ёмон ва бунинг ёмонлигини ҳеч ким шубҳа остига олмайди. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||