|
Туркманистондан Россияга қадар янги қувур йўли келишуви | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Россия, Туркманистон ва Козоғистон Каспий денгизи соҳили бўйлаб янги газ қувури қуриш борасида келишиб олишган. Уч мамлакат президентлари режадаги янги кувурга оид битимнинг сентябр ойида имзоланишини билдиришган. Янги қувур Туркманистон газини Козоғистон оша Россияга етказиб беради. Кузатувчилар ушбу янги лойиҳа Ғарбнинг туркман газини Россияни четлаб ўтувчи йўллар орқали жаҳон бозорларига етказиш умидларига чек қўйиши мумкинлигига ишора этмоқдалар. Марказий Осиё энергетика масалалари бўйича мутахассис Жон Маккартининг Би-би-си га айтишича, режалаштирилаётган қувур йўли Россияга Марказий Осиё энергия заҳиралари устидан мавжуд устувор мавқеини янада мустаҳкамлашга йўл очади: Жон Маккарти: Потенциал жиҳатдан бу қувур йўлининг аҳамияти жуда катта. Бу келажак қувур йўли орқали қайси газ заҳираларидан газ олиб ўтилади аниқ эмас, лекин тахмин қилишимиз мумкинки, Туркманистондаги асосий газ заҳираларидан газни Россияга олиб кетади. Бу ўз навбатида Россияга туркман газини Ғарб бозорларига етказиш йўлида ҳозирда эга бўлганидан ҳам кўпроқ таъсирини кучайтиришга ёрдам беради. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу газ қувури туркман газининг бошқа йўналишларда оқиш эҳтимолини жуда ҳам камайтиради. Би-би-си: Бугун президент Путин ўз чиқишида бу газ қувурини кейинчалик Ўзбекистон томон ҳам узайтириш имкони бор деб айтибди, бу дегани Россия минтақа газ заҳиралари устидан деярли тўлиқ устуворликка эга бўлганлигини англатадими?
Жон Маккарти: Амалда Россия бу устуворликка аллақачон эга эди. Ғарб давлатлари Марказий Осиё газини бошқа йўналишларда ҳам оқиши йўлида ҳаракат қилмоқда эдилар. Масалан Каспий орқали Озарбайжон ва Туркияга қадар борувчи газ қувури лойихаси кўриб чиқилмоқда эди. Афғонистон орқали Жанубий Осиё мамлакатлари томон борадиган газ йўли ҳакида ҳам сўз юритилганди. Эндиликда бу лойиҳаларнинг амалга ошиши амримаҳол бўлади деб ўйлайман. Чунки экспорт қилинадиган газнинг миқдори саноқли ва ҳар бир қувур йўли бошқа қувур йўли учун лозим бўлган газ миқдорини камайтиради. Би-би-си: Эндиликда Ғарб Марказий Осиё газидан умидини узавериши ҳам мумкин деб айта оламизми? Жон Маккарти: Мутлақо умидини узиши керак, деб айта олмайман. Чунки туркман газининг миқдори жуда кўп. "Ғарбнинг умидлари" деб тўғри ибора ишлатдингиз, бу ҳамиша умид бўлиб келган, чунки Россия Марказий Осиё энергия заҳираларига келганда, ҳамиша поданинг олдидадир. Бошқа томондан улар Ғарб давлатлари ва ёда ширкатларига қараганда Марказий Осиёда сиёсий жиҳатдан ўта устамонлик билан иш юрита оладилар. Мен шахсан бу мусобақада Россия ютиб чиқишини анчайин аввал башорат қила олган бўлардим. Би-би-си: Лекин туркман Президенти бошқа лойиҳаларни кўриб чиқиш тўхтатилгани йўқ деб айтибди, демак ҳеч қурса ғояда туркман газининг бошқа йўналишларда оқишини кутиш мумкинми? Жон Маккарти: Фикримча, бошқа лойиҳаларнинг ичида энг амалийроғи жануби-ғарбий Осиё томондир, яъни Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистонга қадар. Лекин бу лойиҳанинг улкан сиёсий муаммолари бор. Лойиҳани амалга ошириш имконсиз эмас, аммо ўта мушкул. Кўп нарса эндиликда Россия туркман газининг қанча миқдорини сотиб ола бошлашига боғлиқ. Агарда бу миқдор ўта кўп бўлса, айтиб ўтганимдек, бошқа қувур йўллари учун жуда кам газ миқдори қолиши мумкин. Шуни эсдан чиқармангки, Ғарб ширкатлари фақатгина улкан миқдорда фойда олишга кўзлари етсагина бирон ишга қўл урадилар. Хуллас, агарда бу янги келишиб олинган қувур йўли вақтида ишга тушиб, кўрилган мақсадда ишлай бошласа, бошқа лойиҳаларнинг имкониятларини анчайин кесиб ташлайди. Ҳаттоки, улар учун бу ўлим жазоси билан тенг бўлиб чиқса, ҳайрон бўлмасдим. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||