|
Оврўполик экспертлар Тошкентга келган | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
2005 йил ноябр ойида Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан жазо чоралари киритганидан бери бу иккинчи бор экспертлар йирик гуруҳининг Тошкентга сафаридир. Гуруҳ аъзолари асосан полиция хизмати ва адлия тизими вакилларидан ташкил топган. Айни вақтда ҳайъатга Олмония раҳбарлиги остидаги Иттифоқнинг дипломатлари ҳам киритилганлар. Уларнинг асосий вазифаси 2005 йил май ойида Андижонда ва ўшандан бери ўтган вақт мобайнида нималар содир бўлгани хақида иложи борича кўпроқ маълумот олиш. Ана шу мақсадда Оврўпо Иттифоқи вакиллари Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Адлия вазирлиги расмийлари, шунингдек ҳуқуқшунослар ва хуқуқ тартибот органлари ходимлари билан учрашишлари режалаштирилган. Бундан ташқари улар Андижон ҳодисларидан сўнг қамоқ жазоларига ҳукм қилинганлар билан ҳам учрашишга умид қилмоқдалар. Ўтган йилнинг декабр ойида ҳам шу каби хайъат Ўзбекистонга сафар қилганди. Ундан сал аввал эса Оврўпо Иттифоқи мутахассислар даражасида Ўзбекистон билан ўзаро учрашувларни қайта бошлашга қарор берганди. Декабр ойида гуруҳ Андижон ҳодисаларидан сўнг қамалганларнинг баъзилари билан учрашган ва Андижонга сафар қилишга муваффақ бўлганди. Лекин афтидан Оврўпо Иттифоқи мутахассислари ўзларининг биринчи сафарлари натижаларидан қониқмаганлар ва яна бир бор Ўзбекистонга боришни талаб қилганлар ва айни ана шу асосда ҳозирги сафар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон учун Оврўпо ҳайъати қандай хулосага келиши мухим. Чунки май ойида жазо чораларининг кўриб чиқилиш муддати яқинлашмоқда. Жазо чораларининг келгуси тақдири айнан ўзбекистонда бўлиб қайтган гуруҳнинг хулосаларига боғлиқ бўлиши мумкин. Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон Оврўпо Иттифоқи билан алоқаларни қайта тиклаш истагида. Ҳозирда Олмония президентлиги остида бўлган Иттифоқ ҳам бу жараёнга туртки беришга қарши эмасдек. Асосий масала Андижондага ҳодисалар борасида бирон ёнбосишларга эришилиши ё эришилмаслигида. Шу вақтгача Иттифоқ Андижон ҳодисалари юзасидан халқаро текширув ўтказиш талабларини бекор қилмаслигини таъкидлаб келган. Агарда Ўзбекистон икки томонлама ва узоқ муддатли диалогда иштирок этиши, шунингдек инсон ҳуқуқлари вазияти йўналишида ҳамкорликка тайёр эканлигини намоён этса Оврўпо Иттифоқи халқаро текширув масаласида ён босишларга борадими йўқми, буниси аниқ эмас. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||