Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 28 Май, 2007 - Published 14:56 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Туркманистон: 100 кунлик ўзгаришлар нақадар улкан?
Президент Бердимуҳаммедов
Жаноб Бердимуҳаммедовнинг 3 ойлик президентлиги давридаёқ Туркманистон улкан ислоҳотларни бошлаб юборгани рост
Туркманистонда янги президент Қурбонқули Бердимуҳамедовнинг ҳокимиятга келганига 100 кун тўлар-тўлмас, мамлакат турфа ислоҳотларга очилаётгани хусусида кўп гапирилмоқда.
Янги раҳбарият ҳам Россия ва Хитой, ҳам Ғарб билан иқтисодий ҳамкорликка шайлигини намоён этмокда. Мамлакат ичкарисида эса таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳаларда ислоҳотлар кечаётир. Янги президент бошқарувидаги 3 ойлик муддат учун айни ўзгаришлар улкан муваффақият эмасми? Би-би-си Ўзбек хизмати Швециядаги Туркманистон бўйича таҳлилчи Мурод Эсеновга худди шу савол билан мурожаат этди.

Мурод Эсенов: Чиндан, Президент Бердимуҳаммедовнинг ҳокимиятга келиши билан Туркманистонда улкан ўзгаришлар кечмоқда.

Лекин уларнинг барчасини ижобий, демасдим. Келинг, гапни яхшиларидан бошлайлик. Мамлакат ижтимоий ва иқтисодий соҳаларида йирик ислоҳотлар бошланди.

Айнан илм-фан ва таълим соҳасидаги янгиликлар мамлакат келажаги учун ўта фойдалидир.

Шу қаторда қўшни давлатлар, хусусан, Россия ва Қозоғистон билан мулоқотларни йўлга қўйиш жараёни кечмоқда. Чунки илгари Туркманистон ҳатто минтақада ҳам иҳоталаниб қолганди.

Шу боис бу қадамларни табриклаш лозим.

Би-би-си: Сиз салбий жиҳатларни ҳам тилга олдингиз? Янги президентнинг қайси амалларини салбий бўлмоқда, дейиш мумкин?

Мурод Эсенов: Жаноб Бердимуҳаммедов кадрларни тақсимлаш ва куч тизимларини ишга солиш учун марҳум Туркманбошининг сиёсатига мурожаат эта бошлаяпти.

Масалан, бирон мулозимни ишдан бўшатса, маҳкама қарори ва ёки прокурорнинг айбловисиз, омма олдида боёқиш мулозимга қора чаплаб, барча камчиликлар учун уни жавобгар қилиш тажрибасини қайта яратмоқда.

Ахир маҳкама қарори чиқмасдан туриб, бирон мулозимни айблаб чиқишга президентнинг қонуний ҳаққи йўқ-ку? Лекин янги президент ҳам ана шундай тажрибани қўллаётгани хавотирлидир.

Шу билан бирга, ҳокимият аста-секин Президент Бердимуҳаммедовнинг яқинлари, ҳамқишлоқлари ва қариндош-уруғлари қўлига ўтиб кетмоқда.

Би-би-си: Лекин мамлакатда кечаётган ижобий ўзгаришлар барибир, иккинчи Туркманбоши пайдо бўлади, деган хавотирларга асос яратмаяпти. Шундай эмасми?

Мурод Эсенов: Биласизми, бу каби бир воқеликни ҳам истисно этмаслик керак.

 Қозоғистон йўли бутун минтақа учун энг мувофиқ намуна бўлиши мумкин. Яъни тузум авторитар, лекин тадбиркорлик ва иқтисод эркин.
Мурод Эсенов, таҳлилчи, Швеция

Тўғри, Туркманбоши давридагидек эмасдир-у, лекин яккаҳокимлик аломатлари кўзга ташлана бошлаган.

Масалан, кўчаларда Президент Бердимуҳаммедовнинг суратлари пайдо бўлаётир.

Президентлигидан 3 ой ўтар-ўтмас, Туркманистонда соғлиқни сақлаш тизимини яратиш борасида унинг китоби чоп этилди. Бу сизга Туркманбоши даврини эслатмайдими?

Би-би-си: Аммо Туркманистонни доимо танқид қилиб келган Халқаро Инқироз Гуруҳи каби хорижий кузатувчилар ҳам, мана энди, газ савдосидан тушадиган маблағ Туркманистон халқининг ҳаётини ўзгартириши мумкин, деган умидларни билдиришмоқда-ку?

Мурод Эсенов: Умидлар бор. Жаноб Бердимуҳаммедов иқтисод, тиббиёт ва ижтимоий соҳаларда ислоҳотларни бошлаган. Мазкур ислоҳотлар учун зарурий пулларни эса ҳукумат газдан тушадиган даромаддан олади.

Шу боис ҳам айни ислоҳотлар ортидан халқнинг ҳаёти яхшиланишини башорат қила оламиз. Лекин сиёсий жабҳада ҳеч қандай ислоҳот кечмаяпти.

Би-би-си: Янги президент келиши билан Қозоғистон ҳамда Туркманистон орасида алоқалар кучаётгани яққол кўзга ташланади. Бу мамлакатнинг бироз очилишидан далолат-ку. Қозоғистон эса ҳозир минтақанинг энг илғор мамлакати. Балки янгича минтақавий муносабатлар Туркманистон учун изсиз кетмас?

Мурод Эсенов: Шундай. Уларни ҳозир иқтисодий масалалар бирлаштирмоқда. Балки бироз вақт ўтгач, Туркманистон ҳам Қозоғистоннинг ортидан кетмоқда, дейиш мумкин бўлар. Лекин ҳозир айни фикрни айтишга эрта. Нега дейсизми?

Аввало, Қозоғистонда очиқ фаолият юритадиган мухолифат партиялари бор. Улар ўз нашрларини чоп этишади. Инсонларнинг интернетдан эркин маълумот олиш ҳуқуқлари таъминланган.

Демократиянинг аломатлари сифатида саналадиган ана шу воқеликларнинг ҳеч бири ҳали Туркманистонда мавжуд эмас.

Қайдам, ўтган 3 ойлик муҳлат бу каби сиёсий ислоҳотлар учун балки бироз қисқалик қилар...

Би-би-си: Қозоғистон раҳбариятининг Туркманистон билан ҳамкорликка алоҳида ва жиддий эътибор қаратаётгани очиқ кўринмоқда. Айни саъй-ҳаракатлар бугун ислоҳотлар бобида оқсаётган минтақага қандай ўзгаришларни келтириши мумкин?

Мурод Эсенов: Биласизми, Қозоғистон ўзи учун жуда яхши иқтисодий тараққиётни кафолатлай олди.

Ҳақиқатан ҳам бу мамлакатда фаровонлик бошланаяпти ва шу боис Қозоғистон минтақавий етакчиликка даъво қилаётир.

Мана, Қирғизистонни олсак. У ерда Қозоғистон ўз тижоратлари туфайли ҳам мустаҳкам мавқедадир.

Туркманистон билан яқинлашиш эса минтақа сиёсатида ҳам, иқтисодий ҳаётида ҳам Қозоғистоннинг ўрнини янада мустаҳкамлаб, Остонанинг таъсирини кучайтиради.

Лекин бошқа томондан, Ўзбекистон, тўғрироғи, ўзбек президенти ўзидан ташқари бошқа бирон минтақавий етакчи ё раҳбар етишиб чиқишини истамайди.

Худди ана шу воқелик Тошкент ва Остона орасидаги алоқаларни таранглаштириши мумкин.

Қурбонқули Бердимуҳаммедов ва Владимир Путин
Туркманистон Россия билан қоларканми ёки демократия йўлини тутиб, Ғарбга эшик очарканми, деган саволлар ҳамон очиқ

Лекин Қозоғистон оқилона иқтисодий сиёсати туфайли олға кетмоқда ва минтақада бу мамлакатнинг ҳозир етакчиликка интилиши анчайин табиийдир.

Би-би-си: Қозоғистон президенти Марказий Осиё давлатлари иттифоқи тузишни таклиф этганида қирғизлар қўллашди, тожиклар қизиқиш билдирдилар. Қозоғистон ва Туркманистоннинг сўнгги алоқаларига қарасак, бетараф Туркманистон ҳам бу иттифоқни қўллайди, деган эҳтимоллар ўртага чиқмайдими?

Мурод Эсенов: Менимча, Туркманистон бирон-бир иттифоққа кўшилмаса керак. Лекин ҳозирги раҳбарият минтақа давлатлари билан яқин алоқаларни йўлга қўйишга қаттиқ ҳаракат қилади.

Чунки ўтган йиллар давомида Туркманистон минтақа ҳаётидаги жараёнлардан четда қолди. Бу эса мамлакатга жуда катта зиён-заҳмат етказди.

Янги раҳбарият эса айни ҳақиқатни кўриб турибди.

Менимча, Президент Бердимуҳаммедов аввало Қозоғистон ва Ўзбекистон билан, кейин бошқа минтақавий қўшнилар билан жипс алоқаларни ўрнатишга мойиллик билдиради.

Би-би-си: Айрим кузатувчилар Туркманистонда энди демократия бўладими ва ёки яккаҳокимлик қоларканми, деган саволлар қаршисида қолишмоқда. Минтақага назар ташласак, Қирғизистон демократияси кўпроқ давлатнинг заифлигини кўрсатгандек ва ёки Тожикистон ва Афғонистондаги нисбий эркинликлар кўпроқ урушдан чиққан давлатларда кечадиган вақтинчалик бошбошдоқлик мевасидек кўринади, дегувчилар ҳам оз эмас. Туркманистоннинг ҳам яқин орада тўлақонли демократияга айланишига умидлар деярли йўқ бўлган ҳозиргидек ҳолатда бу мамлакат учун энг мақбул йўлни нимада кўраяпсиз?

Мурод Эсенов: Келаси яқин йиллар ичида Марказий Осиёдаги ҳеч бир мамлакатда Ғарбдагидек эркин демократик тузум юзага келмайди.

Минтақада шарқона, исломий омиллар кучли ва анъанавий қадриятларнинг ўрни баланд.

Албатта, демократиянинг қандайдир аломатлари ўртага чиқиши мумкиндир...

Ҳойнаҳой, яқин йиллар давомида минтақада эркин тадбиркорлик ва эркин иқтисод хусусиятларини ўзида мужассам этган яккаҳоким тузумлар ҳукм сурса ҳам улкан ютуқ бўларди.

Масалан, Қозоғистонда ҳозир худди шундай жараён кўзга ташланмоқда.

Менимча, Қозоғистон йўли бутун минтақа учун энг мувофиқ намуна бўлиши мумкин. Яъни тузум авторитар, лекин тадбиркорлик ва иқтисод эркин.

Албатта, мен айтаётган авторитарлик даражаси Ўзбекистон ва Туркманистондагидек бўлмаслиги лозим. Мен кўпроқ Қозоғистондаги ҳолатни назарда тутаяпман.

Биласизми, Туркманистоннинг ҳозир айнан Қозоғистондек бир мамлакатга айланиш имконлари катта.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy