Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 22 Август, 2007 - Published 14:46 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
ХИГ Каримовдан сўнгги низолар хавфидан хавотирда
Ислом Каримов
Каримов ўзига меросхўр сифатида кимни тайёрлаётгани аниқ эмас
Халқаро Инқироз Гуруҳи чиқарган ҳисоботга кўра, халқаро ҳамжамият диктатор Ислом Каримов лавозимидан кетганидан сўнг Ўзбекистонда юзага келиши эҳтимоли бўлган фуқаролар тўқнашувига тайёр туриши керак.

Ташкилотнинг "Ўзбекистон: Турғунлик ва Ноаниқлик" деб аталувчи охирги ҳисоботида огоҳлантирилишича, Андижон қирғинидан икки йил ўтиб, мамлакат ўзи ва минтақа учун жиддий хавф бўлиб қолмоқда.

69 ёшар Каримовнинг муддати расман январь ойида ниҳоясига етган, аммо у лавозимдан кетадиган кўринмайди.

Халқаро Инқироз Гуруҳининг Осиё Дастури директори Роберт Темплернинг айтишича, Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнаси келажаги ноаниқликларга тўла. Одамларнинг бепарволиги уларнинг мавжуд тизимни дастаклашларини эмас, балки қўрқув ва умидсизликни акс эттиради, дейди ташкилот вакили.

Ташкилот Андижон қирғинидан икки йил ўтган бўлса ҳамки, Ўзбекистон ўзи ва минтақа учун жиддий хавф бўлиб қолмоқда деган хулосага келган. Халқаро Инқироз Гуруҳининг бундай хавотирли хулосага келишига қандай далилу исботлари бор?

Айни савол билан Халқаро Инқироз Гуруҳининг вице президенти Жон Гринвалдга боғландик.

Гринвалд: Бошидан шуни айтай, биз Ўзбекистонда бугун фуқаролар тартибсизлиги кузатилмоқда деб айтганимиз йўқ. Биз мамлакатда юзаки сокинлик ҳукм сурмоқда деб айтдик. Бу сокинлик умидсизлик ва қатағонлар устига қурилган сокинлик деб айтдик. Биз келгуси бир неча йил ичида, яъни ҳукуматда ворислик масаласи ўртага чиққан пайтда, буни қандай амалга оширишда шаффофлик, тажриба ва қонун бўлмагани сабабли, муаммолар келиб чиқиши хавфи бор деб хулоса қилдик.

Би-Би-Си: Сиз зикр этган хавотирлар нималарга асосланган?

Гринвалд: Улар мамлакат борасида бир неча йилдан буён олиб борилган кузатувларга асосланган. Бу ҳақда биз амалда янгиланган ҳисоботимизда айтганмиз. Чунки биз Ўзбекистон борасида кўп йиллардан буён хабарлар бериб келамиз. Ҳисоботимиз мамлакат ичкарисидаги матбуотни яқиндан кузатиш ва мамлакатнинг ташқарисидан туриб олинган маълумотларга асосланган. Ҳисоботимизда маълум қилганимиздек, мамлакат ичкарисидан туриб кўп нарсаларни кузатиш имконсиз, чунки ҳукумат четдагиларга мамлакатда маълумот тўплашга изн бермайди. Бизга ичкарига киришга виза берилмайди, мустақил матбуот эса Ўзбекистонда айниқса сўнгги икки йилда йўқ қилиб ташланди.

Би-Би-Си: Ҳисоботда сиз Президент Каримов кетганидан кейин, турли гуруҳлар ўртасида рақобат бошланишини башорат қилгансиз. Бу ерда қайси гуруҳларни назарда тутгансиз?

Гринвалд: Рақобат ҳар бир тузумда бўлади. Аммо бизнинг кузатувларимизга кўра, Ўзбекистон рақобатни тинч ҳал эта олмайди. Амалда Ўзбекистон президентининг ваколати январь ойида тугаган ва сайловлар аллақачон бўлиб ўтиши керак эди. Аммо на Каримовни қайта сайлаш на унинг ўрнига ворисни сайлаш масаласи ҳал этилди. Қисқа қилиб айтганда, қонун инкор этилмоқда. Қудратга ким келади деган саволга қонуний жавоб йўқ. Шу ҳолатнинг ўзи ташвиш уйғотади. Ҳозирда Каримовнинг ўрнига ким келишини аниқ айтиш имконсиз. Аниқ ҳеч ким кўзга ташланаётгани йўқ. Албатта, ҳисоботда бир неча одам тилга олинган: миллий хавфсизлик хизматининг раҳбари; президентнинг қизи ва Москвада яшаётган жуда бой ва таниқли бизнесмен. Аммо, ҳеч ким ичкарида булар ҳақида аниқ ҳеч нима билмайди.

Би-Би-Си: Сиз президентнинг қизи Гулнора Каримова номини тилга олдингиз. Уни сиёсий ворисликка жиддий даъвогар деб ҳисоблайсизми?

Гринвалд: Албатта уни жиддий назарга олиш керак. Чунки, у президент отаси билан яқин алоқага эга ва иқтисодий жиҳатдан ҳам жуда қудратли аёлдир. Аммо у ўз бойлигини тўплаш жараёнида қўллаган услублари сабаб ўзига кўплаб душманларни орттириб олди. Биз уни ички раҳбар деб айта олмаймиз, аммо уни отаси кетганидан кейин мамлакатни идора этишга уриниб кўрадиган жиддий номзодларни бири сифатида қараш керак.

Би-Би-Си: Албатта Гулнора Каримова ўзини моҳир заргар, қўшиқчи ва ҳаваскор шоира сифатида танитишга улгуриб бўлди. Лекин халқ уни жиддий қабул қилади деб ўйлайсизми?

Гринвалд: Халқ уни жиддий қабул қиладими ёки йўқлигига жавоб беришга қийналаман. Албатта у етарлича ўзига ишонган ва тажрибали аёл. Бу ерда масала халқнинг мамлакат раҳбарини сайлашда ўз фикрини эркин баён этиш имкониятига бориб тақалади. Аммо иқтисодий қудрати ва отасига яқин экани инобатга олинадиган бўлса, унга жиддий эътибор қаратилаётгани ойдинлашади.

Би-Би-Си: Шу ҳолатда ташқи дунё Ўзбекистон халқига қандай ёрдам бериши мумкин ёки нима қила олади деб ўйлайсиз?

Гринвалд: Ҳозирда буни айтиш қийин. Чунки режим расмийлари ташқи дунё билан яхши алоқаларга эга эмас. Улар ташқи дунёнинг уларга бўлган муносабатидан хижолат эсаларда, уларнинг вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилаётганлари сўнгги йилларда деярли кузатилгани йўқ. Аммо ҳозирги паллада, Оврўпо Иттифоқига сўнгги икки йилда Ўзбекистонга қарши қўллаётган жазо чораларини, кучайтириши маъқул деб ўйлайман. Бу санкциялар расмий Тошкент жиддий ислоҳотлар ўтказиш нияти борлигини билдирмагунча давом эттирилиши керак. Айни дамда ташқи дунё Ўзбекистон халқига бу мамлакат расмийлари изн берган даражада инсонпарварлик ёрдамини бериши керак. Бундан ташқари халқаро ҳамжамият Ўзбекистондан чиқиб кетаётган фуқароларга илм олишлари, тажриба орттиришлари учун имконият яратиши керак деб ўйлайман.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy