Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 13 Май, 2007 - Published 10:25 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Андижон хунрезлигига икки йил тўлди
" Андижон унутилмайди..."
Андижон хунрезлигига икки йил тўлар экан, хориждаги ўзбеклар ва муҳожиротдаги мухолифат гуруҳлари халқаро ҳамжамиятни Президент Ислом Каримовга кўпроқ босим ўтказишга чақирган.

Би-би-сининг Марказий Осиёдаги мухбири Наталия Антелавага кўра,хориждаги ўзбеклар Андижон қурбонларини хотирлаб кичик намойишларга чиққан бир пайтда, Ўзбекистоннинг ичкарисида бу санани ҳеч ким ёд олаётгани ва ё бу оммавий ошкор этилаётгани йўқ.

Хотира куни муносабати билан чиқишида Ислом Каримов мамлакат олдинга қадам ташлаганини айтди.

Аммо, Андижонда аслида нималар содир бўлгани хусусида жавобсиз қолган саволлар талай.

Жаноб Каримовга кўра, бу исломий қўзғолон бўлган ва қўшинлар 187 нафар радикал исломчиларни ҳалок этишган.

"...айбловлар сохта эди!"
Аммо, ҳодиса ортидан мамлакатдан чиқиб кетганлар ўзгача ҳикояларни сўзлашади.

Уларни дастакловчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари ҳодисани "қирғин" дея таърифлашади ва мингга яқин киши ўлдирилган бўлиши мумкинлигини айтишади.

Шундан бери мамлакатда ҳодисага алоқадор юзлаб одамлар диний экстремизм айблари билан ҳибсга олинган, уларнинг ораларида журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам бор.

Мамлакатдан қочиб кетишга муваффақ бўлганларга кўра, Андижон воқеаси ҳукуматнинг мисли кўрилмаган қатағонларига туртки берган.

Улар мамлакатда қўрқув муҳити яратилгани, махфий маҳкамалар ва қамоқхоналардаги қийноқлар, Андижондаги хунрезлик ортидан аскарлар оммавий қабрлар ковлаганлар ҳақида гапирадилар.

Андижон қирғини пайти Би-би-сининг Ўзбекистондаги мухбири Моника Витлок:

Моника Витлок:"Ҳеч ким қўшинлар тинч намойишчиларга қарата ўт очишига ишонмас эди.Аммо ҳарбий қўшинлар қақшатқич ўт очди.."

Ўзбекистонда Андижон хунрезлиги мисли кўрилмаган воқеа эди.

Бир неча йиллик сукунатни бузиб, минглаб сабр-косаси тўлган Андижонликлар ўз турмушларининг мушкулликлари хақида гапиришарди.

Улар орасида ўғирланган қурол-яроқлар кўтарган бир неча киши бор эди.

Қуроллилар шундоқ ҳам бўшаб қолган ҳокимият биносини олишганди.

Норозилик намойишига йиғилганларнинг аксарияти оддий андижонликлар эди.

Кўплаб андижонликлар фарзандлари билан гўё оилавий сайлга чиқишганди.

Томошабинлар ҳам талайгина эди ва намойишчиларни ҳукумат кучлари ўраб келар экан, ҳеч ким чўчимади.

Андижонликлар

Ҳеч ким бу қўшинлар тинч намойишчиларга қарата ўт очишига ишонмас эди.

Аммо ҳарбий қўшинлар қақшатқич ўт очди.

Юзлаб инсонлар майдоннинг ўзида қурбон бўлишди.

Қолганлар жон-жаҳдлари билан қоча туриб йиқилишар ва жон беришар эди.

Маҳаллий одамлар майдондан бир чақирим узоқроқда ҳам қон кўлмакларини ювишгани ҳақида айтишади.

Ҳукумат қўшинларининг ҳужумидан омон қолганлар Қирғизистон томон қочишар, уларни аскарлар таъқиб қилиб келар ва отишар эди.

Ўз фарзандининг жасадини соатлаб қидирган андижонликлардан бири кейинроқ биз билан суҳбатда ҳукумат қўшинлари бу хунрезликдан кейин уйма уй юриб шаҳарликларни ҳеч кимга бу воқеалар ҳақида гапирмаслик ҳақида огоҳлантирганини айтган эди.

Андижонликлар...

Шаҳар атрофидаги адирлар ўраб олинди ва кўплаб жасадлар номсиз қабрларга кўмилди.

Андижонда нима бўлгани ҳамон сир сақланади.

Беш юз нафарча тинч аҳоли отиб ўлдирилгани ҳақида маълумот муаллифи Ўзбекистон мулозимларидан бири бўлиб, у маълум сабабларга кўра ўз исмини ошкор этмайди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам юзлаб инсонлар отиб ўлдирилганини айтишади.

Ўзбекистон ҳукуматининг расмий талқини эса тамомила фарқ қилади.

Ҳукуматга кўра, хатарнок исломий экстремистлар хориж ёрдами билан исён кўтаришган.

Тошкент мустақил текширув ўтказиш талабларини ҳозирга қадар рад этиб келмоқда.

Хунрезлик гувоҳларининг аксарияти қамоққа ташланган, қолганлари Ўзбекистонни тарк этишган.

Аксарият мустақил журналистлар мамлакатдан чиқишга мажбур бўлишган.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy