|
Иосиф Кобзон нега Ўзбекистонга бора олмади? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Иосиф Кобзон: Бора олардим. Каримов рухсат бермади. Булар турлича нарсалар. Мен Ўзбекистонни ўзимнинг иккинчи ватаним, деб ҳисоблайман. Чунки Ўзбекистон менинг оиламни Иккинчи Жаҳон уруши пайтида қутқариб қолган. Янгийўлда менинг бувим кўмилган, Тошкентда эса Ботир Зокиров қабри бор. Мен Тошкентга борганимда доимо унинг қабрини зиёрат қиламан ва уйдагиларини бориб кўраман. Мени Ўзбекистон билан боғлаб турувчи нарсалар жуда кўп. 1989 йилда Совет Иттифоқида "ўзбеклар иши" деган жараён юз берганди. Мен ўшанда СССР халқ депутати эдим ва ўзбек халқини ҳимоя қилиш учун бу ишга фаол аралашганман. Бундан ташқари мен Афғонистонга ўн марта борганман. Биринчи бор 1980 йилда борган бўлсам, сўнгги сафаримда охиргилардан бўлиб, у ерни тарк этганман. Шунинг учун ўзбек халқи ва муқаддас Ўзбекистон замини мен учун жуда азиз. Шунинг учун ўн йил аввал Каримов мени Ўзбекистонга киритмаганида бир оз таажжубланган эдим. Би-би-си: Буни Каримов нима билан изоҳлаган эди? Иосиф Кобзон: Ҳеч нарса билан изоҳлагани йўқ. Мен: "Нима гап? Нима учун?" - деб элчидан сўраганимда, у уялмасдан: - "Бизга саҳналар тайёр эмас экан деб айтишди," - деб жавоб қайтарганди. Кейинчалик, мен Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг 60 йиллик юбилейига борганимда, Каримов билан учрашдик. Ўшанда Каримов мана шу маросимга соқийлик қилганди. Маросим пайтида Назарбоев мендан у билан бирга ёшлик пайтида айтган, жумладан, комсомол қўшиқларини куйлашни сўради. Мен у ва зал жўрлигида Совет даврида ёшлар орасида оммавий бўлган қўшиқларни куйладик. Орадан ярим соатлар ўтиб, Каримов мендан: "Ўзбекистонга сизни нима учун киритмаганимни энди тушунгандирсиз?" - деб сўради. Мен: "Нима учун сиз мамлакатга киритиш ёки киритмаслик ҳуқуқингиз борлигини тушунмайман?" - дедим. У эса: "Мана ҳозир билиб қўйишингизни истайман. Чунки ярим соат давомида сиз мени Совет одамига айлантириб қўйдингиз. Мен эса буни истамайман, бунга қарши курашаяпман ҳам," - деди у. Мен унга: "Ўзбекистон Коммунистик партияси собиқ раҳбарининг ўз ўтмишига қарши курашаётганидан жуда ҳам таассуфдаман. Одам охиригача ҳалол бўлиши керак," - деб хайр-хушлашган эдим. Мана энди бўлса, худди шундай кинояли мактубни Ўзбекистон маданият вазирлигидан олдим. Бу хат менда ҳозир ҳам бор. Агар истасангиз уни сизга йўллашим мумкин. Унда Ўзбекистон Иосиф Кобзон каби "афсонавий ва буюк" қўшиқчини кутиб олишга тайёр эмас, қабилида жавоб ёзилган. Ана шунақа гаплар… Би-би-си: Сизнингча, Каримов чиқишларингизнинг нимасидан қўрқади? Иосиф Кобзон: Менимча, у ўзидан қўрқади. Хуллас, у ўзи айтмоқчи "ўтмишдаги ҳамма нарсага қарши" курашаяпти. Демак, у ўзига ўзи қарши курашмоқда. Ахир унинг ўзи кимсан Коммунистик партиянинг Бош котиби эди-ку! Бир пайтлар Коммунистик партиядаги биринчи одам эди, ҳозир энди кимсан унинг яқинига бориб бўлмайдиган Каримов-бойга айланди. Бизнинг маданият вазиримиз улар билан гаплашишга уриниб: "Бу қанақаси? Қандай қилиб Иосиф Кобзонни Ўзбекистонга киритмаслик мумкин? У Ўзбекистонда бир умр қолиб кетишни сўраётгани йўқ-ку!" - деса, улар: "Каримовнинг ёнига ҳеч ким бора олмайди. Ундан оловдан қўрққандай қўрқишади," - деб жавоб қайтаришган. Би-би-си: Россияда ҳам шунақами? Россияда ҳам ҳукумат ўтмиш билан ҳисоблашадими? Иосиф Кобзон: Россияда ҳукумат нафақат ҳисоблашади…, мен бемалол ўз қўшиғим, жумладан, комсомол қўшиқларини ҳам, агар залдан таклиф тушса, айтавераман. Ҳукумат Совет Иттифоқи гимни куйини янги матн билан Россия гимнига айлантирди. Ҳукумат қуролли кучларга қизил байроқни қайтариб берди. Ҳукумат Совет қўшиқларини куйлашга мутлақо тўсқинлик қилмайди. Эфирда турли хиллардаги қўшиқлар янграб ётибди. Ёш болалар, мисол учун, "Бепоён ўлкам"ни куйлашмоқда. Чеклашлар умуман йўқ.. Мен Ўзбекистонга бориб: "Яшасин Ленин! Яшасин Партия!" - деб куйламаган бўлардим-ку… Би-би-си:Бошқа томондан Алишер Усмонов ҳам ўзбек. Лекин у сизнинг гастролларингиз харажатини тўлабди-ку?.. Иосиф Кобзон:Ҳа. Алишер Усмонов ҳамма қатори нормал одам. Лекин менимча, у вазиятни мендан яхшироқ билади шекилли. У менинг эски қадрдоним бўлгани ва ҳозир мен олиб юрган бунча катта сондаги санъаткорлар жамоасини олиб юриш имконсиз бўлгани учун менга сафар пулини беришини, лекин унинг номини тилга олмасликни сўради. Негалигини сўрасам, у: "Қизиқмисан, бу Каримовга куппа- кундуз куни чақмоқ чақнагандай таассурот қолдиради" - деди. Мен: "Нега энди? Сен Ўзбекистон учун нима ёмон иш қилибсанки, сени ҳам ёмон кўради?" - десам, у: "Мен бирон ёмон иш қилганим йўқ, лекин у мени яхши кўрмайди, вассалом" - деди. Би-би-си: Иосиф Давидович, дастуримиз орқали Ўзбекистондаги мухлисларингизга айтадиган гапингиз бўлса, марҳамат: Иосиф Кобзон:Мен уларга шундай деган бўлардим: Мен, нималар бўлаётганидан қатъи назар, Ўзбекистонни ўн йил аввал ҳам севардим, ҳозир ҳам севаман. Улуғ Ватан Уруши даврида одамларга қилган шунча яхшиликлари учун, қаҳрамонларча жанг қилганлари учун Ўзбекистон халқи ўнгида таъзим қиламан. Ўзбеклар ҳозир ҳам, бизникилардан фарқли, ўзлари олган орден ва медалларни чопонларига фахр билан тақиб юришади. Демак, улар ўтмишлари билан фахрланишади. Мен ҳам бу халқни севишимдан фахрланаман. Мени дўстларимнинг кўпи у ерда яшашади, кўплари у ерда дафн бўлишган. Мен Фаррух Зокировдан: "Фаррух, нималар бўлаяпти?" - деб сўраганим учун уни икки кундан кейин ишдан олишди. Бу қадар бешафқат тузумга қандай қилиб йўл қўйиб бериш мумкин? Нима учун давлат раҳбаридан қўрқишади? Бу ақлга сиғмайди. Мана Путиннинг олдига ҳам ҳамма кириб чиқолмайди, аммо бу дегани Путиндан қўрқишади дегани эмас. Ҳеч ким қўрқмайди ундан... У ҳақда латифалар айтишади, ўзаро танқид қилишади... Бундай бедодликка йўл қўймаслик керак, ахир. Мана мен шу кунларда Қирғизистонда бўлдим. Мени президентнинг ўзи кутиб олди, президентнинг ўзи нишонлади. Ажойиб халқи кутиб олди. Тожикистонда ҳам худди шундай бўлди. МДҲ ҳукуматлари раҳбарлари саммити ўтаётган Туркманистонда бўлдим. У ерда ҳам барча ҳукумат раҳбарлари концертимга келишди. Саҳнада Украина бош вазири Виктор Янукович билан бирга қўшиқ куйладим. Бизни гулларга тўлдириб ташлашди. Бугун эса Қозоғистондаман. Кеча Тошкент ўрнига Алма-атида концерт бердим. Бугун эса Остонада қўшиқ куйлаяпман. Мен ўзбек халқига фақат бир нарсани тилайман: тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт. Бу меҳнаткаш, гўзал ва истеъдодли халқ шунга лойиқдир. Мен Каримов мени ўзбек халқига яна бир бор таъзим қилиш имкониятидан маҳрум қилгани учун афсусдаман. Айтмоқчи бўлганим, Каримов режими бор экан, Ўзбекистон санъатида ҳеч қанақақанги демократия бўлмайди. Менга: "Нима, сиз энди Ўзбекистон учун "персона нон-грата"-га айландингизми?" - деб сўрашганларида, мен: "Мен ҳеч қачон "персона нон-грата"-га айланмайману лекин Ўзбекистонда Каримов режими бор экан, у ерга бормайман," - дедим. Мен у ерга бориб, ўзбек биродарларимни бағримга босиш, дўстим Ботир Зокиров ва бувим қабрларини зиёрат қилиш ва қолаверса, жонажон ўзбекистонликларим билан суҳбатлашиш насиб қиладиган кунларни кўришга умид қиламан. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||