|
Каримов мустақилликни энг узун нутқи билан кутиб олган | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Қарийб икки соат давом этган нутқдан сўнгги 16 йил бадалида Ўзбекистон ҳаётининг деярли барча соҳаларида эришилган ютуқлар аксар собиқ Иттифоқ даври билан қиёсий равишда тилга олиб ўтилган. Ўзбекистон президенти нутқидан, хусусан, суд-маҳкама тизимидаги ислоҳотлар ва қонунларнинг инсонпарвар эканлиги, ғалла мустақиллигию қишлоқ аҳли турмуши яхшиланаётгани, иқтисодга киритилаётган сармояларнинг миллиардлаб долларга етганию ўртача маошларнинг 200 долларга яқинлашгани қайд этилади. Би-би-си Ўзбек Хизмати ўзбекистонлик шархловчи Алишер Илҳомовни суҳбатга тортиб, Президент Каримов нутқининг қай бир жиҳатлари сизнинг эътиборингизни тортди, деб сўраган: Алишер Илҳомов: Менинг назаримда, бу одатий, ҳукумат раҳбарлари ва президентлар бирон бир даврнинг интиҳосида берадиган ҳисобот нутқларидан биридир. Фақатгина бу ерда анчайин узоқ муддат, яъни мустақиликка эришилганидан бери кечган 16 йил юзасидан ҳисобот берилаяпти. Би-би-си: Нима учун бу каби ҳисобот, дейлик, мустақилликнинг 10 йиллиги ва ё-да 15 йиллигида эмас, айнан 16 йиллигида янграмоқда? Алишер Илҳомов: Бунинг декабр ойида кутилаётган президентлик сайловлари билан боғлиқлиги аён. Менинг фикримча, Ўзбекистон президенти ҳозирда ўз вазифасидан кетишни умуман ҳохламаяпти, лекин айни вақтда мамлакатдаги аҳвол аянчли эканлиги ва халқнинг норозилиги кучаяётганини тушуниб турибди. Шу сабабдан ҳам, ўзининг муддатини шунчаки узайтириш хақида эълон қила олмайди. Шунинг учун, менимча, бу нутқнинг асосий мақсади сайловларни эълон қилишдан аввал сиёсий вазнни кўтариб олишга қаратилган. Ана шу мақсадда оммани мамлакатда фаровонлик ошаётганлигига ишонтиришга харакат қилинган. Яъни, бу омма фикрини тайёрлаш уринишидир. Би-би-си: Ўзбекистон президентининг нутқида мамлакатнинг охирги 16 йил мобайнида турли соҳаларда эришган муваффақиятларидан ташқари, бир қатор фожеавий можароларнинг деярли ҳар бири эслатиб ўтилган, лекин Андижон ҳодисалари тилга олинмаган, бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Алишер Илҳомов: Бунинг сабаби шундаки, менимча, Андижон ҳодисалари, у ерда айнан нималар юз бергани борасида, ўз норозилигини изҳор этаётганларга нисбатан керагидан ортиқ куч қўллангани хақидаги баҳслар ҳануз тингани йўқ. Шунинг учун ҳам расмийлар бу ҳодисаларни иложи борича халқ хотирасидан хиралаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бошқа фожеавий ҳодисаларни эслатиб ўтишдан мақсад эса, менимча, "мана шу каби вазиятни беқарорлаштириш уринишлари бўлган, аммо ҳукумат ҳамиша вазиятдан чиқишга муваффақ бўлиб, барқарорликка эришди ", деб кўрсатиб қўйишдир. Би-би-си: Демак, сиз президентнинг бу галги нутқини "сайлов олди нутқи" дея атаган бўлармидингиз? Алишер Илҳомов: Тўлиқ сайлов олди нутқи эмас, бир таркибий қисми деб айтишимиз мумкин, менимча. Чунки сайлов олди нутқ келажакка назар, режалар, жамиятга ваъдаларни ўз ичига олиши керак. Президентнинг нутқида бу каби келажакка назар ташлаш йўқ. Асосан ўтмишга назар ва ҳисобот, яъни сайлов олди ваъдалари асосига қурилмаган. Кимдир бу нутқни "халққа бир кўриниш бериб, хайрлашиш вақти келди", деб айтиш илинжи мазмунида талқин қилиши мумкиндир, лекин бунинг эҳтимоли жуда кам, аслида, президентнинг муддати узайтирилиши муқаррарлиги ғоясини халққа етказиш ҳаракати кетмоқда, менимча. Би-би-си: Лекин нутқда "хайрлашиш вақти келди" деган эҳтимолий оҳангни ҳам сезиш мумкин бўлса, бошқа томондан президент мамлакатда янги ёшлар авлоди ва кадрлар етишиб чиққанлигини эслатиб ўтганлиги ён-атрофдан ё-да дейлик ўз оиласи аъзолари орасидан ўзига меросхўр қидириш ҳаракатлари ҳам бор деб айтсак бўладими? Алишер Илҳомов: Биласизми, жаноб Каримов ёш авлод ҳақида ўзининг нутқларида мунтазам гапириб келади. Лекин бунинг орқасида қандайдир реал ҳаракатлар кузатилмаган. Ҳукуматда ўтмишда ва ҳозир ҳам мамлакат бошқарувига қодир шахслар бор. Аммо улар доимо қудратдан усталик билан узоқлаштириб келинган. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||