|
Ўзбекистонда сайлов кампанияси бошланди | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Узоқ кутилган президентлик сайлови эса келаётган 23 декабрь куни бўлиб ўтади. Аммо кимлар президентликка номзод сифатида сайловда қатнашиши ва Президент Ислом Каримов яна ўз номзодини қўйиши ё қўймаслиги номаълум Ўзбекистон сайлов мулозимларига кўра, сайлов участкаларини аниқлаш ва овоз бериш шохобчаларини белгилаш ишлари бошланган. Бироқ аниқ номзодлар маълум бўлгунича, яна бир ойча вақт кетиши мумкинлигини айтишмоқда. Ҳозирда эса бутун Ўзбекистон Ислом Каримов яна президентлик курсисида қолиш-қолмаслиги борасида қандай қарор беришини кутиши керак. Мамлакатда ҳеч ким Президент Каримовнинг режаларидан бохабар эмас. Танқидчиларга кўра, аллақачон икки муҳлат президентлик қилган Ислом Каримов конституция бўйича яна сайловда ўз номзодини қўя олмайди. Лекин Ислом Каримов номзоди илгари сурилишини асослашга замин яратадиган қонуний жиҳатлар борлиги ҳам айтилади. Ҳозирда ҳеч ким Ислом Каримов қўлидаги мавжуд ҳокимиятни бериб қўйишига ишонмайди. Кўпчилик Ислом Каримов балки ўзига ворис тайинлар, деб ҳам ўйламоқда. Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам Ўзбекистондаги муҳим қарорларни қабул қилиш қудрати Ислом Каримовнинг ўз ихтиёрида қолиши мумкин. Амалда Ислом Каримов 1989 йилдан бери қудратда қолмоқда. Ана шу ўтган 18 йиллик вақт давомида эса Ўзбекистон изчил тарзда иқтисодий емирилиш ва сиёсий турғунлик томон оғиб кетмоқда. Марказий Осиёнинг аҳоли сони жиҳатидан энг катта мамлакати бўлмиш Ўзбекистон эндиликда собиқ СССРдаги энг якканишин, энг қашшоқ ва энг зулмкор мамлакатлардан бирига айланди. Ўзбекистон бутунлай милиция давлатидир. Бу ерда бирон мухолиф фикрга тоқат қилинмайди. Қамоқхоналар эса юрак ютиб, ўз фикрини айта олган одамлар билан тўлиб-тошган. Умуман, бу мамлакатда ҳеч бир соҳада эркинлик йўқ. Мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарида ҳам жуда кўплаб ўзбеклар ўз юртларида қандайдир ўзгаришлар кечишини исташади. Аммо ўзбеклар Ислом Каримовнинг ҳокими мутлақлигини ҳам, халқ юрагига қанчалик кучли қўрқув уруғи ташлаганини ҳам яхши биладилар. Худди шу қўрқув туфайли жамиятдаги таҳликали зиддият ва норозиликлар жиловлаб турилибди. Бироз илгари эса Халқаро Инқироз Гуруҳи ҳам мабодо Ислом Каримов ҳокимиятдан кетгудек бўлса, бунинг ортидан Ўзбекистонда юзага келадиган фуқаровий низолар ва беқарорликларга халқаро ҳамжамият тайёр бўлиб туриши керак, деб чиққанди. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||