Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 23 Январь, 2008 - Published 13:02 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
АҚШ қўмондони Ўзбекистонга сафар қилмоқда
Адмирал Феллон Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга борган Американинг илк юқори мартабали ҳарбий мулозимидир
Президент Ислом Каримов АҚШ Марказий Кучлари Қўмондони, адмирал Уилям Фэллоннинг Ўзбекистонга сафарини "АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларидаги ўта аҳаммиятли ҳодиса," - дея олқишлади.

"Биз бу учрашувга ҳарбий ва техник соҳаларда ўзаро манфаатли бўлган масалаларни мубоҳиса қилиш, қайта кўриб чиқиш ва фикр алмашиш учун яхши имконият сифатида қараймиз," - деб айтди Ислом Каримов.

Америка ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик алоқалари 2005 йилда Андижонда юз берган қонли ҳодисалар ортидан узилган эди.

Ўшанда Вашингтон Ўзбекистон ҳукумат кучларининг Андижонда асосан қуролсиз бўлган намойишчиларни ўкка тутишини танқид остига олиб, халқаро текширув ўтказишни талаб қилганди.

Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари юзасидан халқаро тергов ўтказиш чақириқларини қатъиян рад этган ва воқеаларда исломий эктремистларни айблади.

Икки мамлакат алоқалари совуқлашуви ортидан расмий Тошкент Хонабод ҳаво базасида жойлашган Америка кучларини чиқариб юборганди.

Адмирал Феллон Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга келган илк юқори мартабали ҳарбий мулозимидир.

Хўш, бу сафар қанчалар муҳим аҳамиятга эга?

Би-би-си ана шу савол билан Британия Халқаро Алоқалар Тадқиқот марказидан шарҳловчи Юрий Фёдоровга мурожаат қилди.

Юрий Фёдоров: Америкалик юқори ҳарбий мулозимнинг Ўзбекистонга сафари Вашингтон Ўзбекистон билан ҳарбий ва сиёсий ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини англатади. Эҳтимол бу ҳамкорлик кенг қамровли бўлмас, аммо Андижон хунрезлигигача бўлган муносабатларни ҳеч қурса қисман тиклаш истаги борлиги сезилмоқда. 2001 йил сентябрида Америкага қарши ҳужумлардан кейин буёғи токи Андижон воқеаларига қадар Америка ва Ўзбекистоннинг ҳарбий ҳамкорлиги жуда яхши ривожланаётганди. Афтидан Америка ҳарбий-сиёсий доираларида Ўзбекистон Марказий Осиёнинг асосий бўлмаса ҳам, жуда муҳим давлатларидан бири, деб қарашмоқда. Албатта, Ўзбекистон ҳақида сўз борганда қўшни Афғонистонни ёддан чиқармаслик керак. Ўзбекистон шунингдек Эронга ҳам яқин. Америка ташқи сиёсатининг энг оғриқли нуқталаридан бири эса Эрондир.

Би-би-си: Вашингтон Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонга муносабатини янги асосларда қурмоқчими?

Юрий Фёдоров: Ҳа, менимча. Вашингтонда ҳозирги вазиятни қайта - янгича кўриб чиқиш жараёнини бошлаган кўринади. Ҳарбий-сиёсий муносабатларда тўла прагматик йўл тутишга ҳаракат сезилади. Яъни, ҳарбий сиёсий ҳамкорлик демократиянинг аҳволи, инсон ҳуқуқларини бузилиши масалаларидан кўра муҳимроқ қаралмоқда. Бошқа бир томондан, Ўзбекистон ҳукумати доим ўзининг ташқи сиёсий алоқаларини кенгроқ кўламда олиб боришга ҳаракат қилиб келган. Тошкент Кремлга бир томонлама қарам бўлиб қолмаслик йўлида бошқа давлатлар билан ҳам алоқаларни яхшилаш илинжида бўлган. Ўзбекистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномасига қайта қўшилиши эса иложсизлик ва бир маънода мажбурликдан қўйилган қадам эди.

Би-би-си: Америка адмирали Уилям Фаллоннинг Ўзбекистонга бир маънода кутилмаган сафаридан ҳарбий ҳамкорликка доир нима кутиш мумкин?

Юрий Фёдоров: Биласизми, эҳтимол конкрет бир келишувлар бўлмас, аммо дейлик ҳайъатларнинг борди келдиларини йўлга қўйиш, алоқаларни тиклаш, техник ёрдам кўрсатиш ва террорга қарши курашда биргаликда ҳаракат қилиш каби амалларга келишиб олинар. Яъни бу амаллар одатдагидай аста-екинлик билан кечади. Лекин, Американинг Ўзбекистондаги ҳарбий ҳозирлигини тиклаш ҳақида гап сўз бўлиши ҳақиқатдан узоқ бир масаладир.

Би-би-си: Яқинда Оврупо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррел Тошкентга келган эди, бугун эса мана юқори лавозимли Америка ҳарбий мулозими Тошкентда... Сизнингча, Ғарб Ўзбекистон билан муносабатларига ҳозирга қадар соя солиб турган Андижон воқеаларини унутишни истайдими ва ё бошқачароқ айтсак, унутмоқдами?

Юрий Фёдоров: Менимча, Андижон воқеалари тобора ўтмиш қаърига сингиб бормоқда. Сиёсат бу - сиёсат. Сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий алоқалар бугунги дунёда инсон ҳуқуқларининг поймол этилишидан кўра муҳимроқ масалаларга айланиб бормоқда.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy